Главная » 2011 » Mart » 17 » Афсона...
20:31:34
Афсона...


Роберто Бажжонинг қандай ўйнаганини сўзлаб беришдан маъно йўқ. Агарда ўйинларини кўрган бўлсангиз, қандай футболчи эканини шундоғам яхши биласиз. Мабодо, кўрмаган бўлсангиз, тушунтириб ўтиришдан наф йўқ. Қўлимдан келмайди. Умрида асалнинг таъмини тотиб кўрмаган одамга, унинг мазасини тушунтириб бера оласизми? Йўқ. Мен ҳам сизга Бажжонинг ўйинини таърифлаб бера олмайман. Уни фақат кўриш керак эди.

Бажжо майдонда шунчаки футбол ўйнамасди, балки ижод қиларди. Унинг лақабини биласизми? Рафаэль! Шунинг ўзиёқ, унинг қандай футболчи бўлганини англатиб туради. Унинг иқтидори ҳақида тўхтамасдан соатлаб гапириш мумкин. Бажжо ҳам худди Пеле, Марадона, Кройф, Платини, Роналдо ва Зидан каби алоҳида афсона. Аммо бу афсонада бошқаларидан фарқли равишда омадсизликлар кўп бўлди. Балким шуниси билан ҳам Бажжо буюк ҳисобланар...

Бажжонинг фаолияти тинимсиз жароҳатлар ва омадсизликлар билан ҳам ёдда қолди. 1985 йилда В серияда ўйнаб юрган футболчи учун «Фиорентино», «Ювентус» ва «Сампдория» клублари даъвогарлик қиладилар. Охир-оқибат флоренцияликлар бу курашда ютиб чиқдилар ва бир ярим миллион доллар эвазига уни сотиб олмоқчи бўлдилар. Ўхшамади. Янги мавсумдан «Фиорентино»да ўйнаши кутилган футболчи охирги марта «Виченца» таркибида майдонга тушган куни оғир жароҳат олди. Бажжо бир йил давомида футболдан четда қолиб кетди.

1986 йилнинг 21 сентябрида Роберто илк бора «Фиорентино» либосида майдонга тушади ва шу заҳотиёқ бутун Флоренцияни ўзини яхши кўриб қолишга мажбур қилади. Унинг бетакрор ҳаракатлари шу қадар мафтункор эдики, бу йигитча нафақат «Фиорентино» балки бутун итальян футболининг келажаги экани маълум бўлиб улгурганди. Бироқ эртак узоқ давом этмайди. Шу йилнинг декабрь ойида тизза пайлари узилиб кетади. Табибларнинг хулосаси бутун Флоренциянинг ҳафсаласини пир қилди: бундай жароҳатдан сўнг, футболга қайтиш мумкин эмас.

Бажжо эса қайтди! Айтишларича, унинг майдонда югуриб юрганини кўрган табиблар кўзларига ишонмаган эканлар. Кейинчалик Бажжонинг ўзи ўша кунларини эслаб, шундай дейди: «Тикланиш машқларини олиб бораётганимда, ёлғиз қолишга ҳаракат қилардим. Сабаби, олиб бораётган машқларимни кўрган инсон қўрқиб кетарди. Массаж вақтида ўнг оёғимдан шунақанги ноодатий овозлар чиқардики, ҳозир синиб кетадигандек туюларди. Фаолиятим давомида ҳеч қачон оғриқдан ҳоли бўлмаганман. Ҳар бир машғулот мен учун сўнггиси бўлиши мумкин эди. Баъзан менга: «Ахир Бажжосан-ку, бу нарсалар сен учун осон бўлиши керак», — дердилар. Шундай вақтларда жаҳлим чиқарди. Нима учун улар қандай азобда қолганимни тушунишни истамайдилар».

Бажжо азоб чекиб бўлса-да, футболга қайтишга муваффақ бўлди. Флоренцияда беш мавсум давомида ажойиб ўйин кўрсатди. Ҳамма уни севиб қолганди. «Фиорентино»ни усиз тасаввур қилиб бўлмасди. Аммо...

1990 йилда «Фиорентино» клубига эгалик қиладиган Понтеллолар хонадони «Ювентус»дан жуда «мойли» таклиф олади. Туринликлар Роберто Бажжо учун 19 миллион доллар таклиф қиладилар. Ўша вақтда бунақаси ҳали кузатилмаганди. «Фиорентино» хўжайинлари бу таклиф устида ўйлаб ҳам ўтирмадилар. Фақат, иккита муаммо уларнинг йўлини тўсиши мумкин эди. Биринчидан — Бажжонинг ўзи Флоренцияни тарк этишни истамасди. Иккинчидан — «Флоренция» мухлислари Робертодан ажралишни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Агарда уни мажбуран сотиб юбориладиган бўлса, Флоренцияда оммавий намойишлар бошланиб кетиши ҳам мумкин эди.

Бироқ, бу ўринда Понделлилар хонадонига қойил қолса бўлади — улар Бажжони ҳам «Ювентус» билан шартнома имзолашга мажбур қила олдилар, мухлисларни ҳам Робертонинг сотқин эканига ишонтира олдилар. Оқибатда, Флоренция кўчалари Бажжони лаънатловчи мухлислар билан тўлди. Бу Бажжога қилинган илк ноҳақлик эди ва футболчига оғир зарба бўлди. «Улар барчасини менсиз ҳал қилдилар. Охир-оқибат Туриндан тушган таклифни қабул қилишга мажбур бўлдим. Ўзимни севгилисидан айрилиб қолган ошиқдек ҳис қилмоқдаман», — дейди кейинроқ ўша воқеаларни эслаган Бажжо.

Яхши ҳамки терма жамоани мажбуран алмаштиришнинг иложи йўқ. Тўқсонинчи йилларнинг бошида Италия терма жамоасини Роберто Бажжосиз тасаввур қилиб бўлмасди. Бажжо 1993 йилда «Олтин тўп» совринини қўлга киритади ва 1994 йилги жаҳон чемпионатига мусобақа кашфиёти бўлиш умидида ташриф буюради. Бироқ минг қилганда ҳам, Италия терма жамоаси — бу Италия терма жамоаси бўлиб қолаверади. Гуруҳ баҳслари одатдагидек ўта мураккаб кечди. Ҳатто итальянлар гуруҳдан чиқа олмай қолиши ва Бажжо мусобақанинг энг омадсиз юлдузига айланиши мумкин эди. Якунда барибир ҳамма нарса ўзгаришсиз қолиб кетди. Италия одатдагидек гуруҳдан қийналиб чиққач, ўзидан кутилган ўйинни намойиш этиб берди, финалга чиқди. Аммо Бажжо...

Итальянлар нимчорак финалда Нигерия терма жамоасига қарши майдонга тушдилар. Африкаликлар чемпион бўлиш орзусида эдилар, шундай бўлишини Пеленинг шахсан ўзи башорат қилганди. Бироқ футбол қироли билан Бажжонинг фикрлари бир-бириникига тўғри келмади. Италиялик юлдуз 88-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди ва чорак финал нашидасини сура бошлаган нигерияликларни қўшимча бўлимга таклиф қилади. Қўшимча бўлимда пенальти ишлаш ва уни голга айлантириш Бажжо учун унчалик қийин бўлмади. Бўри қон хидини сезгани сингари, Роберто ҳам гол исини олган ва уни тўхтатиб қолишнинг имкони йўқдек туюларди. Чорак финалда испанлар ҳам шундай услубда доғда қолдирилди. Испанлар 87-дақиқага қадар ғалабага ишонгандилар, бироқ Бажжонинг голи Пиреней ярим ороли вакилларининг орзуларини ўн олти йилга суриб юборди. Болгарияга қарши кечган ярим финал учрашуви яна-да муваффақиятли кечди. Бажжо дублга эришди. Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичида бешта гол киритиш — бунақасини ҳозир ҳам орзу қиладилар!

Бутун дунё Бажжонинг ўйинини иштиёқ билан, нафас ютиб томоша қиларди. Дарҳақиқат, рақибларини ўнгу-сўлда қолдириб, нафис ҳаракатлари билан тўпни олиб ўтаётган юлдузнинг ўйинлари бетакрор эди. Аммо бу ҳаракатлар Бажжо учун қай даражада азоб берганини биладиган инсонлар кўп эмасди. Табиблар Робертога финал учрашувида майдонга тушмасликни маслаҳат бердилар. Шундоғам футболчи ҳар бир учрашувда оғриқ қолдирувчи укол ёрдамида ўйнаб келаётганди. Бироқ, жаҳон чемпионатининг финалида оёқсиз қолиб кетсалар ҳам ўйнайдилар. Бажжо ҳам асосий таркибда майдонга тушди.

Ўша учрашувда нима бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Қўшимча бўлим ҳам, пенальтилар серияси ҳам қандай кечганидан бохабармиз. Бажжонинг машъум зарбасини ҳам бир неча бор томоша қилганмиз. Кўпчилик шундан сўнг Бажжони роса надомат қилди, уни омадсизга чиқарди. Албатта, ҳамманинг фикрини ўзгартириб бўлмайди. Аммо...

Неча бор пенальтидан гол ура олмаган футболчиларни кўрганмиз. Биргина хато туфайли қақшатқич мағлубиятга учраган спортчиларнинг ҳам кўпини кўрганмиз. Аммо, ҳозир ўзингиз ҳисоблаб кўринг, улардан нечтаси ёдингизда қолган. Кўпми? Камми? Ёдингиздан чиқибдими? Бажжоники-чи?

Яқинда ЖАР майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Асамоа Гьяннинг хатоси туфайли Гана терма жамоаси ярим финал йўлланмасидан маҳрум бўлди. Аммо, ишончим комилки, бу нарсани бир йилдан сўнг эслайдиган одам кам қолади. Бироқ Бажжонинг хатосини ҳеч ким унутмайди. Бу ерда гап жаҳон чемпионати финали ҳақида ҳам бормаяпти. Финал учрашувларида ҳам тўпни қийшиқ тепганлар кўп топилади. Уларни эслайдиганлар эса жуда кам. Бажжонинг айби битта — у буюк футболчи эди. Буюкларнинг хатоси ҳам буюк бўлади.

Ўша хатодан сўнг, Бажжонинг фаолияти ортга қараб кета бошлади. «Ювентус»даги ишлари ҳам чаппа бурилди. Аввалига Майфреди ва Трапаттонилар мураббийлик қилганида жамоа етакчиси бўлди. Йил ўтган сари голлари ҳам кўпайиб борди. 1993 йилда А серияда 21 та гол киритди, УЕФА Кубогида ғолиб чиқди, «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Бироқ Марчелло Липпи келгач, барчаси ўзгариб кетди. Мураббий «Ювентус» бошқарувини қўлига олган заҳоти, «Бажжога қарам бўлмаган жамоа» яратишини эълон қилди. Табиийки, бундай баёнот ҳар қандай юлдузга ҳам ёқмайди. Бугунги Роналдуга шундай гапни айтиб кўрингчи... Бироқ Бажжо оғир-босиқ инсон эди. Индамади. Аксинча, мураббийнинг ёнини олди. «Липпи мени танқид қилгани йўқ. Аксинча, у менга ёрдам бермоқчи ва масъулиятдан озод қилиб, босимни олиб ташламоқчи», — деганди.

Бироқ мураббий ҳақида бундай деб бўлмасди. У жамоада ким асосий қаҳрамон эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Бунинг устига, жаҳон чемпионати вақтида қийнаб қўйган жароҳат яна ўзи ҳақида эслата бошлади. Бажжо даволанаётган вақтда, Туринда бошқа юлдуз пайдо бўлди — Алессандро Дель Пьеро. Тўғри, Дель Пьеро ҳам инсонийлик хислати томонлама Бажжодан қолишмасди ва одобли ўқувчи сифатида юлдузнинг ҳурматини жойига қўярди. Аммо Бажжонинг мундиалдаги тўкилган нуфузи «Ювентус» президенти Аньеллига хуш келмади ва унинг жамоадан кетиши учун қўлидан келган барча ишни қила бошлади. Матбоут орқали қилинган ҳақоратлар ва арзимаган маош таклиф қилинган янги шартнома ўз мевасини берди ва Бажжо «Ювентус»дан кетди. Бажжони навбатдаги марта футболни эмас, пулни яхши кўришда айбладилар...

«Милан»да кечган икки йил давомида Бажжо ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Унга юлдуз сифатида қарамай қўйдилар. Роберто борган сари сўниб бораётганди. Ниманидир ўзгартириш вақти келганди.

Роберто ўзгартирди. Кўп нарсани ўзгартирди. Энг аввало ўртамиёна «Болонья»га ўтди. Кейин, ўзининг ташриф қоғозига айланиб қолган, соч турмагини калталатди. Деярли ҳамма бу қарорни бир хил баҳолади — Бажжо фаолиятини тугатишга чоғланган.

А, йўқ. Ўзгаришлар буткул бошқача натижа келтирди. Гарчанд, «Болонья»да ҳам мураббийлар билан боғлиқ машмашалар давом этган бўлса-да, Бажжо икки йил давомида ажойиб ўйин кўрсатди. 1998 йилда А серияда 22 та гол киритади ва Чезаре Мальдини уни Италия терма жамоасига жалб этишга мажбур бўлади. Аслида, «скуадро аззурро» бош мураббийининг Бажжога унчалик кўзи учиб тургани йўқ эди. Фақатгина матбуот ва мухлислар томонидан ўтказилган босим Робертонинг 1998 йилги жаҳон чемпионатига боришига сабаб бўлди.

«Мен бахтлиман, — деганди ўшанда Бажжо. — Илк бора мундиалда қатнашганимда, учинчи ўринни олгандик, иккинчисида иккинчи ўринда қолиб кетди. Энди учинчи марта иштирок этаман ва биринчи ўринни олиш вақти келди!»

Аммо Мальдини бошқа хаёлда экани фақатгина Франция майдонларида кўриниб қолди. Мураббий Бажжодан Дель Пьеронинг ўринбосари сифатида фойдаланмоқчи бўлди. Роберто бу қарорга ҳам норозилик билдирмади. Индамади. Гарчанд Дель Пьеронинг ўйини ҳеч қовушмаётган ва жамоани қийнаётган бўлса-да, Мальдини қайсарлик билан уни асосий таркибда тушираверди. Ўйин тақдирини эса, Бажжо ҳал қилаверди. Унинг уринишлари эвазига гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлдилар. Солиштириб кўриш учун бир фактга эътибор берсангиз кифоя, заҳирадан тушиб ўйнаган Бажжо мундиалда иккита гол киритди, Дель Пьеро эса — 0 та...

Мундиалдан сўнг, Бажжони «Интер»га таклиф қилдилар. Бу ерда ўтказилган биринчи йил одатдагидек яхши кечди. Аммо кейинги йили эски «қадрдон» Марчелло Липпи «Интер» бош мураббийи этиб тайинланди. Роберто яна жамоадан бадарға қилинди. Бу сафар «Брешиа»га.


Фақатгина «Брешиа»да Бажжонинг энг ажиб дамлари кечди. Бу ердаги ҳар бир нарса унга меҳр бера олди. Мухлислар ҳам, жамоадошлар ҳам унга нисбатан ҳурмат билан қарадилар. Илк бора бош мураббий ҳам унда ўзининг рақобатчиси эмас, ҳамкорини кўрди. Карло Маццоне Бажжога ўзи хоҳлаганидек ўйнашига имкон берди ва «Брешиа» илк бора халқаро турнирда иштирок этди. Бажжонинг ёлғиз ўзи бутун жамоани елкасида олиб юрди. Натижада, уни яна эслай бошладилар, матбуотнинг бутун диққати камтаргина «Брешиа»га қаратилди. 2002 йилги жаҳон чемпионати яқинлашгани сари, Бажжони Италия терма жамоасига жалб этиш тўғрисида хитоблар янграй бошлади. Ҳатто, футболчининг оғир жароҳат олиб, олти ой давомида ўйиндан ташқарида қолиб кетиши ҳам бу хитобларни сусайтирмади. Натижада, ўша вақтда Италия терма жамоасини бошқариб турган Жованни Трапаттони Бажжони мундиалга олиб кетиш ваъдасини беришга мажбур бўлди. «Ҳаммаси табибларга боғлиқ, — деганди «скуадро аззуро» бош мураббийи. — Шахсан ўзим охирига қадар Робертонинг тузалиб, сафга қайтишини кутаман».

Чиройли гаплар. Аммо, ҳар қандай ваъда ҳам амали билан гўзал. Бажжо сафга қайтиш учун қўлидан келган ва келмаган барча ишни амалга оширди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг, ўттиз саккиз кун ўтгач, машғулотларга киришди. Етмиш кун ўтгач, майдонга тушди. Табиблар яна бир бор ҳайратдан донг қотдилар. Бажжо имкони йўқ ишни амалга оширганди. Бироқ Трапаттони ваъдасини бажармади. Бажжо мундиалга бормади. Эссиз. Катта йўқотиш эди бу. Жуда катта йўқотиш...

Зафар Қосимов


Манба: «Чемпион» газетаси
Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 816 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Афсона... | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]