Шахматда ўйин бошланишини "дебют" деган атама билан номлашади. Оқлар билан дона сурган шахматчи рақибига ўйиннинг услубини намойиш этади. Рақиби бўлса, қилинган юришга қараб ҳимоя усулини танлайди. Очиқ дебют, ярим очиқ дебют, ярим ёпиқ, ёпиқ ёки қанотлардан ҳужум каби дебют турлари бор. Фарзин гамбити, рус партияси, италянча бошлаш, Эванс гамбити, икки от дебюти, шотландча ўйин ва ҳоказо ўйин бошлаш усуллари бор. Уларга жавобан сицилианча, славянча, венгерча, каталонча, аждар-дум ҳимояси каби пассив ўйнаш тактикалари мавжуд. Натижа - икки шахматчининг қанчалик услубни ўзлаштирганига боғлиқ бўлади. Бугун бўлиб ўтадиган футбол ўйинига нисбатан ҳам шу атамаларни бемалол қўлласак хато қилмаймиз.
Бу тун кўпчиликнинг эсида анчагача қолади. Сабаби, оддий. Чемпионлар лигасининг ярим финал дастлабки учрашувларининг иккинчиси Испанияда бўлиб ўтади. "Реал" ва "Барселона" майдонга тушади. Қарийб, бутун дунёдаги спортни кўрсатадиган ТВларда бу ўйин томоша қилинади. Айтишларича, Антарктидаги музликлар орасида экспедиция олиб бораётган олимлар ҳам бу ўйинни сабрсизлик билан кутишаётган экан... Шунга арзигулик ўйин бўлади ўзиям...
Бир томондан, Чемпионлар лигасининг ўйини бўлса, иккинчи томондан азалий рақиблар дуэлидир. Мухлислар аллақачон икки қутбга бўлиниб бўлишган. Улар учун ўзларининг суюклиларидан зўр жамоа йўқ. Улар ҳақлар. Бугун севимли жамоангиз ғалаба қозонади. Энг муҳими, бугунги ўйин натижаси, жавоб учрашув олдидан ҳеч нарсани англатмайди. Чунки, "Ноу Камп"да бошқача ўйин бўлади. Қандай бўлишини ҳеч ким билмайди.
Демак, соат 23.30дан бошлаб ТВ қаршисига яқинроқ ўтириб олаверинг. Кейин бунга ҳожат қолмайди. Ишларингиздан тезда қутилиб, ухлаб олсангиз ҳам майли. Чунки, ўйин тугагач таасуротлардан анчагача уйқунгиз келмай қолиши мумкин.
Кучли жамоаларга омад, дейишдан бошқасини билмаймиз, бу оқшом.
Манба: uff.uz
|