Главная » 2011 » Fevral » 1 » Можаролар устаси!!!
22:05:29
Можаролар устаси!!!
Замонавий футболнинг энг иқтидорли ва... жанжалкаш футболчиларидан бўлган Марио Балотелли ўтган йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб тан олинган эди. Ушбу эътирофдан сўнг, италиялик футболчига бўлган қизиқиш жуда ошиб кетди. Балотеллининг интервьюларини ўқиш ҳар доим қизиқ. У гап келганда, отасини ҳам аямайдиганлар сирасидан. Бу сафар ҳам истисно бўлмади. Футболчи Англиядаги ҳаёти, МЮ фанатлари ва расизм билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўзлар экан, собиқ устози Моуриньони ҳам эслаб ўтди. Балотелли собиқ мураббийи билан айни вақтдаги устози Роберто Манчинини солиштириб ўтган.

— Англиядаги ҳаётингиз қандай кечмоқда?
— Яхши. Манчестер шаҳри марказидаги кўпқаватли иморатлардан бирида истиқомат қиламан. Хонам деразасидан ажойиб манзара кўриниб туради. Бир сафар укам Жованни дугонаси билан пастда кетаётган эди, уларга қараб, ракета отгичдан «сал­ют» йўлладим. Улар жуда ҳайрон қолдилар.

— Бу ишингиздан қўшниларингиз у қадар хурсанд бўлмагандирлар?
— Хавотир олишга ўрин йўқ, барчаси жойида. Улар мени жуда ҳурмат қиладилар. Мен гол урган куним, эшигим остига табрик хатлари ташлаб кетадилар. Янги йил куни эса бир талай совға йўлладилар. Уларнинг орасида вино жуда кўп экан. Аммо муаммо шундаки — мен ичмайман.

— Жозе Моуриньо ҳам сизга совға қилиб турармиди?
— Унга табрик хати йўллаган эдим, аммо жавоб бермади. Биласизми, у дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири, аммо инсон сифатида... У атрофдагилар билан қандай муносабатда бўлиш ва ўзини қандай тутиш кераклигини ўрганса, яхши бўларди.

— Яқинда Сильвио Берлускони Антонио Кассанони дунёдаги энг иқтидорли футболчи деб атади...
— У адашмоқда. Ёки бўлмасам, Балотелли ҳақида ҳали эшитмаган кўринади.

— «Милан» ҳужумида Балотелли-Иброҳимович-Кассано триоси бўлиши мумкинми? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
— Бу ҳақда ўйлашга ҳали эрта. Келгуси мавсумнинг охирига қадар «Сити»да бўламан. Бу ерда ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман. Шундай бўлгач, бошқа трио — Балотелли-Тевес ва Жеко ҳақида ўйлаганим яхши эмасми? Бу трио ҳам ёмон жарангламайди шекилли? Дунёда бундан кучлироқ ҳужум чизиғи бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Ҳатто «Реал» ва «Барселона»да ҳам бундай кучни учратмайсиз.

— Роберто Манчини билан муносабатингиз яхшими?
— Шу вақтга қадар мен билан ишлаган инсонлар орасида энг яхшиси у бўлади. Яқинда Манчини дунёнинг биринчи рақамли мураббийига айланади. Ҳозир ҳам инсонийлик хислатлари борасида Моуриньони икки километрга ортда қолдириб кетади. Ҳатто ўн километрга олдинда, десак ҳам, тўғри бўлса керак. Манчини ўзининг бошидан ўтказган бир воқеани кўп эслаб туради. «Мен «Сампдория»дан «Болонья»га ўтган вақтимда, ўзимни сайёранинг энг кучли футболчиси деб ҳис қилган эдим. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, бундай эмаслигини фаҳмлаб қолгандим. Ҳақиқатан ҳам энг кучли бўлиш учун ҳали кўп иш қилишим керак экан», — дейди мураббийимиз. У нимага шама қилаётганини дарҳол фаҳмлаб олганман.

— «Манчестер Сити»даги қайси футболчи сизни ҳайратга солди?
— Адам Жонсон. Илгари у ҳақда ҳеч нарса билмасдим. Аслида Жонсоннинг қай даражада кучли техникага эга эканини кўриб, ҳайрон қолгандим.

— Жамоадаги энг қувноқ футболчилар ким?
— Яҳё Туре ва Эммануэль Адебайор.  Агарда уларга кроссовкаларим ёқмайдиган бўлса, шу куниёқ кийиниш хонамизнинг шифтига скотч билан ёпиштириб қўйишлари мумкин.

— Англиядаги матбуотда Тевеснинг жаҳлдор эканини тинмай ёзадилар. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
— Нима? Кулгимни қистатманг. Ундан кўра меҳрибонроқ инсон бу дунёда йўқ.

— Премьер лигадаги энг кучли футболчи ким?
— Дидье Дрогба.

— Руни-чи?
— У яхши футболчи, аммо Манчестернинг ўзида ҳам ундан кучлироқ ўйинчилар бор.

— Ҳимоячилар орасида энг кучлиси ким?
— Неманья Видич.

— «Манчестер Юнайтед» мухлислари жонингизга тегмадими?
— Аксинча. Улар мени кўчада кўриб қолсалар, тўхтайдилар-да: «Марио, «Юнайтед»га ўтақол», — деб, илтимос қиладилар. Чин сўзим. Аммо уларга ўтишни истамайман. Ҳаммадан ҳам «Юнайтед» устидан ғалаба қозонишни орзу қиламан. Бу ишнинг мухлисларимиз учун қай даражада аҳамиятли эканини яхши биламан. Улар билан жуда яхши муносабатдаман. Мухлисларимизнинг менга аталган қўшиғини илк бора эшитганимда, бутун баданим жимирлаб кетганини ҳамон ҳаяжон билан эслайман.

— Италияда ўйнаш осонми ёки Англияда?
— Англияда. Италиядаги ҳимоячилар тактик жиҳатдан жуда кучлилар. Бу ерда гол уриш анча осонроқ.

— Италияда ирқчилик билан боғлиқ муаммоларга дуч келар эдингиз. Англияда бундай ҳолат учрамаяптими?
— Мутлақо. Бирор марта ҳам бундай ҳолатга дуч келмадим. Агарда мени ҳақорат қилсалар ҳам, фақат рақиб бўлганим учун шундай қиладилар. Масалан, бир сафар Италиядан келган дўстларим билан Ливерпулни айланиб юрганимизда, «қизиллар»нинг мухлислари билан айтишиб қолган эдим. Шунда ҳам бирортаси ирқчиликка йўл қўймаган.

— Италиядаги дўстларингизни тез-тез йўқлаб турасизми?
— Ҳа. Яқинда қизиқ воқеа бўлди. Улар кутилмаганда келдилар-да, мени «тириклайин» тутиб олиб, машинага ўтқаздилар ва Италияга олиб кетишга уриниб кўрдилар. Ўшанда салондан қандай қилиб, «учиб» чиқиб кетганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз!

— «Манчестер Сити» хўжайини ҳақида нима дея оласиз?
— Нима ҳам дердим? Манчинининг жуда омади келган. Шайх Мансур деярли ҳеч нарса демайди. Фақат: «яна кимни сотиб олиб берай?», деб сўраши мумкин.
                                                                                                   Ибрат Ибрагимов


Манба: uff.uz
Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 789 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Можаролар устаси | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]