Главная » 2011 » Iyun » 28 » Ғолиблар!
23:28:10
Ғолиблар!

Кичик ёшдаги терма жамоаларимиз муваффақият қозонганда, ёзадиган одатий гапларимиз бор. Масалан, нега шу ёшларимиз катта бўлишса кучсизланиб қолишади? Ёки миллий чемпионатимизнинг савияси паст, шунинг учун болаларимизни асрай олмаяпмиз. Хм.. Яна нимайди? Хуллас шунақа гаплар. Лекин мен бугун бу ҳақида ёзиш ниятида эмасман. Зерикдим. Эътиборимни бошқа бир вазият тортди. Йўқ, мадҳияни баралла айтишгани эмас. Нима бўпти? Ёдлаб олса бўлади. Йўқ, футболчиларимиз учун қандайдир бегона туюлган иродали ғалабанинг қаердан келгани ҳақида, бошқалар гапирсин.                                                                                         Ғарбнинг мафкураси қандай ғоя асосига қурилган, биласизми? Қаҳрамонлик! Голливуд фильмларини кўринг. Қаҳрамон қаршисида пайдо бўлган қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтади ва маррага етиб келади. Китобларини ўқинг. Камбағаллар кварталида туғилиб, туфли тозалаб, майда-чуйда сотиб катта бўлган етимнинг ишбилармон миллиардерга айланиб қолиши хикояси. Эсладингиз-а? Инсон тақдири фақат ва фақат ўзигагина боғлиқ экани ҳақидаги сафсатани исботловчи юзта воқеа! Манави ва анови ишларни кўрсатилгандек амалга оширасиз ва сиз ғолибсиз! Лекин атрофда буни амалга ошира олмаган миллионлаб омадсиз ҳақида лом мим йўқ. Омадсизми улар?                                                                                                                                 Бир неча йил олдин АҚШ да югуриш бўйича мусобақа ўтказилди. Қандайдир хайрия тадбири эди. Турли мамлакатлардан ташриф буюрган ўн икки хаваскор яқин масофага пойгада иштирок этдилар. Масофанинг ярмига келганда, пойгачилардан бири кутилмаганда қоқилиб тушади. Қаттиқ йиқилади. Эхтиётсизликдир сабаби. Хуллас омадсизлик. Пойга давом этяпти ахир. Қолган ўн бир қатнашчи ҳам бор-ку, тўғрими? Аммо сафнинг энг олдида бораётган бир қиз ортга қайтади, йиқилган йигитни қўлидан тутади. Турғазишга ҳаракат қилади. 



Томошабин хайрон. Йигит оёғини ерга боса олмасди. Икки қадам қўйиб, яна ўтириб олади. Кейинги иштирокчи ҳам келиб, йигитнинг елкасидан тутади. Учинчиси олдинга етаклай бошлайди. Томошабин хайрон. Нима бўляпти? Қаҳрамонлик ғояси қаерда қолди?


Ўн бир иштирокчи шикастланган ўн иккинчи шеригини (шерикмиди улар?) етаклаганча, манзил томон кетаётганди. Кимнинг ғолиб бўлиши ҳақидаги асосий савол ўртадан кўтарилди. Ҳар йили янгиланадиган турнир рекорди бу сафар собит қолиши ҳақида ҳеч ким ўйламасди. Уларни манзилдан қандайдир масофа ва вақт ажраб турарди холос. Шуниси аниқки, ўша вақт албатта ўтади, пойгачилар манзилга етиб келадилар. Биргаликда! Ҳаммаси! Томошабинга қизиқми? Қизиқ экан! Негадир деярли ҳамма ўрнидан туриб олган, гуруҳнинг манзилга етиб олишини кутишарди. Аслида нима мақсадда йиғилганлари, аммо бутунлай бошқа манзаранинг гувоҳи бўлаётганликлари энди уларни мутлақо қизиқтирмас, жараённинг ўзи барчага завқ бағишларди! 


Ёшлар бир амаллаб манзилга етиб келишди. Ҳеч ким секундомерга қарамади. Ҳеч ким қаҳрамон бўлмади. Омадсиз йўқ! Мағлуб йўқ! Қаҳрамон йўқ! Лекин барча тўхтовсиз уларни олқишларди. Ғолиблар! Ўша куни мана шу атама урфга кирди. Бутун умри давомида ўша қаҳрамонлик мафкураси таъсирида улғайган инсон ўзини ўзи кашф қилди. Аслида инсонга нима кераклигини тўлиқ англаб етди. Рақобат деганда ривожланишнинг олий тафаккурини тушунадиган халқ ана энди, муваффақият калити аслида бутунлай бошқа ғорда яширинганини тушунди. 


Кеча Аббос жуда чиройли гол киритди. Муҳим гол. Бу гол унда жуда катта эмоцияни уйғотганлиги аниқ. Лекин у чалғимади. Голни нишонлаш учун югура бошлади. Йўқ. Мухлислар томонга бормади. Шерикларидан кимдир уни қучоқлаш учун йўлини кесди. Қоч деган ишорани қилган Аббос захира ўриндиғи томон йўналишини давом эттирди. Евстафеев! Адашибман. Балки хаяжонлангандирман. Лекин Аббос хаяжонни жиловлаганди. Ие, кимдир турди ўрнидан. Кечаги турда жароҳат олиб, оёғини гипс қилдирган, айтишларича, ўн хафтага сафдан чиққан Равшанку! Бир оёқда сакраб-сакраб у ҳам Аббосга пешвоз чиқа бошлади. Сардоримиз ўзининг балки бугунгача киритган энг муҳим голини бирга нишонлаш учун Равшанни танлаганди. Йиғлаб юбормадингизми? Нега бизни доим Абидаллар йиғлатиши керак? 


Саломат бўлинг! 
Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 1585 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Ғолиблар! | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]