Главная » 2011 » Iyul » 1 » Хайр Торреон, салом Монтеррей!
19:25:27
Хайр Торреон, салом Монтеррей!

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг бугунги куни Мексиканинг икки шаҳрида ўтди. Қуёшни иссиқ Торреонда кутиб олган Жаҳон чемпионати чорак финалчилари кунни Мексиканинг энг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланган Монтеррейда якунлашди.

Торреондаги Crowne Plaza Holiday Inn меҳмонхонасида эрталабки нонуштани тановвул қилган футболчилар ўз буюмларини йиғиштириб, Монтеррей сафарига тайёргарлик кўрдилар. Кимдир тайёргарликни кеча кечқурун қилиб қўйган бўлса, яна кимдир Торреондан кетгиси келмади, шекилли, бугун эрталаб нарсаларини йиғиштирди. Камина ҳам ана шу иккинчи тоифадагиларга кираман. Монтеррей қанақа шаҳар экан деган ҳис-туйғу ичимда бўлса-да, мусофирликнинг 20 куни ўтган Торреондан ҳечам кетгим келмади.

Бу шаҳарни биз ҳали жуда кўп эслаймиз. Ажойиб хотиралар ва соғинч билан ёдга оламиз. Зеро, мана шу шаҳарда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жаҳон чемпионати баҳсларини муваффақиятли ўтказиб, дунёнинг энг кучли 8 та жамоаси сафига кирди. Ўзбекистон мамлакатини билиш тугул, уни ўз тилида талаффуз қила олмайдиган мексикаликлар "Ўз-бе-кис-тон” деб стадион узра қўшиқ куйлайдиган даражада ўзбекистонликларни севиб қолди.

Торреон аеропортига 10:30да келдик. ФИФА бизнинг жамоа учун миттигина самолёт ва чартер рейсини тайёрлаб қўйганди. 11:00да учадиган самолёт бор-йўғи 40 дақиқа ўтиб Монтеррейга қўнди. Шаҳарда ҳаво булут, ёмғир томчиларди. Ёмғирни соғинган Торреондан ёмғирдан безган Монтеррейга келиб, Мексикада ҳам яшил дарахтлар ўсишининг гувоҳи бўлишди йигитлар. Чунки, терма жамоа Мексикада фақат Торреонда истиқомат қилди ва бу шаҳар Мексиканинг чўл зонасидир.

Монтеррей аеропорти шаҳар ташқарисида жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг катта аэропортларидан бири ҳисобланади. Аеропортда бизнинг делегацияни маҳаллий ташкилий қўмита аъзолари кутиб олишди.

Шаҳар марказида жойлашган Президент Интерконтинентал меҳмонхонасининг 6-қаватига жойлашдик. Ҳали томчилаётган ёмғир кучайгандан кучайди. Қуёшдан дарак йўқ. Меҳмонхона деразаларига урилиб ёғаётган ёмғир кечгача тўхтамади.

Торреонга қиёсласак, Монтеррей пойтахт шаҳарларга ўхшаб кетадиган замонавий кўринишга эга. Торреонда энг баланд бино бизнинг автобус бўлган бўлса, Монтеррейда яшил дарахтлар, манзарали жойлар ва гуркираб кўкариб турган палмалар ва баланд бинолар кўзни яшнатади. Шунга қарамай, Торреонни соғинишга улгурди инсон. Тез орада у ердан фан-клуб аъзолари Монтеррейга етиб келишади. Уларга Ўзбекистон терма жамоаси раҳбарияти ФИФА тақдим этган чипталарни улашади.

Монтеррейдаги меҳмонхонага жойлашган футболчилар тушлик қилиб, ўз хоналарига жойлашдилар ва бироз дам олишди. 17:00да сув ҳавзасида тикланиш машқлари бажарилиб, тренажёр залида жисмоний тайёргарликлар бўйича мураббий Муродбек Исмоилов ҳамда катта мураббий Аҳмаджон Мусаев захирада ўтирган футболчилар билан алоҳида ишлади.

Австралияга қарши ўйинда майдонни эрта тарк этган Бобур Давлатовнинг соғлиғи жойида. У оёғида деярли оғриқ сезмаяпти. Жамоа шифокори Рустам Меҳмоновнинг сўзларига кўра, оёқнинг айрим мушаклари лат еган ва футболчи Уругвайга қарши ўйингача сафга қайтиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, оёғи бироз қайрилиб кетган Аббос Махсталиевнинг ҳам саломатлиги яхши. Эртага жамоа сардори худди бугун бўлгани каби машғулотларда тўла иштирок этади.

Бу орада Уругвай терма жамоаси ҳам Монтеррейга етиб келди. Мен билан саломлашган жамоа таржимони Ўзбекистон терма жамоасини ғалабалар билан табриклаб, жамоани турнирда Япония каби чиройли ўйин кўрсатаётган кам сонли терма жамоалардан бири дея эътироф этди.

Эртага 1 июль куни терма жамоа аъзолари эрталаб яна сув ҳавзаси ва тренажёр залида шуғулланишса, тушликдан сўнг, ФИФА машғулотлар майдонида Уругвайга қарши ўйин олдидан биринчи машғулотлар бошланади.

2 июль куни эса, ФИФА делегацияси истиқомат қилаётган Камино Реаль Монтеррей меҳмонхонасида икки терма жамоа иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади. Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Монтеррейдаги стадионда ўйин-олди расмий машғулотларини ўтказиб, матбуот-конференциясида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Турнир сеткасига кўра, чорак финалда Уругвай термаси рамзий маънода майдон эгаси сифатида ўйнайди. Ўзбекистон мазкур ўйинни иккинчи либоси ҳисобланган кўк рангли либосда ўтказиши кутилмоқда.

Санжарбек РИЗАЕВ
ЎФФ матбуот котиби
Монтеррей, Мексика
Манба: www.uff.uz  

Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 1817 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Хайр Торреон, салом Монтеррей! | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]