Испаниянинг "Барселона" клуби собиқ бош
мураббийи ва мозийдаги юлдузи Йохан Кройфф нима сабабдан Мадриднинг
"Реал" клуби футболчилари тез чарчаб қолишларини тушунтириб ўтди.
Афсонавий "учар голланд"нинг айтишига қараганда, бу ерда асосий сабаб
клубнинг ўйин фалсафасида экан. Айнан шу нарса "Барселона"
футболчиларига қараганда, "Реал" ўйинчиларининг тез чарчашларига сабаб
бўлар экан.
"Охирги ўйинларда "Реал" футболчилари тез чарчаб
қолаётганлари кўзга ташланиб қолмоқда. Гарчанд ҳар икки жамоа ҳам
ҳафтасига икки марта ўйин ўтказаётган бўлсада, жисмоний ҳолатлари
ўртасида катта фарқ бор.
Бунга сабаб сифатида ҳар икки жамоанинг
ўйин олиб бориши услубини кўрсатишим мумкин. Каталонияликлар ҳар доим
тўпни назорат қилиб турадилар ва фақатгина ўзларига керак бўлганда
кескин ҳаракат қилишлари мумкин. "Реал" эса асосан рақибдан тўпни олиб
қўйишга ҳаракат қилади ва дарвозадан анча узоқ жойда тўпни қўлга
киритгач, рақиб томон анча узоқдан ҳужум уюштиришга интилади. Табиийки,
бундай ҳолатда "Реал" футболчилари "Барселона"никига қараганда кўпроқ
югурадилар ва чарчайдилар. Улар бутун ўйин давомида орқага ва олдинга
югуриб туришга мажбурлар. Айнан маша шундай ўйин фалсафаси туфайли
"Реал"нинг ўйини чиқмаяпти. Бунда футболчиларга боғлиқ ҳеч қандай ҳолат
йўқ", - дейди Кройф.