Футбол. Уни ТВ қаршисида кўриш мумкин. Радиода тинглаш мумкин. Ёки стадионга бориб, ўша ерда кўриш мумкин. Стадионда кўришнинг ўзи алоҳида мавзу. Буни бевосита ўйингоҳларга ташриф буюрган ишқибозлар билишади. У ерда бошқача муҳит ҳукмрон бўлади. Сўз билан ифодалаш қийин масала.
Биз эса аксарият вақтимизни ТВ қаршисида ўтириб футбол кўришга сарфлаймиз. У қандай ўйин бўлишидан қатъи назар, шарҳлаб бораётгаган шарҳловчининг савиясига, билимига, сўзамоллигига ва нутқининг равонлигига қараб якуний хулосага келамиз.
Масалан, Россияда бир нечта шарҳловчилар борки, улар эфир вақтини санъат асари қилиб юборишади. Уткин, Черданцев, Гусев, Розанов, Стогниенконинг футбол шарҳларини ҳар биримиз эшитганмиз, кўрганмиз. Ҳар бирининг ўзига хослигини ҳам биламиз. Собиқ иттифоқ пайтида «Пахтакор»нинг ўйинларини Ахбор Имомхўжаев шарҳлаб борарди. Унинг овозини эшитмаган футбол ишқибози кам топилса керак.
Айни пайтда ўзбек футболида ҳам бир нечта шарҳловчилар етишиб чиқяпти. Бу қувонарли ҳолатдир. «Спорт» телеканалидаги шарҳловчиларнинг ҳам ўзларининг мухлислари бор. Биз айнан, шу масалага ойдинлик киритиш учун Uff.uz сайтида сўровнома ўтказдик. Сўровномада мингдан ортиқ футбол ишқибози иштирок этди. Унда қуйидаги савол билан мурожаат қилгандик:
Айни пайтда мамлакатимиздаги энг кучли футбол шарҳловчиси ким? Биз сўровномага сўнги пайтларда «Спорт» телеканалининг эфирларида муваффақиятли шарҳлаб келаётган бир нечта шарҳловчиларнинг рўйхатини бергандик. Овоз бериш натижасида «ТОР-5»ни аниқлаб олдик. Эътиборингизга кучли бешталикни келтириб ўтамиз. Овоз берган мухлисларнинг сони — 1134та. Демак ...
5-ЎРИН: Мурод Ризаев. 16та овоз. Ёки овоз берувчиларнинг 1,4%. Мурод Ризаев футболни ўзига хос тарзда шарҳлайди. Ҳис-туйғулар ҳам жойида. Футболчиларнинг исм-шарифларини айтишда (айниқса, араб футболчиларини) озгина урғу берилса, ҳаммаси жойига тушиб кетади.
4-ЎРИН: Зафар Имомхўжаев. 56та овоз. Ёки овоз берувчиларнинг 4,9%. Зафар Имомхўжаев ўз устида ишласа, энг кучли шарҳловчи деган номни ҳам қўлга кирита олади. Овозининг параметрлари ҳам жойида. Ҳис-туйғулар устида ишлаши керак. Хавфли вазиятлар юзага келганда кучайиш борасида бироз шижоат етишмайди. Футболчиларнинг исми-шарифини, айниқса, эронлик футболчиларнинг номини ўқиётганда инглизча ёки русча талаффузда ўқийди.
3-ЎРИН: Давлат Турдиалиев. 172та овоз. Ёки овоз берувчиларнинг 15,2%. Футбол шарҳловчилари орасида спорт билимларига энг кўп эга бўлган Давлат Турдиалиев эфирдаги вақтни бемалол ушлаб тура олади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, футбол мавзуси ёки бошқа спорт мавзусида асосли гапиради. Ҳис-туйғулар ҳам меъёрида. Керакли танқидий фикрлари билан ҳам ажралиб туради. Футболчиларнинг номларини талаффуз қилиш ҳам ўз ўрнида.
2-ЎРИН: Даврон Файзиев. 266та овоз. Ёки овоз берувчиларнинг 23,5%. Ҳозирги кунда рейтинги ошиб бораётган шарҳловчилар сирасига киради. Салоҳиятга эга. Ҳис-туйғулари бироз суст. Билимли. Вазиятларни аниқ баҳолай олади. Хато қилса, узр сўрай олади. Футболчиларнинг номларини тўғри талаффуз қилади. Лекин ўйинчиларнинг исм-шарифини худди ўртоғидек ўқийди. Масалан, Роналдуни — Криштиану деб атайди. Бу нотўғри демоқчи эмасмиз. Фақат, одатда, футболчиларнинг номлари тўлиқ ўқилади ёки фамилияси айтилади. Рауль ва ўзбек футболчилари бошқа масала. Умуман олганда Даврон Файзиев кўпчиликнинг кўнглидаги шарҳловчи ҳисобланади.
1-ЎРИН: Мирзаҳаким Тўхтамирзаев. 507та овоз. Ёки овоз берувчиларнинг 44,7%. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ушбу рейтингда биринчи ўринни қўлга киритди. Ўзининг равон нутқи, савияси ва билимига кўра, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев биринчи ўринга муносиб кўрилди. Хорижий футболчиларнинг номини тўғри ва аниқ ўқий олади. Ҳис-туйғуларга бироз шижоат керак. Кўп иккиланади. Вазиятга ўзининг аниқ фикрини бермайди. «... бўлди, шекилли», деб қўшиб қўяди. Агар Мирзаҳаким Тўхтамирзаев иккиланмасдан вазиятга ўзининг фикрини билдирса, янада яхшироқ ва тўғрироқ бўларди. Зеро, шарҳловчи ўзи билан ишқибозлар аудиториясини олиб юриши керак.
Кўриб турганингиздек, биринчи бешталик шу тартибда жойлашган. Биз фақатгина, сўровнома ўтказиб кўрдик холос. Демак, мухлислар масъулиятли ўйинларда кимларни кўпроқ эшитишлари маълум бўлди. Шундай экан, «Спорт» ТВ мутасаддиларидан ушбу рейтинг натижасига ҳам эътибор қаратишларини сўраб қолардик. "Машъал” радиоканалидаги Норбек Ниёзовнинг ҳам барча параметрлари талаб даражасида. Ундан келгусида ТВдаги шарҳларни кутиб қоламиз.
Манба: uff.uz
|