Главная » 2011 » Oktabr » 11 » Чосон истилоси
18:13:54
Чосон истилоси


1432 ҳижрий йил Зулқаъда ойида Вадим Абрам бошлиқ ўзбек лашкари Чосон (Шимолий Қурия) сари юриш уюштириб, ўн учинчи сананинг эрта тонгида  жанг бўлиб ўтадиган манзил яқинидаги музофотга эсон-омон етиб келишди.

Саркарда лашкарга бир оз ҳордиқ чиқариб олиш учун имкон берди. Бугун қуёш қоқ тиккага келиб, пурвиқор тоғлар ортига оғишни бошлаган бир пайтда, «Янг Гак До» аталмиш майдон сатҳида кўзи қисиқ қуриялик ёғийларга қарши аёвсиз жанг бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бугунги тўқнашувнинг қиймати жуда юқори. Уммон ортидаги Бразил деб аталмиш ўлкани фатҳ этиш йўлида бугун Чосонни истило қилиб, Ватанга музаффар ҳолда қайтмоқ лозим.

Саркарда Вадим Абрам жанг учун ўзига хос услублар ўйлаб топиб, рақибни доғда қолдириш учун туну кун тайёргарлик кўрганига шубҳа йўқ. Лашкар ҳам шунга яраша жанговар ҳолда тўқнашувга шай бўлиб турибди.

Қўшиннинг олд тарафида аййёрлиги-ю устомонлиги билан ном чиқарган Гейнрих рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга ҳаракат қилади. Ундан орқароқда моҳир жангчи Сервер бошчилиғидаги  Темур, Азиз, Одилбеклардан ташкил топган камончилар гуруҳи  ёғий аскарларини майдоннинг у тарафиға ўтказмаслик учун шай бўлиб туришади. Буронғордан Санжар, жувонғордан Жасур рақиб аскарларининг кўзини очирмай, Шайбонийхондан мерос қолмиш "тўлғама” услубида ҳужум уюштириб, қанотлардан рақиб ҳимоясини бузишға интиладилар. Ҳимоямиз қўрғонида Ислом, Виталий, Виктор номли матонатли аскарларимиз бутун «жанг» давомида «сўнгги томчи терлари» қолгунча юрт шаънини ҳимоя қилиб,  рақиб ҳужумларини бирма-бир қайтариб турадилар. "Қароргоҳ” йўлидаги сўнгги маррани Игнатдек маҳоратли посбонимиз қўриқлайди. Қўриқлаганда ҳам бутун жону жаҳонини тикиб қўриқлайди. Зеро унинг ортида бошқа ҳеч ким йўқ.

Лашкарбоши Вадим Абрам майдон ёқасидан туриб, жангни бошқариб туради.  Ватан учун, юрт шаъни учун майдонға чиқадиган лашкар ғалабаси учун юртда қолиб, бир тану бир жон бўлиб  дуога қўл очиб турган эл-улус ҳурмати бугун зафарга эришиш зарур. 

Олға ўзбек лашкари!

Манба:     http://uff.uz

Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 1678 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Чосон истилоси | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]