Аввал хабар бериб ўтганимиздек, 19-23 апрель кунларида Италиянинг Сардиния оролида жойлашган Ольбия шаҳрида 1992 йилда таваллуд топган ва ундан кичик ёшдаги футболчилар ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтади. «Сардиния Кубоги» деб номланган мазкур мусобақада «Бунёдкор»нинг ёшлар жамоаси ҳам иштирок этади. Шу боис 17-дан 18 апрелга ўтар кечаси Тошкент халқаро аэропортидан «Бунёдкор» вакиллари Тошкет-Истамбул-Рим-Ольбия йўналиши бўйлаб Италияга йўл олишди.
Ольбия шаҳрида учинчи марта ўтказилаётган «Сардиния Кубоги» турнирида 12та жамоа ғолиблик учун кураш олиб боради. Қатнашчиларнинг 11таси Европа вакиллари бўлишса, Осиёдан биргина «Бунёдкор» юртимиз ва қитъамиз шарафини ҳимоя қилади. Қуръа натижаларига кўра, ёш «қалдирғочлар» «С» гуруҳида «Милан» (Италия) ва «Марсель» (Франция) клублари билан куч синашишади. Роберт Гай шогирдлари гуруҳдаги дастлабки учрашувни 19 апрель куни «Милан»га қарши ўтказишади. Эртаси куни эса марселликлар билан ўйнайдилар. 20 апрель куни бўладиган ўйинлар икки марта – эрталаб ва кечки маҳал бўлиб ўтади. Гуруҳларда 1-2-ўринларни эгаллаган клублар чорак финалга чиқишади. Чорак финал ғолиблари 1-4-ўринлар учун ярим финалларда тўп суришади. Чорак финалда мағлуб бўлганлар эса 5-8-ўринлар учун учрашадилар. Гуруҳларда 3-ўринларни банд тўрт жамоа кейинчалик ўзаро бир даврали тизимда тўқнаш келишади ҳамда 9-12-ўринларнинг соҳибларини аниқлашади. Бу беллашувлар 21-23 апрель кунлари ўтказилади.
«Бунёдкор» ёшлар жамоаси устози Робет Гай Италияга 22 нафар футболчини олиб кетди. Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирда Ўзбекистондан биринчи марта жамоа иштирок этмоқда.