Олий лигамизнинг 6 тури ортда қолди. Пешқадамларимиз очко йўқотмай ким ўзарга карвонбошиликни давом эттиришмоқда. "Нефтчи", "Динамо", "Сўғдиёна" ва "Шўртан" клубларининг ишлари унчалик ҳам яхши эмас. Умид қиламиз, улар тез орада ўзларига келиб улгуришади. Ўтган ҳафта яна ўзининг "классико"си билан эсда қоладиган бўлди. "Реал" клуби "Барселона" билан 1:1 ҳисобини қайд этди.
Бугун душанба, футболсевар дўстлар! Футболга бой бўладиган ҳафтанинг бошида турибмиз. Эртадан Осиё Чемпионлар лигасида клубларимиз ўзларининг навбатдаги учрашувларини давом эттиришади. Ҳозир бу ҳақида эмас. Ҳозир, эртага чиқадиган "Чемпион" газетаси ҳақида икки оғиз сўз юритиб кетамиз. Зеро, навбатдаги сон ҳар доимгидан бошқача чиққан. Мақсадга ўтиб қўя қолайлик.
"Чемпион"нинг бу сонида эксклюзив интервьюдан тортиб, чуқур таҳлилгача, тезкор хабардан тортиб проффессионал шарҳгача келтирилган. Олимхўжа Бўроновдан эксклюзив, Қаҳрамон Аслановдан супертаҳлил, Зафар Қосимовдан адабиёт намунаси, Азамат Муродовдан кучли шарҳлар, Аҳмад Юсуповдан саргузаштлар чиройли қилиб тизиб чиқилган.
Эртага газетани ўқишни чиқишдан бошласангиз ҳам бўлади. Қаҳрамон бугунги кун мавзуси билан аталадиган саҳифада "чиқиб" ташлаган. Бир четдан бошладик бўлмаса ...
*****
ИЛК ХАТОНИНГ ТЎЛОВИ... Болалигимда, мактабнинг янтоқ босган, тошлоқ ва нотекис майдонида тўп тепиб юрган пайтларимда Султонов ва Алавидзе билан рўй берган воқеага ўхшаган вазиятларни кўп учратардим. Дарвозада турган бола ўйинга қўшилгиси келар ва тўп сал яқинлашиши билан-оқ, ҳимоячиларга сездирмай, уни тепиб юборишга уриниб кўрарди. (Мен билан ҳам шу каби воқеалар кўп бўлган) Натижада арзимаган хато туфайли ҳам гол ўтказиб юбораверардик.
ЛЕГИОНЕРЛАР: ПЛЮСЛАР ВА МИНУСЛАР Инсон ҳаёти давомида ўзига боғлиқ бўлмаган турли шароитларга тушади. Воқеалар ривожига таъсир қила олиш имконияти унда умуман бўлмаса ҳам, жабрини тортиб кўришга маҳкум. Кимдир бой бўлиб туғилади, кимдир узоқ умр кўради, бошқаси ғарибликда, кейингиси жувонмарг кетади. Қаранг, аслида бизнинг ихтиёримизда бўлмаган ҳолатлар учун баъзан қийналамиз, баъзида... Бир қараганда бу адолатсизликка ўхшаб кетади тасаввуримизда. Аслида-чи? Аслида яхши ва ёмон ҳодисаларнинг ҳақиқатан ҳам яхши ва ёмон бўлиши бизнинг ўша воқеага бўлган муносабатимиз ва ўша воқеадан кейинги ҳаракатларимизга, амалларимизга боғлиқдир...
Балки ким учундир унчалик сезилмагандир, гапиришга ҳам арзимас, лекин ушбу мавсумда бир нечта етакчи футболчиларимизнинг бошқа лигаларга ўтиб кетганликлари ҳақида мунозара қилишнинг зарари йўқ. Бу ерда ўзига хос парадоксга дуч келамиз. Қаранг, кучлироқ лигаларда ўз футболчиларимизнинг бўлиши терма жамоамиз савиясини оширадими? Оширади. Бу ҳолат миллий чемпионатимизнинг савиясини туширадими? Туширади! Терма жамоага таъсир қилувчи энг асосий факторлардан бири миллий чемпионат савиясими? Ҳа! Мана сизга жумбоқ...
КАТЕНАЧЧО СИРИ Нафақат таркиблар ва йиғинлар, балки терма жамоаларимизнинг услуби ва тактиклари ҳақидаги суҳбатлар ҳам кўпайиб қолганининг сабаби, жамоамизнинг ривожланаётганими ёки мухлисларнингми, алоҳида бир масала. Уни қўя турайлик. Рустам Акрамов сўнгги интервьюларининг бирида терма жамоамиз ниҳоят ўз услубига эга бўлганини ва бу услуб илмий асосланган назарияга таянишини айтиб ўтди. Бу услубнинг ҳозирда футболнинг эталони эканини таъкидлади. Хўп.
Ҳар қандай жамоага тактикани мураббий танлаши ва четдан туриб бу борада маслаҳатлар бериш умуман мантиқсиз иш эканини тан оламиз. Шу билан биргаликда, мураббийнинг асосий вазифаси дунёдаги энг самарали ва кучли ҳисобланган тактикани топиб, уни қўллаш эмас, балки қўл остидаги шогирдлари ва рақибларига муносибини (энг зўр бўлмаса ҳам) топиш ва амалиётга тадбиқ этиш ҳисобланади. Яна ўтлаб кетдик. Демак, мураббийга амалий ақл ўргатишга ҳуқуқимиз йўқ экан, аммо Акрамов назария ҳақида гап очганини ҳисобга олиб, бу борада тортишса бўлади. Э, сен кимсану у ким деманг, бўпти, тортишмайман, савол бераман...
РАВШАН ЭРМАТОВ: «ХОСЕ МАРИЯДАН БУТУН УМР МИННАТДОРМАН» Куни кеча интернетда хабарлар билан танишиб ўтириб, ФИФА ҳакамлар департаменти раҳбари Хосе Мария Гарсия Аранданинг Россия футбол иттифоқи президенти Сергей Фурсенкога ҳакамлик ишлари бўйича маслаҳатчи этиб тайинлангани ҳақидаги хабарга кўзим тушиб қолди. Очиғи, ҳайрон бўлиб қолдим. Чунки бу мутахассиснинг ФИФАдан ишдан бўшаганидан хабарим йўқ эди. Рус сайтларида берилган ушбу хабар билан танишар эканман, энг сўнгги абзац эътиборимни тортди.
«Таъкидлаш лозим, ЖАРда ўтган жаҳон чемпионатида Аранданинг шогирди, ўзбек арбитри Равшан Эрматов очилиш ўйинини бошқарди ва мусобақа давомида унга яна бир нечта ўйинлар топширилди».
Дастлаб, Аранданинг РФИ президенти маслаҳатчи этиб тайинланганини қисқача газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилмоқчи эдим. Кейин эса «қуруққина» хабардан кўра, Равшан Эрматов билан суҳбатлашиб, унинг бу инсон ҳақидаги фикрларини билишга қизиқдим. Адашмаган эканман, испаниялик мутахассис ҳақида илиқ фикрларни билиш билан биргаликда, иқтидорли ҳакамимизнинг ўзи билан боғлиқ сўнгги маълумотларга ҳам эга бўлдим.
АШАДДИЙ МУХЛИСЛАР ФУТБОЛИ Футболни севиб томоша қиламиз. Футболчиларнинг хатти-ҳаракатларидан баъзида роҳатланамиз, баъзида норози ҳам бўлиб турамиз. Агар ўйинчининг қилган ҳаракати орқали гол бўлса-ку, хўп-хўп, мабодо кўзланган натижага эришилмай қолинса, жаҳлимиз чиқади ва ўзимизча футболчига «ақл ўргатиш»ни бошлаймиз. Ўзи бу одамзотга ақл ўргатишдан осони йўқ, уларнинг ўрнига камдан-кам ҳолларда ўзимизни қўйиб кўрамиз. Яхшиямки, биз ҳозир «ахборот технологиялар асри»да яшамоқдамиз. Қаёққа қараманг, компьютер, техника тўлиб ётибди. Уларнинг ёрдами билан жуда кўп ишларни қилишимиз мумкин, ҳатто футболчиларга «ақл ўргатиш»ни ҳам. Футболга шунчалик қизиқамизки, бўлаётган жонли ўйинларга қониқмай, унинг компьютерлашган вариантларини ҳам ишлаб чиққанмиз (мен эмас, албатта). Унинг реал ўйинлардан фарқи, ўзингизга маълум, истаганимиздай ҳаракатлантира оламиз. Футбол ҳақида компьютер ўйинлари талайгина топилади. Қуйида улар билан Top 10 тарзида танишасиз.
КЛАССИК ФУТБОЛ: ДАНИЯ «ЭРТАГИ» 1992 йилнинг ёзида Швецияда IX Европа чемпионати бўлиб ўтди. Сўнгги маротаба 8та терма жамоа иштирокида ўтган бу мусобақа аввалгиларидан тубдан фарқ қилмаслиги, олдиндан кутилганидек, Европанинг биронта гранд терма жамоаси ғалабаси билан якунланиши ҳам мумкин эди.Ҳа, мумкин эдию, лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Бунинг сабабчиси эса чемпионатга кетаётган «поезд»га сўнгги палладагина чиқиб олган Дания терма жамоаси эди....
Ҳаммаси кутилмаган қарордан бошланди. Европа саралаш мусобақасининг 4-гуруҳида Югославия термаси ғолиб чиққан эди, данияликлар эса 1 очко фарқ билан иккинчи ўринда қолишганди. Югославияда рўй бераётган уруш туфайли БМТнинг ушбу давлатга қўйган сиёсий санкцияларига асосланиб, Европа чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолганда УЕФА қарор чиқарди: Югославия терма жамоаси Европа чемпионатида қатнашишдан четлатилсин, унинг ўрнига эса Дания термаси мусобақада иштирок этади. Тамом-вассалом.
«ИМПОРТ» КЕРАКМИ? Эътибор берган бўлсангиз, кўпгина клубларимизда хориждан келган легионерлар асосий таркибда ҳаракат қилишяпти. Ижобий таассурот қолдираётганлари ҳам анчагина. Уларнинг Ўзбекистонда тўп суриши жамоалардаги ҳар бир чизиқ бўйича рақобатни ошириб, ижобий таъсир кўрсатяптими ёки маҳаллий футболчиларнинг йўли тўсилмоқдами? Мухлисларимизнинг бу галги мунозараси ана шу мавзу атрофида бўлди.
ЙИFЛАНГ, ҚЎЧҚОР АКА! Эндигина бошланган ушбу мавсум ҳақида турли мулоҳазаларни эшитиш мумкин. Кимдир Ривалдо ёки Одилсиз чемпионатимиз ғариблашди деса, яна бошқаси ҳеч қачон кузатилмаган интрига ҳақида гапиради. Қизийдиган бўлди-да, роса чемпионат. Чемпионлик учун бир-бири билан деярли тенг бўлган уч жамоанинг курашиб, қайси биринидир ғолиб чиқишини кузатиш нақадар қизиқ, тўғрими?
Қаранг, «Металлург» сафарда «Шўртан» мағлубиятга учратса-ю, ўз майдонида «Динамо»ни енга олмаса. Ўз майдонида бекободликларни мағлуб этган «Навбаҳор» бўлса «Шўртан» қаршилигини Наманганда синдира олмаса. Мен ҳали «Бухоро» ёки «Машъал»нинг бетгачопарлигини айтганим йўқ. Мана сизга интрига. Трамвай деганимиз, салкам анови «Форсаж» киносидаги пойгага ўхшаб кетаётганини бир неча хафта олдин, мана шу ерда ҳамкасбимиз айтганди. Майли, бу муҳим эмас. Сизга ёқяптими? Табриклайман.
*****
Мана шунақа гаплар. Атайин бошқа мақолалардан парча бермасликка қарор қилдик. Бунинг сабаби бор. Байрамдан олдинги байрам вазифасини бажариб тура қолсин. Айтганча, ТЕШАВОЙ акадан навбатдаги ажойиб мақола бор.
Бундан ташқари газетада "Шўртан"нинг бахтига...", "7-тур ўйинлари олдидан PREVIEW", "Нефтчи"дан ажойиб янгилик", "Ўзбек-форс тўқнашуви: Вазият тенглашмоқда", "Қоратоғга ютқазмаганимиздами?!", "Олтин" касофати", "Роббен: Оилам қадрлироқ", "Бошланди...", "Буюк орзулар" ва "Аспирант" каби саҳифалар борки, улар вужудингизни ўзига тортиб олади. Сешанба тонгиди бир кўрарсиз.
Республикамизда футболга оид кўплаб газеталар чоп этилмоқда. Ҳар бирининиг ўзига хос йўналиши ва услуби бор. Футбол мухлиси танлаш ҳуқуқига эга. У хоҳлаганини ўқийди. Эртага уларнинг ичини таққослаб кўринг. Уёғига туриб берамиз.
Бу ҳафта "Пахтакор" ва "Бунёдкор" жамоалири Осиё Чемпионлар лигасида ўзларининг ҳал қилувчи баҳсларини ўтказишади. Биргаликда томоша қиламиз, ишқибозлик қиламиз. Клубларимизга омад!
Душанба кунида ишларингиз бароридан келсин!
|