Главная » 2011 » Yanvar » 6 » Пьерлуиджи Коллина: «Хатоларни унутмаган, яхши ҳакам бўла олмайди
19:32:46
Пьерлуиджи Коллина: «Хатоларни унутмаган, яхши ҳакам бўла олмайди
Ўтган ҳафтада Москвада Castrol Professional Leadership Award анъанавий номзодларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шу куни Москвага УЕФА ҳакамлар қўмитаси раиси, афсонавий ҳакам Пьерлуиджи Коллина ҳам ташриф буюрди. Футбол оламида «Фантомас» номи билан машҳур бўлган арбитр рус журналистларининг диққат-эътиборини тезда ўзига қаратди. Вазиятдан фойдаланган ҳамкасбларимиз уни суҳбатга тортишди.

Коллина ҳамкасбларимиз билан бўлган суҳбатда нега ушбу йил ёзда Украинада ишлай бошлагани, ҳакамлик фаолияти давомида йўл қўйган хатоларини эслай олмаслиги ва футболчи сифатида қайси чизиқда ўйнашни хуш кўриши ҳақида сўзлаб берди.

— Пьерлуиджи, сиз энди умуман майдонда ҳакамлик қила олмаслигингиз жуда ачинарли ҳолат. Сиз бошқарган учрашувлар кўпроқ жозибали чиқарди. Нима сабабдан Италиядаги фаолиятингиз ёш борасида чегара туфайли ниҳоясига етгач, Англияда ишлаш таклифини рад этдингиз. Ахир, Англияда бу ёшда ҳам ҳакамлик қилиш мумкин эди-ку?
— Чунки Италия ажойиб мамлакат! Ҳазил албатта. Умуман олганда, буни ҳазил ҳам деб бўлмайди. Мен ростдан ҳам Италияни жуда яхши кўраман ва итальян эканлигимдан фахрланаман. Менга ҳакамлик фаолиятимни давом эттиришим учун жуда кўплаб таклифлар бўлганди. Бироқ баъзида ҳаёт тарзингни ўзгартиринг, янги ҳиссиётларни бошдан кечиргинг келади... Мен 28 ёшимдан бошлаб, 17 йил давомида ҳакамлик қилдим. Бу менинг ҳаётимдаги жуда катта бир давр. Шунча  йиллик фаолиятдан сўнг, энди бошқа майдонга қайта олмаслигимни ўйлаб, бу ҳолатга кўникишим жуда қийин кечган. Орадан беш йил вақт ўтган бўлса-да, мен янги иш билан шуғулланаётган бўлсам-да, баъзан учрашувларни кузатгани борсам ўйлаб қоламан: «Эҳ, мана шу учрашувни бошқариш учун қанча тўла дейишса, рози эдим», деб.

— Йўғе?
— Ҳа, чин сўзим. Мана, масалан, икки йил муқаддам Москвага Чемпионлар Лигаси финалини томоша қилиш учун таклиф этилгандим. Ўшанда учрашувни бошқарадиган ҳакамлар майдонга чиқиб келгач, рафиқамга қарата «Ҳозир мана шу ҳакамни ўрнида бўлиб қолгим кел­япти» дегандим. Агар сиз ишингизни яхши кўрсангиз, бир умр уни давом эттиришни хоҳлайсиз. Бироқ бунинг иложи йўқ.

— Ҳозирда сиз, фаолиятингизни Украинада давом эттиряпсиз. Бу ерда янги лойиҳангиз бор...
— Аслида гапни фаолиятимни якунлагач, Италия футбол ассоциацияси ва УЕФАда фаолият олиб борганимдан бошлаш керак эди. Мен фақатгина шу йил июлдан бошлаб Украинада фаолият олиб бора бошладим. У ерда мен ҳакамлик масалалари шуғулланаман.

— Очиқроқ гапирадиган бўлсак...
— Мен ҳар доим очиқ гапирганман. Ҳеч қачон бошқача гапирган эмасман.

— Албатта, бунга шубҳа қилмайман. Шу боисдан ҳам очиқ савол-жавобни давом эттирмоқчиман: сиз Украинага келганингиздан сўнг, ҳакамликка қандай баҳо бердингиз? У ердаги коррупция қай даражада?
— Сиз журналистлар ҳар доим бу борада гапиришни яхши кўрасизлар. Бироқ бу асосий муаммо эмас. Асосий муаммо яхши тайёргарлик, профессионализм, тизимни ўзгартириш ва жаҳон стандарт­лари асосида иш олиб боришда. Айнан мана шу масалалар билан УЕФАда мен шуғулланаман.

— Буларнинг барчасига қандай қилиб эришмоқдасиз?
— Бунинг бир қатор усуллари мавжуд. Бунга янги тизимни жорий қилиш, ҳакамларни тайёрлаш киради. Бу нафақат ҳакамларнинг жисмоний тайёргарлиги, балки руҳий тайёргарлигини ҳам ўз ичига олади. Бу универсал тизим саналади. Уни ҳар қандай давлатда қўллаш мумкин. Бу тизим нафақат Украинада, балки УЕФАда ҳам ҳакамларни тайёрлаш тизими сифатида фойдаланиши лозим. Бунга Ҳакамлик конвенцияси асос қилиб олиниши керак бўлади.

— Сиз Росссиялик ҳакамларни ҳам яхши билишингиз керак. Уларнинг савиясига қандай баҳо берган бўлардингиз?
— Россияда бир нечта яхши ҳакамлар мавжуд. Агар Чемпионлар Лигасининг сўнгги мавсум учрашувларини кузатадиган бўлсак, сўнгги турда Марселдаги учрашувни бошқарган Николаев ёки Безбородов каби ҳакамларни тилга олиш мумкин. Мен яна бир қатор исмларни ёдга олишим мумкин. Бир сўз билан айтганда, россиялик ҳакамлар профессионаллик сари олға боришмоқда.

—Бир сафар рекламаларнинг бирида сизнинг бош билан дарвоза тўрини ишғол қилганингизни кузатгандик. Умуман, бўш вақтингизда майдонда тўп тепишни хуш кўрасизми?
— Умуман олганда, ёшлигимда футбол ўйнаганман. Бу ўсмирлик йилларимгача давом этган. Кейин ҳакамликка ўтгач, ҳакамлар билан бирга хайрия учрашувида майдонга чиққандик. Ўшанда рақибларимиз машҳур шахслар (хонандалар, пойгачилар, Формула-1) бўлганди. Бизнинг учрашувни томоша қилиш учун 35 мингдан ортиқроқ томошабин кузатиб борганди.

— Футболчи сифатида қайси чизиқда ўйнагансиз?
— Энг сўнгги ҳимоячи (Либеро). Ёки уни яна бошқача ном билан «sweeper» деб аташади. Ҳозирги кунда футболда бундай чизиқда тўп сурувчи футболчи йўқ. Чизиқли ҳимоянинг вужудга келиши натижасида бу позиция ўз-ўзидан йўқолиб кетди. Шунга ўхшаш вазифани марказий ҳимоячилар бажаришмоқда.

— Сизнинг 30 йил мобайнида ҳакамлик билан шуғулланганингиз кундалик ҳаётингизга халақит берган пайтлари бўлганми?
— Сиз майдонда кундалик ҳаётдаги каби бўла олмайсиз. Ёки аксинча, кундалик ҳаётда ҳакамлик ролини худди «актёр» сифатида ижро эта олмайсиз. Албатта, ҳакамлик учун лозим бўладиган баъзи кўникмалар кундалик ҳаётда ҳам қўл келиши мумкин. Масалан, зарур ҳолатларда сония ичида тезкор қарор чиқариш лозим бўлса. Бунинг учун ҳам, албатта, яхши тайёргарлик лозим бўлади.

— Ҳаётда ҳам шундай вазиятлар бўладики, бу сизнингча ноҳақлик. Шундай вазиятларда сиз ўрганиб қолганингиздек, кимгадир сариқ карточка кўрсатган пайтларингиз бўлганми?
— Йўқ, аксинча. Мен ҳаётда ўзимни турли ҳолатларда синаб кўраман. Ўзимга нисбатан талабчан бўлиш — жуда яхши ҳислат. Ўз хатоларини таҳлил қилмасдан туриб, ҳеч бир шахс ўзининг ўсиши учун замин яратиб бера олмайди.

— Майдонда хатога йўл қўйган пайтларингизда бундан қаттиқ афсусланганингизни эслаб қолганмисиз?
— Ҳар бир ишни бошлашда юзага келадиган хатолар нормал ҳолат саналади. Ҳар бир шахс учун, ҳаттоки, энг яхши ҳакамлар учун ҳам нормал ҳолат саналади. Бироқ бу касбни танлашдан олдин мен ўзимга ишонганим учун бу қарорни қабул қилганман. Агар сиз майдонда хатога йўл қўйганингизни сезиб қолсангиз, буни тезда унутишингиз ва кейинги вазиятларни яхши бошқариш учун ҳаракат қилиш лозим бўлади. Бундай хатони такрорламасликка ҳаракат қилиш керак. Агар сиз барча хатоларингизни эслаб қоладиган бўлсангиз, сиздан яхши ҳакам чиқиши қийн.

— Сизнингча видеотакрорни футбол қоидаларига киритиш ҳакамларнинг хатоларини камайтиришга ёрдам берадими?
— Бу Халқаро футбол ассоциациялари  итифоқига бериладиган савол. Улар ҳозирги кунда айнан мана шу масала юзасидан бош қотиришмоқда. Улар бундай технологияларни майдонда қўллаш мумкин бўлган имкониятларни излашмоқда. Ҳозирча қўшимча иккита  ҳакамлардан тажриба сифатида фойдаланишмоқда. Ўтган йили Европа Лигасида, бу йил эса Чемпионлар Лигасида ҳам қўлланилмоқда. Демакки, қайсидир маънода бу усул фойда берган дейиш мумкин.

— Майдондаги баъзи ҳолатларни кузата туриб: «Эҳ, шу вазиятда видеотакрор бўлганда яхши бўларди», деган пайтларингиз ҳам бўлганми?
— Мен бу ҳолатни бўлиши мумкин бўлмаган ҳодисот сифатида биламан. Умуман олганда, ҳеч бир ҳакам ўзи белгилаган ҳолатни видеотакрор орқали кузатишни ёқлаб чиқмайди. Бу ҳолатни шунчаки нохолислик деб баҳолаган бўлардим.

— Ҳакам майдонга чиқар экан, унинг эстетик жиҳатдан тайёргарлиги ҳам ҳам яхши бўлиши керак, деб ҳисоблайсизми?
— Бу жуда зарур. Жуда зарур. Агар сиз ўйинни тўлиқ назоратингиз остида ушлаб туришни истасангиз, бу жиҳат сизга жуда асқотади. Ҳакам ўйинни яхши кузата олишни истаса, эстетик жиҳатдан тайёргарлик ҳам муҳим саналади. Сиз бунинг натижасида ким гол урганини ва ҳаттоки, ҳисоб қандай эканлигини ҳам унутиб юборишингиз мумкин. Агар бу ўйиндаги ҳолатлар кейинчалик лозим бўлса DVD орқали кузатиб олиш мумкин бўлади.

— Сизнингча, футбол учрашувини телевизор қаршисида кўриш қулайроқми, ёки майдондан туриб кузатишми?
— Майдондан туриб кузатиш бу — менинг ишим. Мен майдондан туриб, ҳакамлар ҳаракатини кузатишим лозим. Телевизор эса одатда футболчиларни кўпроқ намойиш этади. Лекин барибир телевизор қаршисида томоша қилишнинг ҳам ўзига яраша завқли томонлари бор.

— Сўнгги мавзудаги савол. Сиз болалик пайтингизда Римнинг «Лацио» жамоасига мхлислик қилишингизни таъқидлаб ўтгандингиз...
— Мен у ерда 13 ёшимдан бошлаб тўп тепганман. Агар мен ҳакам бўлмаганимда, балки, бир умр ушбу жамоанинг мухлиси бўлиб қолишим мумкин эди. Сабаби бизда, яъни Италияда ҳар бир мухлиснинг, албатта, биттадан севимли жамоаси бўлади. Бир сафар Пармадаги университетда учрашув бўлганда университет талабалари мендан қайси жамоага мухлислик қилишим борасида сўраб қолишганди. Улар очиқроқ жавоб беришимни талаб қилишган. 

Бу вазиятда ҳеч қандай клубнинг номини айтмаслик ёки ҳеч қандай футболчини эсламасликнинг иложи йўқ эди. Шунда мен очиқчасига айтганман. Мен 13 ёшли бола сифатида Римнинг «Лацио»сига  мухлислик қилганимни тан олганман. Бироқ профессионал фаолиятимни бошлаганимдан сўнг бундай ҳиссиётларни унитишимга тўғри келган. Мана, масалан, професссионал футболчи бир жамоадан бошқа бир жамоага ўтгач, эски жамоасига қарши учрашувда майдонга чиқади. У эски жамоасидаги фаолиятини эслаб бошқача ўйин кўрсатиб ўтирмайди-ку. Профессионал футболчи сифатида бу ҳолатни унутади. Сизга бир сўз билан айтадиган бўлсам, мен бугун қайсидир жамоанинг мухлиси эмасман. Мен УЕФА ҳакамлар қўмитасининг бир аъзосиман, холос.

— Ҳеч бўлмаганда, яхши кўрган футболчингиз номини айтарсиз?
— Улар жуда кўп. Агар мен ҳакамлик фаолиятим давомида кузатган футболчиларга тўхталадиган бўлсак, Рональдиньо, Баджо, Кака, Зидан, Месси, Бэкхэм, Криштиану Роналду, Мальдини каби футболчиларни эътироф этган бўлардим. Балки Марадона иштирок этган учрашувларни бирор марта бошқармаганим сабабли уни бу рўйхатга киритмагандирман. Диего иштирок этган бирорта учрашувни ҳам бош­қариш имконига эга бўлмаганман. Бироқ, менга яна бир имконият беришса-ю, Марадона футболчи майдонга тушса, бу учрашувни жон деб бошқарган бўлардим.
Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 985 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: яхши ҳакам бўла олмайди, Пьерлуиджи Коллина: «Хатоларни унут | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]