Главная » 2011 » May » 31 » Хориждаги футболимиз
21:58:50
Хориждаги футболимиз


Иш давомида алоқаларимизни кенгайтириб бордик ва хориждаги ватандошларимиз билан ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олмоқдамиз. Хусусан, Москва шаҳрида фаолият олиб борётган ҳамюртимиз Темурмалик Тожиддинзода Uff.uz сайти билан ҳамкорлик қилишга бажонидил розилик берди ва бунинг учун ундан жуда ҳам миннатдормиз.

Қуйида, Темурмалик Тожиддинзода томонидан Uff.uz сайти мухлислари учун тайёрлаган илк эксклюзив суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Украина терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини муддати яқинлашиб келар экан, ўз-ўзидан сабримиз тўлиб бораверади. Айниқса, хорижда, Ватандан узоқда бўлганларга қийин бўларкан. Албатта бундай вақтларда ўзбек футболи ҳақида суҳбатлашадиган инсонни қидириб қоласан. Аммо, уни қаердан топиш мумкин?

Табиийки, футболимиз ҳақида хорижлик инсонларнинг фикрларини билиш ҳамма учун қизиқ. Шу сабабли, ён-атрофда футболга қизиққан инсонларни аҳён-аҳёнда суҳбатга тортиб тураман. Уни қаранг, омад келса ҳеч гап эмас экан. Суҳбатлардан бирида, Россиянинг Биробиджан шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган "Жемчужина ЕАО" ҳаваскорлар клубида тўп сурадиган Сояшний Дмитрий исмли футболчи билан танишиб қолдим. Ўша йигитнинг футболимиз ҳақида унча-мунча билимга эга эканини айтмайсизми... Суҳбатни сизга ҳам илинишга қарор қилдим.

Сояшний Дмитрий, футболчи
— Дмитрий, терма жамоамиз ҳақида қандай маълумотга эгасиз?
— Бизда, Россияда Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида маълумот жуда кам. Ватанингиз футболи ҳақида фақатгина у қайд этган натижалар орқали тасаввурга эга бўлишимиз мумкин. Шахсан ўзим Россия биринчилигида иштирок этаётган бир нечта футболчиларингизни биламан. Жумладан Санжар Турсунов ҳақида илиқ гапларни айтишим мумкин. Бу йигит "Волга” таркибида муваффақиятли ўйин кўрсатмоқда. Ундан ташқари яқинда "Анжи” таркибига келиб қўшилган Одил Аҳмедов ҳам бор.

Афсуски, бу футболчиларнинг ўйинларини ҳар доим ҳам жиддий кузата олмаганман. Шу сабабли, улар ҳақидаги тасаввурларимни юзакироқ деб аташ мумкиндир, балки. Ҳар ҳолда улар премьер лигада энди ўйнай бошладилар.

Аммо, Марат Бикмаевни яхши биламан. Нальчикнинг "Спартак” клубида ўйнаган вақтлари анча таниш. Ўз ишини яхши биладиган футболчи. Ярим ҳимоячига ҳос бўлган тарзда барқарор ўйин намойиш қилади. Ҳеч қандай ортиқча нарса ўйлаб топмайди ва ўз ишини аниқ-тиниқ бажаради.

Худди шу гапларни Вагиз Галиуллин ҳақида ҳам айтишим мумкин. Бироқ, "Рубин”дан кетгач, унинг изини йўқотиб қўйганман.

Бу футболчиларнинг ўйинларига қараб туриб, терма жамоангиз иқтидорларга бой, яхшигина салоҳиятга эга эканини айтиш мумкин. Бироқ, таркибда ёш футболчиларнинг кўп экани ва бу ҳолат барқарор футбол намойиш этиш учун ҳалал беришини ҳам инкор этиб бўлмайди.

— Украина терма жамоасига қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашуви ҳақида қандай фикрдасиз?
— Айнан мана шу учрашувда кўп нарса сизга эмас, балки Украина терма жамоасига боғлиқ бўлади, деб ўйлайман. Ахир улар 2012 йили бўлиб ўтадиган Европа чемпионатини қабул қилишга тайёрланмоқдалар ва Ўзбекистонга қарши ўтказиладиган ўйинда бор кучларини намойиш этишга интиладилар. Шу сабабли ҳам, ташаббусни тўлиқ ўз қўлларига олиб, савияларини намойиш этишга уринишлари аниқ. Украина терма жамоаси футболчилари майдонга кўзлари ёниб тушадилар. Ўз майдонларида ўтадиган учрашувда ғалаба уларга кўпроқ керак бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, натижа ҳам уларнинг фойдасига бўлишини таҳмин қилмоқдаман.

— Дарвоқе, Шевченко ҳам ўйнаши кутилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, ундан қандай хавф туғилиши мумкин?
— Кўпчилик бу футболчининг энг яхши даврлари ортда қолган, деб ўйлайди. Албатта унинг "Милан”да ўйнаган, кўплаб совринлар ютиб олган даврлари ўтиб кетди. Бу ўринда улар ҳақ бўлиб чиқишлари аниқ. Бироқ!

Бу инсон Киевнинг "Динамо” клуби таркибида ҳам, Украина терма жамоаси таркибида ҳам шунчаки футболчи бўлиб қолмайди, балки обрўли, обрўли бўлганда ҳам жуда обрўли бир шахсдир. Шевченко ҳар қандай вазиятда ҳам тўп билан қандай муомала қилиш, ўйиннинг боришини назорат қилишни ўрнига қўя олади. Тўғри, унинг аввалги тезлиги йўқ, лекин ақлли боши ҳамон аввалги салоҳиятини йўқотмаган, балки янада бойиган десак тўғри бўлади. Шевченко жамоасига жуда катта фойда келтира олади, футболчиларни ўз атрофида жипслаштириб, руҳлантира олади. Бу йигитга терма жамоада ҳам, клубида ҳам чин маънода жуда ишонадилар ва ундан кўп нарсаларни кутадилар. Шу сабабли ҳам, унинг ақлли қарорларидан ҳар қанча ҳайиқса арзийди. Агарда ўзи гол урса ҳам мутлақо ажабланмаган бўлардим.

Темурмалик ТОЖИДДИНЗОДА
Москва

Манба: www.uff.uz  
Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 927 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Хориждаги футболимиз | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]