Главная » 2011 » Iyun » 29 » Иккинчи босқич сари
19:52:37
Иккинчи босқич сари

Ош! Футболчиларнинг Ўзбекистон билан боғлиқ соғинчи ҳам ана шу таом билан боғлиқ. Ошни ҳар куни қилишмайди. Ўзбекистоннинг фахри ҳисобланган ушбу таом ҳафтада бир ёки бирор-бир байрам туфайли тайёрланади. Палов агарда кўплашиб, дўстлар ёки ҳамскаблар билан, бундан ташқари қозон топилмайдиган мамлакатда тайёрланса, янада мазали. Баданингиз яйрайди.                      Чехия терма жамоасига қарши ўйиндаги ғалаба ва кейинги босқич йўлланмаси палов билан нишонланди. Ғалаба қўлга киритилган куннинг эртасига 6 кило ош дамланди. Торреондаги Ўзбекистон делегацияси таркибига келиб қўшилган Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси раиси Абдулла Ачилов ва жисмоний тайёргарликлар бўйича мураббий Муродбек Исмоиловлар Мексиканинг чўл зонаси ҳисобланган ўлкада ош дамлашди.                    ЧЕХИЯ БИЛАН ЎЙИН: БИРИНЧИ БЎЛИМ                                                                           Чехия терма жамоасига қарши ўйин олдидан бош мураббий Алексей Евстафеев йигитларга ҳамма гап бунгача айтиб бўлинганини, фақатгина майдонга тушиб футбол ўйнаш қолганлигини айтиб ўтган эди. Футболчилар майдонга чиқиб келишаётганида Торреондаги Ўзбекистон фан клуби уларни ҳайқириқлар билан кутиб олишди. Кўпчилик стадион тенг иккига бўлинади, Ўзбекистон ва Чехия Торреонда ишқибозлари энг кўп терма жамоалардир, деб айтганди. Аммо икки жамоа чиқиб келганда стадионнинг аксарият қисми байроқлар билан Ўзбекистонни қўллаб-қувватлар эди. Ўзбек тилидаги сўзлар билан. Уларнинг бақирув-чақирувлари биз ўтирган захира ўриндиғига шундоққина эшитилиб турарди. Ўнг томонимиздаги трибуналарда дўппиларни кийиб, юзларига Ўзбекистон байроғини чизиб олган бу самимий торреонликлар чипта сотиб олаётган вақтда жамоага ҳам қалбан, ҳам масофа нуқтаи-назаридан яқин бўлишни истагандилар.


Ўйин олдидан биз рамзий маънодаги меҳмон жамоа сифатида, Чехия терма жамоаси ўтирган захира ўриндиғига бориб, футболчилар ва мураббийлар билан қўл сиқишиб уларга омад тиладик. Алексей Евстафеев бош мураббийнинг олдига келганида ўзининг шахсий совғасини тақдим этиб, бу махсус унинг учун эканини айтиб ўтди. Чехия терма жамоаси бош мураббийи совға тайёрлаб қўймаганлиги учунми, ўзини ноқулай сезди, шекилли, "қарз қилиб қўйдингиз, мени”, деди. Ҳозиржавоб Евстафеев ҳам бўш келмади: "Қарзингдан қутулмоқчи бўлсанг, бер бизга 3 очкони!”

"Аббос!” Келинлар қўзғолони филмида Аббоснинг отаси хонтахтанинг устига қўлини муш қилиб уриб, овозининг борича шундай бақиради. Чехияга қарши ўйинда "Аббос”нинг ролини ҳаётда ҳам шу исм билан маълум Аббос Махсталиев ўйнади. Мураббийлар эса, ўша таниш филмдагидек "Аббос!” деб бақириб, футболчини ўзларига қаратишар ва унга майдондаги кейин ўйин учун кўрсатмалар беришарди.

Ҳис қилганимни айтаман. Бу ўйинда камина худди АҚШга қарши ўйиндагидек қон босимига сабаб бўладиган хавотир ва ҳаяжон билан ўтирмадим. Йигитларга бўлган ишонч кучли эди. Майли, чехлар пенальтидан ҳисобни очган бўлишса ҳам. Мен, мисоли осмонда қора булутни кўриб, ундан кейин ёмғир ёғиши мумкинлигини тахмин қилган инсон каби яхши ўйнаётган жамоамизнинг бу вазиятдан чиқиб кетишига ишонган эдим.

Кейин бир нарсага эътиборни қаратдим. Торреонга мослашиш жараёни анча яхши кечганга ўхшайди. Ўзим мисолимда демоқчиман. Аввалига, захира ўриндиғида роса сув ичардик. АҚШга қарши ўйинда узоғи билан ярим литр сув ичдим. Балки 18:00 да бошлангани учундир, Чехияга қарши учрашувда чанқаганим учун сув ичмадим. Хавфли вазиятлардагина бир нима билан чалғиш учун сув ичганимни эслай оламан.

Захира ўриндиғининг энг файзли томони шундаки, бу ерда ўтирганларнинг бари ҳар бир футболчининг у хато қиладими ёки тўғри ўйнайдими, қўллаб-қувватлайди. Хато бўлади, такрорланади ҳам. Шундай вазиятда тушкунликка тушиб қолган футболчини фақат танбеҳлар билан койисанг, у майдонда эркин ҳаракат қилолмайди. Футболчининг айбини айтмоқчи бўлса, аввал уни мақта, кўнглини кўтар ва кейинроқ, мана бундай қилсанг, янада яхши бўлади деб ўргатсанг, у шу ишни қилади. Айниқса, бу ишни, жамоанинг катта мураббийи Аҳмаджон Мусаев жуда яхши уддалайди. Унинг гапларини баъзан эшитган сари янги нарса ўрганасан.

Захира ўриндиғида ҳам мураббийлар футболчиларни бекордан бекорга койиб ташламадилар. Уларга эркин ўйнаш ҳуқуқини бердилар. Албатта, ўйин схемаси тузилган ва ўшанинг асосида ўйнаш керак, бироқ футболчини ҳар бир қилган ҳаракати учун "турткилайвериш” унинг кутилмаган ҳаракатлар билан дарвозага зарба йўллаб, гол бўлишига ҳалақит беради. Аҳмаджон Мусаевнинг гапига мурожаат қиламан. "Футболчи мураббийнинг гапини эшитиб ўша ишни қилаверади, аммо, баъзан ўзи эркин ҳаракат ҳам қилади. Мураббий пас бер деганда у кутилмаганда дарвозага зарба йўллайди ва қарабсизки, гол! Таркибда ана шундай футболчилар ҳам бўлиши керак”.

Аввалига, чехлар ҳисобни очганида ҳафсала пир бўлганди, аммо йигитлар кучли ирода кўрсатишди. Мураббийларнинг кўрсатмасига кўра, чап қанотда орқага қайтиши керак бўлган Азизбек Муротов кутилмаганда дарвоза томон ерлатиб зарба йўллади. Бир қарашда фойдаси йўқдек ҳаракатга ўхшаб кўринган бу зарбани икки ҳимоячининг орқасидан чиқиб келган Тимур Ҳакимов "тутиб олди” ва совуққонлик билан дарвозага йўллади. Кийиниш хонасига кириб кетишдан олдин урилган бу гол йигитларнинг руҳини кўтарди. Ҳакимов ҳам голни нишонлаш учун реклама тахталаридан сакраб ўтиб мухлислар томон югурди. Аслида сариқ карточка кўрсатилиши керак бўлган бу вазиятда ямайкалик ҳакам карточкасини тополмадими, индамай қўя қолди. Ҳакимов карточка олганидами, Австралияга қарши ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўларди. Чунки, унинг битта сариқ карточкаси бор. Дарвоқе, карточкаси борлар сафига шу куни, жамоанинг ҳимоячиси Жавлон Мирабдуллаев ҳам қўшилди. Буёғига "сарғайиб” кетмаслик керак.

ЧЕХИЯ БИЛАН ЎЙИН: 15 ДАҚИҚАЛИК ТАНАФФУС ВАҚТИ
Ўзбекистон ўсмирлари Ҳакимовнинг голидан кейин ҳисобни тенглаштириб, кийиниш хонасига ҳотиржам йўл олишди. Уларнинг кайфиятлари бироз кўтарилган, аммо буни кўрсатмасликка ҳаракат қилишарди. Алексей Евстафеев ҳам кийиниш хонасида футболчиларга қарата, 1:1 ҳеч нарсани англатмаслигини айтиб, гол уриш кераклиги ҳақида жуда кўп гапирарди.
"Йигитлар, гол уриш керак! 1:1 бу ўйин энди бошланди деганидир. Агар камида 2 та гол урмасак, биз ўйиндаги имкониятларимизни сақлаб қололмаймиз. Барчаси бекор кетади”, - дея таъкидлади Евстафеев.

Йигитлар бироз нафасларини ростлаб олишди. Мураббийлардан қўшимча кўрсатмалар олишди. Диққатларини бир ерга тўплаб, яхшилаб ўйлаб олдилар. Чиқиб кетишаётганида шахсан менга ҳам ўрнак бўладиган ўша машхур шиорни айтиб, майдонга йўл олишди: "Ота учун, она учун, ватан учун, дўст учун, ҳамма учун!”

ЧЕХИЯ БИЛАН ЎЙИН: 2 БЎЛИМ
Иккинчи бўлимда дарвозалар алмашади, буни биласиз. Биринчи бўлимда Азизбек Муротов ҳукмронлик қилган чап қанотдан уюштирилган ҳужумларни нисбатан яхшироқ кузатиш имкониятига эга бўлган бўлсак, иккинчи бўлимда, Холмурод Холмуродовнинг қаноти диққат марказимизда бўлди. Албатта, бу иккин вингер ўйин давомида рақибни чалғитиш учун ёки вазият тақозо этганлиги боис қанотларда алмашиб ўйнашади. Масалан, иккинчи голга ассистентлик қилган Давлатбек Ёрбеков Холмуродовнинг ўрнига майдонга тушган бўлсада, Муротовнинг қанотида ўйнади.

Иккинчи бўлим яна Ўзбекистон терма жамоасининг устунлиги ва ташаббуси остида ташкил этилган ҳужумлар билан бошланди. Бир вақтлар жисмоний тарбия ўқитувчимиз бизни қўллаб-қувватлаш учун гапирганидек, "голнинг ҳиди келаётганди”. Кутилган гол ниҳоят дарвозага киритилди. Бунда иккинчи бўлимда майдонга тушиб, чап қанотда жуда яхши ўйин кўрсатган Давлатбек Ёрбековнинг ҳиссаси катта бўлди. У чехиялик гавдали-гавдали ҳимоячиларни бирин-кетин алдаб, жарим майдончаси ичига камалак шаклида тўпни етказиб берди. Ҳимоячилар бурнининг тагидан ўтиб кетган пас, шундоққина жамоа сардори Аббосбек Махсталиевнинг оёғига келиб тушди. У эса, имкониятни йўққа чиқармади. Совуққонлик билан дарвозабонни доғда қолдирди.

Голни нишонлашга чоғланаркан, Махсталиев уни табриклашга яқинлашаётган жамоадошларига қўли билан "кейин-кейин” дегандек бўлди ва жароҳат олган Равшанжон Ҳайдаровнинг олдига югурди. Яқинлашиб келгач, Ҳайдаровнинг гипс қилинган оёғидан ушлаб, бу гол ватан учун синган оёқларинг учун деб, ғалаба тўпини «Ўзбек Эвра»сига (Бу ўринда Патрис Эвра назарда тутилган — Uff.uz) бағишлади. Шуларни кўриб, ёшликка қайтиб, футбол билан шуғулланиб, мана шу йигитларнинг орасида бўлиб қолгим келди…

Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоаси тўла устунликка эришди ва бунинг натижасида бутун стадионни ўзига ром этиб бўлган эди. Барча Ўзбекистонни қўллаб-қувватлар, хавфли вазиятларда гол бўлмаса афсусдан уa тортганликлари бемалол эшитилиб турарди.

Захира ўриндиғидагилар учун вақт жуда секин ўтарди. Устунлик биз томонда бўлишига қарамай, бир неча вазиятларда футболчилар голли вазиятларни йўққа чиқариб, мураббийлар штаби аъзоларининг асабларини синовдан ўтказишди. Айниқса, ўйиннинг сўнгги дақиқасида Ўзбекистон терма жамоаси дарвозаси томон йўлланган зарба ҳамманинг ҳавотирига сабаб бўлди. Ўйин давомида шунча қулай вазиятларга эга бўлиб, якунда ғалабани қўлдан бой бериш жуда-жуда ачинарли хол бўларди.

Ҳимоячиларга қийин бўлди. Биринчидан, ўнг қанот ҳимоячиси Равшанжон Ҳайдаров жароҳат олиб сафдан чиққан. Шунга қарамай, Ҳайдаров жароҳат олган футболчи сифатида ўйин қайдномасига киритилган ва мазкур футболчи ўйин давомида захира ўриндиғида учрашувни бевосита кузатиб борди.
"Ҳужумчиларимизда бир нечта вазият бўлди, улар ўша вазиятларнинг бирида гол уришганида маза қилиб, чўчимасдан ўйнардик”, - дейди Асилжон Мансуров. "Сўнгги дақиқаларгача ҳадик билан ўйнашга мажбур бўлдик, чунки 2:1 ҳисоби жудаям хавфли натижа”.

"Ҳимояда бугун жуда қаттиқ ўйин бўлди”, - дейди Сардор Раҳмонов. "Пенальти менинг тўпни қўлим билан ўйнаганим туфайли белгиланди. Ана шу айбимни ювиш учун ўйин давомида тинмай уёқдан-буёққа югурдим. Жуда чарчаганлигимни энди сезаяпман”, - дейди Раҳмонов эртасига.
Учрашув тугаб бораркан, орзуларнинг амалга ошаётганини тобора ҳис қила бошладим. Гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқаётганимизни ҳам билардим. Захира ўриндиғи орқасидаги трибунада ўтирган Кристофер Поллет, бизнинг жамоамиздаги "янги ўзбек”, АҚШ – Янги Зеландия учрашувида ҳисоб очилмаётганини етказиб турганди. Ўзбекистон футболидаги янги тарих саҳифалари очилаётганини гувоҳи бўлаётгандим.

ЧЕХИЯ-ЎЗБЕКИСТОН 1-2. ЎЙИНДАН СЎНГ…
Майдонда нима бўлганbни, аввал веб-саҳифада чоп этилган видеолавҳамизда ўзингиз кўриб, бўлиб ўтган воқеаларга гувоҳ бўлдингиз. Бутун стадион Ўзбекистонни қўллаб-қувватларди. Футболчилар Ўзбекистон байроғини елкаларига осган ҳолда турли ҳил ёшдаги футбол ишқибозларининг олдига бориб бундай қўллаб-қувватлаш учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилиб, улар майдонда, ишқибозлар трибуналарда ўзбекча рақсга тушдилар.

Торреоннинг эрка болакайига айланиб қолган Тимур Ҳакимовни эса, ёш қизлар ва футбол ишқибозлари ҳадеганда қўйиб юбормасдилар. У билан суратга тушадиганлар минглаб топиларди, аммо ФИФА хавфсизлик офицери бизни майдондан тезроқ чиқиб кетишимизга ундарди.
Кийиниш хонасида эса, "Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон” номли машхур хонанданинг қўшиғи баралла куйланарди. Бош мураббий Алексей Евтафеев ҳам болаларга миннатдорчилик билдириб, "отангизга, онангизга раҳмат” деб айтди. Шу сатрларни ўқиётган футболчиларимизнинг ота-оналари! Айтингчи, ота-она учун шундан ҳам ёқимлироқ сўз бормикан?

ЧЕХИЯ-ЎЗБЕКИСТОН. ЎЙИНДАН БИР КУН КЕЙИН
Чехияга қарши тарихий ғалабадан сўнг, футболчиларга 1 кун дам олиш куни берилди. Улар истаган вақтларида ухладилар, дам олдилар ёки кино кўрдилар. Ҳоҳлаган вақтларида эса, жамоадошларининг хоналарига кириб ўзаро суҳбат қурдилар. Улар тушликкача вақтни чоғ ўтказгунча терма жамоа делегация ва мураббийлар штаби футболчиларга палов тайёрлаб бердилар. Мексикада қозон, капкир, сариқ сабзи, қўй гўшти қаёқда дейсиз. Мексикалик Кристофер Поллет дунёда сариқ сабзи борлигини ҳам билмас экан. Начора, бор ресурслардан фойдаландик.

Сабзи арчилди. Тўграш бошланди. Аввалига, Асқар Толибжонов, Муродбек Исмоилов ва Рустам Меҳмоновлар ошнинг асосий масаллиғи бўлган сабзини ўзлари тўғрашди. Сал кейин, меҳмонхона ошпази ҳам тўғрашни бошлади. Аввалига йирик тўғраган бўлсада, "бир қулоғи тортилгандан” ҳар қандай тўйни гуллатадиган қилиб тўғрашни бошлади. Биз эса маза қилиб томоша қилдик. Таомни Абдулла Ачилов ҳамда Муродбек Исмоиловлар тайёрлашди. Ҳудди машхур телеканалдаги ош мусобақасига ўхшаб. Бир қозонда бошқа ошпаз, иккинчисида эса бошқаси. Жами 6 килограм ош дамланди.

Қозон очилганда мен ҳам маҳалламга бориб келгандек бўлдим. Камига ўзбекча шакароб, маҳаллий тилда "аччиқ-чучук” салати ҳам тайёрланди. Футболчилар тўйиб-тўйиб овқатланишди. Ош кўп, уни еганга раҳмат деб, Мексикада бизни оғиримизни енгил, мушкулимизни осон қилган дўстларимизга ҳам ош едирдик. Шу тариқа ўзбек маданияти Мексикага «экспорт қилинди».
Куннинг иккинчи ярмида футболчилар Торреон марказидаги Галериас кўнгилочар марказига бориб айланишди. Кимдир ўзига бутса, яна кимдир эса майка ва футболка, совға-саломлар харид қилди. Бироз, футболни эсдан чиқариб, одатий ҳаётга қайтгандек бўлишди. Сайрдан қайтиб футболчилар, таом тановвул қилиб, навбатдаги кунга тайёргарлик кўришди.

 АВСТРАЛИЯГА ҚАРШИ ЎЙИН ОЛДИДАН…
Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финалдаги рақибини узоқ кутди. Алексей Евстафеев жамоасига Кот-Д‘Ивуар, Австралия ва Дания терма жамоалари рақиблик қилиши мумкин эди. Барча масала, Пачукада бўлиб ўтган Австралия-Дания учрашувида ҳал бўлиши керак эди.

Таомланиш учун 8-қаватдан 2-қаватга тушар эканман, телевизордаги стадионнинг панорама кўринишидаги видеосига кўзим тушди. Негадир, стадион бўм-бўш, тинмай ёмғир ёғарди. Шарҳловчининг испан тилидаги гапини ўз вақтида хонага кириб келган Кристофер Поллет таржима қилиб берди. Ўйин кучли ёмғир туфайли тўхтатилди ва жамоаларнинг ўйини бир кунга кечиктирилди.

Куннинг эртасига Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам томоша қилган ўйинда Дания ғалабани бой берди ва Австралия терма жамоаси Ўзбекистонга рақиблик қиладиган бўлди. Мазкур учрашувдан сўнг, Австралия Торреонга режадагидан 1 кун кейин етиб келди. Австралия Футбол Федерацияси юзага келган вазиятни рўкач қилиб, ФИФАга ўйиннинг бир кун кечиктиришга, яъни 30 июнга кўчирилишини сўраб мурожаат қилди. ФИФА бу борада Ўзбекистоннинг позициясини сўради. Ўзбекистон Австралияни тўғри тушунди, аммо бу ҳам футболнинг бир қисми. Ўзбекистон ўйиннинг маълум бир муддатга кечиктирилишига рози бўлди. Бош мураббий Алексей Евстафеев: "Биз розимиз, фақат ўйиннинг 3 соат кечиктирилишига, яъни 29 июн куни 15:00 да эмас, балки 18:00 да!” Сал ўтиб, ФИФА ўйин вақти ўзгармаганлиги ҳақидаги расмий мактубни юборди. Учрашув 29 июн куни, терма жамоанинг 9-рақамли вингери Холмурод Холмуродовнинг туғилган кунида майдонга тушади. Австралияга қарши ўйинга тайёргарлик режадагидек кечди. Футболчилар мураббийларнинг кўрсатмалари асосида қоқ тушлик вақтида иқлимнинг иссиқликлари бардош бериш учун тер тўкиб машқлар қилишди.

Таъкидлаш керакки, Австралияга қарши учрашув Жаҳон чемпионатининг Торреондаги сўнгги ўйини ҳисобланади. Ўзбекистон терма жамоаси, Худо хоҳласа, ғалаба қозонадиган бўлса, Торреондан автобусда 4 соатлик йўл нарида жойлашган Монтеррейга йўл олади. У ерда Евстафеев жамоаси Конго-Уругвай жуфтлиги ғолиби билан беллашиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси, Австралияни ютган тақдиримизда, худди буни Тошкентда уддалаганимиз каби...

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

«Кровне Плаза» меҳмохонасининг автомобиллар тўхташ жойида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган «Sark» автомобилини кўриб, юрагим жизиллаб кетди. Тошкентда бу автомобил ҳаётнинг бир қисми сифатида эътиборни у қадар тортмасада, бу ерда у менга қадрдонимдек кўринди. Ёнига бордим, секин. Бизнинг жамоага бириктириб қўйилган ва Ўзбекистонда тобора ном қозонаётган Кристофер Поллетга фотоаппаратни тутқаздим. "Ол расмга, Крис!” дедим. У менга қараб, "бундан ҳам чиройли машиналар бор, ўшани олдида тушмайсанми расмга” деб сўради. Мен эса, жавоб бердим: "Қолган машиналаринг чет эллик, бу автомобил эса – ўзбек!”.


Санжарбек РИЗАЕВ
ЎФФ МАТБУОТ КОТИБИ
ТОРРЕОН, МЕКСИКА

Манба: www.the-uff.com  

Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 1667 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Иккинчи босқич сари | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]