Осиё кубоги ортда қолди. Терма жамоамиз
кучли тўртликка кирди. Шубҳасиз, ушбу мусобақа мазкур футболчиларимиз
учун яхшигина ярмарка вазифасини ўтаб берди.
Мусобақа пайтида,
ҳозир ҳам футболчиларимизга кўплаб қизиқишлари бўлгани ҳақида гап-сўзлар
бўлди, бўляпти. Шавкат Муллажонов аллақачон Қатарнинг "Ал Аҳли" клуби
аъзосига айланиб бўлган бўлса, тасдиқланмаган маълумотларга қараганда
Жепаров, Аҳмедов, Нестеровга яқин хориж, Осиё ва МДҲнинг қатор клублари
даъвогарлик қилишмоқда. Жепаров ва Нестеров ҳақида аниқ гап айтиш қийин.
Аммо Одил Аҳмедов ҳақида аниқроқ маълумотларни айтиб ўтиш мумкин.
Одилнинг
атрофида "Рубин", "Анжи" ва "Локомотив" клублари скаутлари
ўралашишмоқда. унга нисбатан Испаниянинг "Малага", Англиянинг "Болтон"
ва Франциянинг "Монако" жамоалари қизиқиш билдиргани ҳақида ҳам
маълумотлар бор. Осиёдан эса Қатарнинг "Ал-Ғаррафа" клуби тиш-тирноғи
билан Аҳмедовга ёпишмоқда ва унинг трансфери учун 12 миллион евро (!)
таклиф қилмоқда! Саудиянинг "Аш-Шабоб" клуби эса "Пахтакор"га ўйинчи
учун 8 миллион евро бермоқчи. Шунингдек, Саудиянинг "Ал-Иттиҳод"дидан
ҳам қизиқиш мавжуд.
Футболчининг ўзи эса Осиёда эмас, Европада
тўп суриш ниятида. Европа жамоалари эса унга камроқ нарх таклиф
қилишмоқда. Албатта, Европа жамоалари марказий осиёлик футболчи учун 12
миллион таклиф қилмайди. 12 миллионга 3 та Иброҳим Аффелайни сотиб олса
бўлади.
Аҳмедовга бўлган қизиқиш Осиё кубогигача бўлган даврда
ҳам бўлган. Масалан, Киевнинг "Динамо", Харьковнинг "Металлист" ва
Туркиянинг "Бешиктош" ва ўша "Аш-Шабоб" клублари қизиқиб келишган.
Шунинг учун "Пахтакор" ва футболчи олдида осон бўлмаган танлов турибди:
катта нарх эвазига Осиёга бориш керакми ёки камроқ трансфер эвазига
Европага?
Бу саволга жавоб топишимизга кўп вақт қолмади. Кутамиз.