Клублар ўртасидани энг нуфузли турнир – Европа чемпионлар лигаси баҳслари ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда. Бугун чорак финал босқичининг жавоб учрашувлари бошланади. Манчестерликлар "аристократлар”ни, "кончилар” эса Месси ва унинг жамоадошларини қабул қилади. "Тоттенхэм” - "Реал”, "Шалке-04” – "Интер” учрашувлари эртага ўтказилади.
Келинг, биз ҳам ана шу паллада фараз ва тахминларимизни ақл тарозусига солиб, бу жамоаларнинг имкониятларини бир чамалаб кўрсак...
Аслида-ку, бу босқичнинг дастлабки беллашувларида-ёқ, чорак финалнинг "обрўси тўкилиб” бўлганди. ("Челси” – "МЮ” баҳси бундан мустасно, албатта). Ҳозир "Тоттенхэм”, "Интер” ва "Шахтёр”нинг энг ашаддий мухлислариям, суюкли жамоасининг ярим финалга чиқишига ишонмайди. Мен ҳам ишонмайман. Негаки, бунинг учун ҳар уччала жамоа ҳам камида жавобсиз 4 та (!) гол уриши талаб этилади. Бироқ рақиб жамоаларга диққат билан разм солсангиз, бу имконсиз нарса эканлиги ойдинлашади.
Ким нима деса, десин-у, лекин Чемпионлар лигасининг бош соврини бу йил "қаймоқранглилар”га насиб этадиган кўринади. Чорак финалга чиққан саккизта жамоа орасида айнан "Қироллик клуб”ининг имкониятлари кенгроқдай. Бир оёғи ярим финалда турган жамоа "Олд-Траффорд”га ташриф буюрадиган икки клубнинг биттаси бўлади. Ҳарҳолда, уларнинг "оёқ олиши” шунга қараб кетяпти.
Хўп, ўзингиз ўйланг, ана шу саккиз жамоа ичида қайси бири энг зўри? Албатта, барчаси дунёнинг кўзга кўринган клублари бироқ дўппини бошдан олиб, ақл билан ўйлаб кўрилса, ҳаммасининг ҳам ўзига яраша "нозик” томонлари етарлича эканлигини кўрасиз. Биз "Тоттенхэм”, "Интер” ва "Шахтёр” клубларини ҳисобдан чиқариб турамиз. Чунки бу жамоалар кейинги босқичга чиқишига умид қилмоқ, тошда гул унмоғига ишонишдай бир гап. Хўш, бизда нечта жамоа қолди? Ҳа, яшанг, 5 та. Шубҳасиз, ана шу жамоалар орасидан энг кучлиси чемпон бўлади. Энди, "омад кулиб боқди”, "тасодиф бўлди”, деган гаплар кетмайди. Ҳаммасида имконият бир хил даражада. Ана шундай вазиятда кимга мухлислик қилган маъқул? Қай бири сизнинг ишончингизни оқлаб, бош совринга эга чиқади?
«ЧЕЛСИ»МИ? Ажойиб жамоа. Аммо бу мавсумда "аристократлар”нинг унчалик иши юришмаяпти. Улар айни пайтда премьер-лиганинг 3-поғонасида боришмоқда. "Челси”га ярашмайдиган ўрин бу. Тўғрими? Анчелотти жамоасида мамлакат чемпионлигига эришиш учун имконият жуда-жуда кам. Буни ўзлари ҳам яхши билишади. Шунинг учун бор куч ва имконият Чемпионлар лигасига қаратилади. Гарчи улар ўз уйида имкониятни бой берган бўлса-да, ҳали ҳаммаси тугагани йўқ. "МЮ” мухлисларига бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда, шуни айтиш керакки, пойтахтликлар жавоб ўйинида сэр Фергюсон шогирдларининг "энасини кўрсатвориши” ҳам ҳеч гап эмас. Ахир фалон пулга сотиб олинган Торрес ҳали гол урмади-ку! Энди уради. Уриши керак. Ана, куни кеча Бенаюн ҳам сафга қайтди. "Челси” энди умуман бошқача ўйин кўрсатса ҳеч ажабланманг. Устига-устак, Карло аканинг ҳам курсиси "лиқиллашни” бошладики, энди у учун ортга йўл йўқ. Жамоани финалгача олиб чиқсагина, унга бўлган ишонч бардавом бўлиши мумкин. Акс ҳолда ўзига бошқа клубдан иш ахтарса ҳам бўлаверади. Демакки, Лондон клубига мухлислик қилсангиз уялтириб қўймайди, аммо, барибир энг кучлиси эмас.
«ШАЛЬКЕ-04»? Чемпионлар лигасининг кашфиёт жамоаси! Айниқса, Раул Гонсалес учун омадли кечмоқда бу галги мусобақа. "Қироллик клуби”га кераксиз бўлиб қолган футболчи юлдузлик онлари тарихда қолиб кетмаганлигини исботлади. Нафақат Раул, жамоанинг бошқа футболчилари ҳам ажойиб ўйин кўрсатяпти. Лигадаги ўтган ўйинини кўрдингизми? Қойилей, деворгим келди. Кимсан, мусобақанинг амалдаги чемпиони, Италиянинг ишонган клуби "Интер”ни шарманда қилди-я! Энди немис клубини деярли ярим финалда десак ҳам бўлади. Чунки меҳмонда 5 та гол урган "Шалке” футболчилари уйида камида дуранг ўйнаши керак. Аммо, ярим финалда уларга осон бўлмайди. Уларни бу босқичда инглизларнинг энг зўр клуби қарши олади. Бу ҳоҳ "Челси” бўлсин, ҳоҳ "Манчестер”, Раул жамоасига қийин бўлиши аниқ. Сабаби, рақиб итальян клублари эмаски, ўз уйида бешта гол ўтказиб юборса. Хуллас, "Шалке-04” билан ярим финалда хайрлашишимиз эҳтимоли жуда-жуда катта. Аслида, шу босқичга етиб келишининг ўзи-ёқ, улар катта ютуқ бўлиши керак.
«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» Англиянинг энг кучли, энг қудратли жамоаларидан бири! Бу жамоага ишқибозлик қилувчилар сони юртимизда ҳам етарлича топилади. Европада ҳам ўз нуфузи, ўз ўрнига эга. Аммо, чорак финалнинг илк беллашувида жамоанинг олдинги шижоати йўқолгандек кўринди. Фергюсон шогирдларидан кўра, лондонликларда гол киритш учун кўпроқ вазият бўлди. Агар ўйиннинг охирги дақиқаларида пенальти белгиланганда, улар сафардан бир очко билан қайтишлари турган гап эди. Бироқ бундай ҳолат юз бермади ва манкунианликлар ярим финалга чиқиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлиб туришибди. Бунинг учун улар ўз уйида дуранг қайд этсалар кифоя. Рақибнинг анойи эмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу осон бўлмайди, албатта. Агар бу вазифа бажарилса, "МЮ”ни финалга чиқди, деб ҳисоблайверинг! Бундай дейишимизнинг боиси шундаки, ярим финалда уларга ўзларидан кўра анча кучсиз ҳисобланаётган "Шалке-04” рўбаро келади. Немис клубини ютиш эса "сэр” шогирдлари учун қийинчилик туғдирмаса керак. Аммо, барибир бу уларни чемпион бўлади, дегани эмас. Инглиз клубининг бу борадаги имконияти бироз пастроқ. Агар иккинчи бўлишга рози бўлсангиз, унда бемалол "Манчестер Юнайтед”га мухлислик қилишингиз мумкин.
«БАРСЕЛОНА» Нафақат Испаниянинг, балки жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бири бўлиб турган "кўк-анор ранглилар” Хавининг таъбири билан айтганда, ярим финал сари улкан қадам ташлашди. Улар Донецкга йирик ҳисобдаги ғалабага қарамасдан, жанговар таркиб билан ташриф буюришди. Бу нимани англади? Биринчидан, Пеп Гвардиола ҳар бир ўйинга жиддий қараётганлиги, иккинчидан эса каталонияликлар ўз кучига тўлиқ ишонмаётганлигидан дарак бу. Яъни, агар асосий ўйинчиларга дам бериладиган бўлса, йирик ҳисобда мағлубиятга учрашдан қўрқишади. Мураббий ўз жамоасида етирлича заиф нуқталар борлигини яхши билади. Акс ҳолда, икки фронтда тинимсиз кураш олиб бораётган Месси, Хави, Вилья сингари етакчи ўйинчиларни кейинги учрашувга асраб қўйиши ҳам мумкин эди. Хўп, "Барселона” ярим финалга чиқди ҳам дейлик. Бу босқичда уларнинг рақиби "Реал” бўлиши деярли аниқ. Бу баҳсда ким ғолиб чиқишини олдиндан айтиш қийин-ку, лекин менимча, кейинги босқичга чиқиш учун "қаймоқранглилар”да имконият кўпроқ. Шундай қилиб, худди ўтган йилдагидек, каталония клуби мусобақанинг ярим финалида ўз юришини тўхтатиш эҳтимоли катта. Боз устига, яна Моуриньо уларнинг оёғидан тортса, нима дейсиз?!
«РЕАЛ» О, мана бу бошқа гап! "Қироллик клуб”и мана тўққиз йилдирки, Чемпионлар лигасида бирор бир ютуқни қўлга кирита олмай келмоқда. Охирги марта адашмасам, 2002 йилда улар чемпионликни тантана қилишган эди. Мана шу мавсум уларнинг омади чопадиган кўринади. Жамоа таркибида жаҳоннинг "манаман” деган суперюлдузлари тўп сурмоқда. Чорак финалнинг биринчи учрашувида "шпорлар” дарвозасини тўрт марта ишғол этган мадридликар жавоб ўйинида ҳам имкониятни бой бермаслиги турган гап. Ўтган ўйинда дубль қайд этган ҳужумчи Адебайор "боши эгилган илоннинг калласини узиб ташлаш”ни мақсад қилганлигини таъкидлади. Демакки, уларда иштиёқ ва шижоат етарли даражада. Боз устига, жамоани дунёнинг энг ақлли, энг айёр, энг омадли мураббийи – Жозе Моуриньо бошқармоқдаки, энди уларни тўхтатиб қолиш осон эмас. Бу вазифа ярим финалда "Барса”нинг ҳам қўлидан келмаслиги мумкин. Чунки "Реал” Ла лига олтин медалларидан аллақачон умидини узиб бўлган. "Барселона” билан орадаги 8 очко - бу кичкина фарқ эмас. Шундай экан, бор эътибор, бор куч ва имконият Чемпионлар лигасига қаратилади. Боз устига, Жозе Моуриньо каталонияликлар билан қандай ўйнаш кераклигини яхши билади. Ўтган мавсумда юлдузларсиз "Интер” билан нималар қилиб юборганлигини барчамиз яхши эслаймиз. Ҳозир эса унда ўшандагидан кўра яхшироқ имконият мавжуд. Қўл остидаги футболчиларнинг маҳорати ва тажрибасига шуҳа қилмаса ҳам бўлади. Фақатгина тўғри тактика ва ижро бўлса, шунинг ўзи кифоя қилади. Бундан ташқари, "Реал” тўққиз йиллик танаффусдан сўнг чемпион бўлса, ҳеч ким хафа бўлмаса керак.
Финалда эса ким тўқнаш келишининг аҳамияти йўқ. "Челси” бўладими, "МЮ” ёки "Шалке-04” бўладими, "Реал” чемпионликни ҳеч кимга бермайдигандек. Ҳарҳолда, мен шунга ишоняпман. Воқеалар ривожини эса биргаликда кузатамиз.
Аҳмад Юсупов
Манба: www.uff.uz
|