Главная » 2011 » Aprel » 3 » Абрамов ОТЖ бош мураббийи! Нима бўпти?!
21:23:44
Абрамов ОТЖ бош мураббийи! Нима бўпти?!

Ўтган ҳафта ЎФФ мажлислар залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов бундан буён олимпия терма жамоаси натижаларига ҳам Вадим Абрамов жавоб беришини айтиб ўтди. Яъни бундан буён терма жамоани Абрамов кўрсатмалари билан икки нафар мураббийлар Тоҳир Кападзе ва Марат Мифтахуддиновлар бошқариб боришади. Асосий кўрсатмаларни Абрамов беради. Натижага ҳам айнан Абрамов жавоб беради. Савол туғилади. Абрамовнинг ҳам олимпия терма жамоаси, ҳам миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиши қай даражада тўғри қарор? Бу қай даражада мева беради? Бугунги мунозарамизда ўртага ташланган мавзу ҳам худди шу савол юзасидан бўлади.

"ҚЎШИЛАМАН" - Азамат Муродов

Шахсан мен бу хабарни оддий қабул қилдим. Нима бўпти, Абрамов олимпия терма жамоасига бош мураббий бўлса?

Биринчидан. Олимпия терма жамоаси бу ёш тоифаларига бўлинган энг сўнгги терма жамоа. Агар Осиё Ўйинларида иштирок этиш учун борадиган 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат «вақтинчалик» терма жамоани эсга олсангиз, мен уларни алоҳида терма жамоа демаган бўлардим. Чунки маълум мусобақа учун фақатгина ўша пайтда ёши тўғри келган футболчилар таркибга жалб қилинади. 2006 йилги Доҳадаги Осиё Ўйинларини эсланг. 2010 йилги Гуанжоудаги мусобақаларга эса ЎФФ айнан олимпия терма жамоасини жўнатди. Яъни ўша вазиятда тузилган терма жамодан кўра, кейинчалик ҳам бир жамоа сифатида маълум мусобақада иштирок этадиган яхлит жамоа мусобақага юборилди. Натижа қандай бўлишидан қатъий назар, бу олимпиячиларнинг тайёргарлик босқичининг энг муҳим қисми бўлди дейиш мумкин. Чалғиб кетдим. Ўзи олимпия терма жамоасидан бошқа ёш чегараси (ёши катта) бўлган терма йўқлигини тушунтираётгандимми? Хуллас, ўша олимпия терма жамоаси миллий терма жамоада тўп суриш учун энг сўнгги довон саналади. Айнан олимпия терма жамоаси миллий терма жамоа учун асосий база вазифасини ўтаб беради. Хўш, ўша базадан терма жамоа учун кўприк вазифасини бажариб бериш керак бўлган мураббий битта бўлса, буни нимаси ёмон? 

Иккинчидан. Улгурмайди! Шунақа демоқчисиз, тўғрими? Нимага улгурмайди? Ёки биз Абрамов улгурмайдиган даражада асосий терма жамоа билан йиғинларни қаторлаштириб ташлаяпмизми? Бемалол улгурса бўлади. Қайтанга энг қулай йўли ҳам шу бўлади. Абрамов асосий терма жамоадан бўш пайтларида олимпиячиларимиз ўйинини кузатиши мумкин, лекин уларнинг ичида юриб, уларга бош бўлиб терма жамоага номзод футболчиларни саралаб олиши, менимча кўпроқ фойда берса керак. Агар терма жамоа билан йиғинлар ташкил қилинадиган бўлса, кўрсатмалар бериб бемалол икки нафар ёрдамчисига жамоани топшириб кетиши мумкин. Япония олимпия терма жамоасига қарши биринчи ўйинда ҳам Абрамов Тошкентда эмасди. Лекин ўйинда унинг «қўли» сезилиб турди ва айтиш мумкинки, ўша кунги терма жамоа ўзининг оптимал таркибига эга бўлмаса-да, мазмунли ўйини билан Гуанжоудаги жамоадан яққол ажралиб турди. Мен натижа эътибори билан айтмаяпман бу гапларни. Ўйин борасида ҳам жамоанинг кўрсатган футболида яхшигина ўзгариш борлигини кўриш мумкин эди.

Учинчидан. Олимпия терма жамоасининг асосий мақсади нима? Олимпиадага чиқиш. Кейин-чи? Ўша мусобақада иштирок этиш ва бу орқали тажриба тўплаш. Қачонгача тажриба тўплаймиз? Бугунги олимпия терма жамоаси ёшлар терма жамоаси сифатида Мисрда ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтди. Бир қарашда улар тажриба тўплаб келиши керак, ҳеч бўлмаганда. Тўғрими? Хўш, тажриба тўпланган бўлса, бу тажриба қаерда қўл келди? Қайси жойда ЖЧда қатнашган «тажрибалилар» ёрдам берди? Ўша мусобақадан кейин қайси бир футболчи ўсишга эришди? Кашф қилинди? Саволлар кўп. Лекин жавобга келганда ўйланиб қоласан киши. Шундай экан олимпия терма жамоамизнинг Лондон йўлланмасини қўлга киритиши ва унда иштирок этиш учун алоҳида терма жамоадан холи равишда тайёргарлик олиб бориш бизга нима беради? Ўша мусобақа терма жамоанинг маълум манфаатларини (барчасини демаяпман) қурбон қилиш учун арзийдими? Бизга нима муҳим — Жаҳон чемпионатими ёки Олимпиада?

Мен бу билан Олимпиадага чиқмаслик керак, деган фикрдан йироқман. Бу мусобақада иштирок этиш имконияти бўлса, уни қўлдан чиқармаслик керак, албатта, фақат бу миллий терма жамоанинг манфаатларига зид келмаслиги лозим. Абрамовнинг иккала терма жамоага ҳам бошчилик қилаётгани бу борада мувозанатни сақлаб туришга хизмат қилади. Олимпия терма жамоамиз Олимпиадага ҳам борсин, бунинг натижаси ўлароқ ЖЧга ҳам борайлик. Агар олимпиада йўлланмаси қўлга киритилмаса қайғуришга ҳожат йўқ. Ўша терма жамоада миллий терма жамоа учун номзод футболчи чиқмаса шундагина қайғурса бўлади.

Тўртинчидан. Бундай усул жаҳон тажрибасида ҳам кўришимиз мумкин. Ёрқин мисол — Германия терма жамоаси. Бош мураббийи Йоахим Лёв асосий терма жамоа фаолиятидан ташқари бошқа терма жамоаларни ҳам назорат остида ушлаб туради. Ҳар бир ёшдаги терма жамоанинг бош мураббийлари бор, бироқ уларнинг аксари, яъни ёши терма жамоа учун етиб қолган терма жамоа футболчилари ўз натижалари ҳақида Йоахим Лёвга ҳисобот топширади. Лёвнинг кўрсатмалари остида термани шакллантиради. Денис Аого, Тони Кроос каби футболчилар айнан шундай тажриба «мева»лари саналишади. «Чемпион» газетасининг аввалги сонларида айнан Лёв билан суҳбат чоп этилган ва унда Лёв бу борада ҳам гапириб ўтганди. Лёв бошқа терма жамоаларни назорат қилиш учун ҳаттоки, Германия футбол иттифоқига талаб ҳам қўйган ва агар ёшлар ва олимпия терма жамоасининг назоратини унга топширишмаса ишдан кетишини таъкидлаганди. Хўш, Германиянинг бугунги натижалари қониқарсизми? Ёки терма жамоа учун футболчи етиштириб берадиган чемпионати йўқмиди? Шу даражадаги футбол инфратузилмасига эга бўлиб турган терма жамоа бош мураббийи терма жамоалар ўртасидаги занжирни бир ўзи ушлаб турганда бизни бу борада ўйланишимиздан не наф? Жаҳон чемпионатига чиқайлик, бўлди. Бошқа яна қандай муҳим вазифамиз бўлиши керак? Жаҳон чемпионатига чиқиш учун масъул шахс эса бунинг учун ўз талабларини қўймоқда. Шу йўлни ЖЧга чиқиш учун тўғри деб баҳоламоқда. Имконият берайлик унда...

Олимпия терма жамоасини асосий терма жамоа учун футболчи етказиб берадиган, худди клубларнинг ўринбосарлар таркибига қиёслаш мумкин. Ўринбосарлар таркибининг натижалари ҳеч қачон муҳим бўлмаган. Уларнинг асосий вазифаси асосий жамоага футболчи етказиб бериш бўлган.

Хуллас, Абрамов олимпия терма жамоасининг бош мураббийи. Мен бундан фақат хурсандман.

"ҚЎШИЛМАЙМАН" - Олимхўжа Бўронов

Икки қуён ортидан...

Вадим Абрамов — Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи! Энди буниси ортиқча. Умуман керак бўлмаган нарса, ҳаттоки. Тўғри, Вадим Абрамов Ўзбекистоннинг барча терма жамоалари устидан назоратни ўз қўлига олиши керак, терма жамоалар иложи борича бир хил услубда тўп суриши керак. Аммо Вадим Абрамовнинг олимпия терма жамоамизга ҳам бош мураббийлик қилишига кескин қаршиман. Бунга бир нечта сабаблар бор, албатта.

1. Ҳар қандай инсон каби Абрамовнинг ҳам имкониятлари чекланган. Шундоқ ҳам Вадим Карленович гарданига ЖЧ-2014 йўлланмаси юкланган. Энди Лондон-2012 йўлланмасини қўлга киритишни юклаш, очиғи, ортиқчалик қилади унга. Боз устига, миллий ва олимпия терма жамоаларнинг иш услуби бутунлай бошқача. Миллий терма жамоа футболчилари ўз клублари сафида доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлиб бориб, ўртоқлик ёки расмий ўйинлардан 5 кун олдин йиғилади. Унгача эса бош мураббий терма жамоага номзод футболчиларни кўздан кечириб, Олий лига, легионерларимиз иштирокидаги ўйинларга бориб юриши керак. Олимпия терма жамоаси эса ҳар ойда йиғин ўтказиш имкониятига эга. Ҳар ҳолда клубларимиз 2-3 нафар футболчисини олимпиячиларимиз ихтиёрига қўйиб юборишлари мумкин. Ҳар иккала ишни қилишга Абрамовнинг, ўзи хоҳласа ҳам, жисмоний имкониятлари етмайди. Етса ҳам, икки терма жамоадан бири (ёки ҳар иккаласи) бундан азият чекиши мумкин. 

2. Бу ишларда ёрдам берадиган унинг ёрдамчилари — Кападзе ва Мифтахутдинов бор дейишингиз мумкин. Тўғри. Лекин бошқа жиҳатни ҳам инобатга олиш зарур. Мураббий халқи ҳар доим биринчи бўлишни ва ўзи айтгани бўлишини истайди. Марат Мифтахутдинов «Трактор» ва «Локомотив»да ҳар доим Абрамовга ёрдамчи бўлиб келган. Тоҳир ака эса ундай эмас. Биринчи лигада ишласа ҳам, фақат бош мураббий сифатида фаолият олиб борган. Шундай экан, жамоада ҳар доим бирга бўлмайдиган, аниқроғи, бўла олмайдиган Абрамовни бош мураббий этиб тайинлаб, ҳамма ишни қиладиган мураббийларни «иккинчи» ролида қолдириш яхши эмас. Ўша Кападзе ёки Мифтахутдиновга ишонч билдиравериш керак. Улардан бир масъулиятни ҳис қилса, ўз ишига жиддийроқ ёндашади. Ҳар ҳолда жамоа билан доимий равишда ишлаб келиб, натижа салбий бўладиган бўлса, «бунга Абрамов жавоб беради», деб турмайди. 

3. Терма жамоага 2 катта мураббий – Мифтахутдинов ва Кападзе бош этиб тайинланаётганида Швециянинг амалиёти мисол қилиб келтирилганди. Томми Содербак ва Ларс Лагербак биргаликда 4 йил фаолият олиб боришган ва уларга яна алоҳида бош мураббий тайинланмаганди. Бу мураббийлар жамоани ЖЧ-2002 ва Евро-2004 олиб боришган. 2004 йилдан бошлаб эса барибир терма жамоа фақат Ларс Лагербакнинг ўзига топширилган. Бу мураббий терма жамоани 2009 йилгача муваффақиятли бошқарди. Унинг қўлостида шведлар ЖЧ-2006 ва Евро-2008да иштирок этишди. Терма жамоа ЖЧ-2010 йўлланмасини қўлга кирита олмаганидан сўнг, унинг ўрнига Эрик Хамрен тайинланди. Шунинг учун биздаги икки мураббийликни уч мураббийликка айлантириш шартмас. Иложи борича, бир мураббийликка ўтиш керак. 

4. Абрамов терма жамоа билан Осиё Кубогида нимагадир эриша олди. Нима учун? Чунки ўзи хоҳлаган ўйин услубини шакллантириш, ўйинчиларнинг ўзаро тушунувчанлиги таъминлаш учун Абрамов етарли вақтга эга бўлди. Олимпия терма жамоаси билан эса у бундай имкониятга эга бўлмайди. 

5. Вадим Абрамовга олимпия терма жамоамизни Пекин олимпиадасига олиб чиқиш учун имконият берилган. У эса бундан фойдалана олмаган. Натижалар барчамизга маълум. Шунинг учун эплолмаган ишни яна унга топшириш ақлли қарор эмас ҳар ҳолда. Терма жамоа билан яхши натижаларга эришгани унинг олимпиячилар билан ҳам шундай натижаларга эришади, дегани эмас. Миллий терма жамоа сафида унинг ихтиёрида кучли ижрочилар бор. Олимпия терма жамоасида эса вазият бошқача. Олимпиячиларимиз кўпроқ натижа учун тўп суришлари керак, назаримда. Абрамовнинг фалсафаси эса барчамизга маълум. У натижа учун жамоани майдонга олиб чиқа олмайди. 

6. Ҳозирги олимпия терма жамоамиз Аҳмад Убайдуллаев пайтида янгиликка муҳтож эканлиги кўзга ташланганди. Кападзе-Мифтахутдинов орқали ана шу ислоҳотлар бошланди. Таркибга янги футболчилар жалб қилинмоқда, жамоанинг ўйин услуби шакллантирилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, Абрамовсиз ҳам олимпиячиларимиз ўз фаолиятини нормал олиб боришмоқда. 

7. Ва ниҳоят, Олимпия терма жамоаси билан Кападзе ва Мифтахутдинов доимий равишда иш олиб боришадию, натижа учун Абрамов жавоб бериши керак? Fалати эмасми? Тўғриси, бундай сунъий қарор менга ёқмаяпти. Бундан наф ва фойдани кўрмаяпман.

Манба: «Чемпион» газетаси  

Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 995 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Абрамов ОТЖ бош мураббийи! Нима бўп | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]