Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи
Жозе Моуриньо Испания чемпионати 23-туридан ўрин олган Барселонанинг
"Эспаньол" клубига қарши сафар учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан
ўртоқлашаркан, майдондан четлатилган Касильяс ўрнига дарвозани
қўриқлаган Аданнинг ҳаракатларига юқори баҳо бериб, шогирдларининг
ҳаракатларидан роҳатланганини айтиб ўтди, шунингдек, испан футболи
раҳбарларига маслаҳат ҳам берди. Бу ҳақда "Реал" расмий сайти хабар
бермоқда.
"Шогирдларим шунчаки фантастик ўйин намойиш этишди. Ўз
уйида мағлубиятсиз серияга эга бўлган кучли бир жамоа устидан муҳим бир
ғалабага эришдик. Ўйин давомида дарвозабонимизни йўқотиб, Ла Лига
дебютантини майдонга туширдик. Бундан ташқари, четлатиш сабаб, ўзининг
тезлиги билан рақибни ҳар доим шошириб қўядиган Ди Мариядек муҳим бир
ўйинчимизни алмаштиришга мажбур бўлдик. Бутун бир ўйин учун бизда бор
йўғи иккита захира имконияти қолди. Кўп нарса бизга қарши эди,
ўйлашимча, бутун Испания: "Бугун "Реал" ғалаба қозона олмайди", деб
ўйлаган эди, аммо биз бунинг уддасидан чиқа олдик. Биз ҳатто йирик
ҳисобдаги ғалабага ҳақлироқ ўйин намойиш этдик", деди португалиялик
мутахассис.
"Менинг футболчиларим ўйинни жуда яхши ўқишади.
Касильяс майдондан четлатилганидан сўнг, жамоадошларига кўрсатма бериши
учун Хаби Алонсо билан гаплашдим. Улар мен улардан нимани талаб
қилаётганимни тушунишди. Тезкор ҳужумчилари офсайд чегарасида ҳаракат
қиладиган жамоага қарши ўйинда бизда муаммолар юзага келгани йўқ", деди
Моуриньо.
"Мен Испания футболида ҳеч кимман, аммо, келинг, ўз
фикримни айтишимга ижозат беринг: Франция, Германия, Италия ва
Португалияда жамоалар еврокубок ўйинларига тайёргарлик кўришлари учун уч
кун дам беришади. Испанияда ҳам шундай йўл тутишларини сўраб қолардим.
Мен бунда фақат "Реал"ни назарда тутаётганим йўқ, бошқа маҳаллий
клубларни ҳам инобатга олаяпман. Шундай бўлаяптики, бошқа мамлакат
клублари маълум устунликка эга бўлиб қолишяпти", деди "Реал" устози.
"Чемпионлик
пойгаси масаласида фикримни ўзгартирмайман. "Барселона"да беш очколик
устунлик бор, мен уларнинг ўрнида бўлиб қолишни истардим. Агар мен
"Барса"га устозлик қилганимда эди, худди шундай очколар фарқи билан ўзиб
кетганим ҳолда, ўзимни анча хотиржам ҳис қилаётган бўлардим. Аммо ҳали
бизда математик имкониятлар бор ва биз ўз ғалабамизга ишониб қоламиз",
деди Моуриньо.
"Пепе шунчаки фантастик ўйинни ўтказди, Адебайор
эса уч кишининг ўрнига ҳаракат қилди. Жамоамизнинг дебютант дарвозабони
Адандан бунчалик фантастик ўйинни кутмагандик. У худди фахрийлардек
ҳаракат қилди. Антониони ва барча бошқа дарвозабонларимизни, шунингдек,
дарвозабонларимизнинг мураббийини табриклашни истардим", деди
португалиялик мураббий.
"Ҳакам, балки, Касильясни четлатиб,
бизнинг фойдамизга пенальти бермасдан хатога йўл қўйгандир, аммо
жамоаларга катта куч билан ўйин кўрсатишлари учун имкон бергани билан у
менга ёқди. Албатта, мен ўйин вақтида шогирдим четлатилишини ёмон
кўраман, аммо Матеу Лахос хато қилишга ҳаққи бўлган яхши бир ҳакамдир",
дея қўшимча қилди Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо. Манба: www.sports.ru
|