Главная » 2011 » Mart » 31 » Мундиал формуласи (Оригинали)
09:20:46
Мундиал формуласи (Оригинали)

Бугун Куала-Лумпурда 2014 йили Бразилияда ўтадиган Жаҳон чемпионатининг биринчи саралаш босқичига қуръа ташланади. Осиё қитъаси учун бу сафар ҳам 4.5та жой ажратилди, қолган яримта жой учун Океания билан беллашамиз. Хўш, Бразилияга бора оламизми ёки йўқ? Имкониятларимиздан келиб чиқиб, Абрамовнинг гапига ишонсак бўладими? Келинг, бир фантазияга берилайлик-да, ЖЧ-2014га олиб борадиган йўлни тахминан чизиб кўрайлик. Осиёдан 43та жамоа мундиалга чиқиш учун «кураш олиб боради». Рейтинг тартиби бўйича қуйидаги терма жамоалар:

1. Япония,
2. Жанубий Корея,
3. Австралия,
4. КХДР,
5. Баҳрайн,
6. Саудия Арабистони,
7. Эрон,
8. Қатар,
9. Ўзбекистон,
10. БАА,
11. Сурия,
12. Уммон,
13. Иордания,
14. Ироқ,
15. Сингапур,
16, Хитой,
17, Кувайт,
18. Таиланд,
19. Туркманистон,
20. Ливан,
21. Яман,
22. Тожикистон,
23. Гонконг,
24. Индонезия,
25. Қирғизистон,
26. Мальдив ороллари
27. Ҳиндистон,
28. Малайзия,
29-30. Афғонистон, Камбожа,
31. Непал,
32. Бангладеш,
33-34. Шри-Ланка, Вьетнам,
35. Мўғулистон,
36. Покистон,
37. Фаластин,
38. Шарқий Тимор,
39. Макао,
40-41. Хитой Тайпейи, Мьянма,
42-43. Филиппин, Лаос.
Хўш, рейтингда 9-чи ўриндамиз. Уни тузишда ўтган сафарги саралаш натижалари эътиборга олинган.

1-БОСҚИЧ
Бу босқичнинг бизга унчалик алоқаси йўқ. Энг паст рейтингдаги 16 жамоа бир-бири билан плей-оффда тўқнаш келади. Шу йилнинг 29 июнь ва 3 июль кунлари учрашувлар бўлиб ўтади. Алоқаси йўқ деганимнинг сабаби, кейинчалик бизга рақиб бўлиши мумкин бўлган терма жамоалар куч синашса-да, биз учун ноқулайини кўрмаяпман. Тепадаги рўйхатда Малайзиядан бошлаб, Лаосгача бўлган жамоагача.

2- БОСҚИЧ
Иккинчи босқичда биз ҳам аралашамиз. Ўша биринчи босқичдаги жуфтликларнинг ғолиби бўлган саккизта жамоага ўртача рейтингдаги 22 жамоа қўшилади. Ўртача рейтинг деганимиз бу — тепадаги рўйхатда Саудия Арабистонидан тортиб, Ҳиндистонгача бўлган терма жамоалардир. Мана шу ўттизта жамоа ўртасида плей-офф ўтказилади.

Биз учун 2-босқич қанчалик хавфли? Э, умуман хавфли эмас. ОФКнинг зўр одати бор. УЕФАдан фарқли равишда. Биздаги ўйинларнинг тижорий аҳамияти унчалик катта бўлмагани учун, аутсайдер ёки имконияти паст жамоаларни саралаш охиригача судраб юрмайди. «Алдаб-сулдаб», плей-оффлар билан воз кечиб қўя қолади. Бу нарса, айниқса, бизга ўхшаганлар учун ҳам фойда. Европада ўйнайвериб, Андорралар ҳам бир кун кучайиб қолар, аммо бизда ўн йил ухлаб турсак ҳам, ўша тоғорада чўмиламиз. Кучлилар кўпаймайди. Нималар деяпман, яхшиси, саралашимизни давом эттирақолайлик.

Демак, бу сафар ҳам рейтинг жонимизга ора бўлади. Ахир ўттизталик ичида Эрон, Хитой, Саудия каби кучли жамоалар бор, яхшиямки, уларга рўбарў келмаймиз. Биз мана шу 30та жамоа ичида рейтинг бўйича тўртинчи ўриндамиз! Плей-оффда эса бизга рейтингда 15-30-ўриндаги жамоалар рақиб бўлиши мумкин. Тезда яна юқоридаги рўйхатга қараймиз. Кимлар бор? Тепадаги бешта гигантдан қутулганимизни инобатга олсак, 21-ўриндаги Яман терма жамоасидан пастга қараб юрамиз. Пастдаги ҳар қандай жамоа бизга рақиб бўлиш эҳтимолига эга. Хавфлироғи бормикин... Хўўш. Ҳа, Гонконг бор экан. Яман. Тожикистон. Қирғизистон. Индонезия. Хуллас, кулгимни қистатманг, бу жамоаларнинг ҳар биридан ўтса бўлади. Биргина Индонезия Қатардаги ўйини билан бизни хавотирга солар балки, аммо бошқа тарафдан агар Индонезияни юта олмасак, ЖЧда пишириб қўйибдими дейдиган одамлар кўп. Бу босқичдан эсон-омон ўтволдик. Биласизми, ўтишимиз шарт. Чунки агар қолиб кетсак, нафақат Бразилия, ҳатто Россияга боришимиз ҳам қийинлашиб кетади. Сабаби, кейинги сафар қуръа ташланаётганда биз рейтингнинг пастки қисмидан ўрин оламиз, қарабсизки, иккинчи босқичнинг ўзи ҳам бизга хавф сола бошлайди. Худо сақласин-а.
Ўйинлар шу йилнинг 23-28 июль кунлари бўлиб ўтади.

3-БОСҚИЧ
Демак, киборларча юришимиз билан Навкаровни танқид қила-қила учинчи босқичга ҳам етиб келдик. Биз доим бу тўсиқдан ўтиб келганмиз. Сал қийналганимиз ЖЧ-2006 саралашидаги учинчи босқич бўлган. Ироқ билан Тошкентда дуранг ўйнаб қўйиб, кейин уларнинг хатосини кутишга мажбур бўлганимизни эсланг. Яхшиямки, сўнгги тур вакилларимизнинг сафардаги ғалабаси билан якунланган. Ироқликларга босим юклаб, Фаластин бизга қарашиб юборганди. Бошқа тарафдан, у пайтларда ҳар гуруҳдан биттадан жамоа кейинги босқичга ўтганини ҳам таъкидлаш жоиз. Учинчи босқичда кимлар билан ўйнаймиз?

Энди анови бешта «гигант» мусобақага аралашади. Рейтинг ҳам доим балогардон! Бешаловини биттадан гуруҳга бош қилиб қўйишади. Қолган 15та жамоа (плей-офф ғолиблари) гуруҳларга тарқатилиб, бешта гуруҳ ҳосил бўлади. Ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа сўнгги босқич йўлланмасини қўлга киритади.

Эсингиздами, биз тўққизинчи ўринда эдик, бундан келиб чиқсак, иккинчи саватчадан жой оламиз. Эрон, Қатар, Саудия Арабистони ва БААдан қутулдик. Агар гуруҳдан иккитадан жамоа чиқишини эътиборга олсак, анови «гигант»ларданам (айтиб қўяй, аслида ўшалардан ҳам иккитаси — Баҳрайн ва Шимолий Корея, у қадар ҳам гигант эмас) ютқазсак бўлаверади. Биз учун энг хавфлиси — бу учинчи ва тўртинчи саватчалар. Тепадаги рўйхат бор-у, биздаям, 11-15-ўриндаги жамолар билан танишамиз — Сурия, Иордания, Ироқ, Хитой ва Кувайт ҳақиқатан кучли жамоалар. Мана, биз қоғозда босқичлардан ўтиб келяпмиз-у, худди шу каби бу жамоалар ҳам бир текисда учинчи босқичга етиб келишса нима бўлади? Қийин бўлади, ишонинг. Бутун эътиборимизни қуръага қаратишга мажбур бўламиз.

Масалан дейлик, 3-босқичдаги гуруҳимиз — Япония, Ўзбекистон, Ироқ, Хитой кўринишида бўлишиям мумкин. Тасаввур қиляпсизми? Булар масалан ўтган сафарги рақибларимиз – Сингапур ва Ливанлардан анча кучли ва мундиалга борини ташлайдиган жамоалар, тўғрими? Ёки аксинча – Баҳрайн, Ўзбекистон, Уммон, Хиндистон – кўринишидаги гуруҳда ўйнармиз. Хуллас, шуни айтмоқчиманки, ҳар доимги вазиятдан келиб чиқиб, учинчи босқич ўйинларини менсимаслик нотўғри бўлади. Гуруҳлар ҳатто тўртинчи босқичдагидан ҳам қийинроқ кўриниш олиши мумкин. Сабаби, учинчи босқичнинг учинчи жамоасида имконият бўлмайди. Тўртинчи босқичда эса 3-ўрин соҳибига ҳам имкон бўлади

Майли, қўрқитиб юбордим. Ўтамиз ўша охиргидан битта олдинги мусобақасидан ҳам. Айтганча, олдинги турнирдан фарқли равишда бу сафарги 3-босқич гуруҳ ўйинлари февраль ойида бошланмайди. Мана шу йилнинг 2 сентябрида бошланиб, 2012 йил, февраль охирида ниҳоясига етади.

4-БОСҚИЧ
Бир амаллаб, энг охирги босқичга ҳам етиб келдик. Энди бояги бешта гуруҳдан иккитадан жамоа — жами 10та жамоа икки гуруҳга бўлинади.

Давомини кеча чиққан "Чемпион" газетасида ўқишингиз мумкин ...http://championat.uz/

Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 1070 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Мундиал формуласи (Оригинали) | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]