Главная » 2011 » Mart » 21 » Терма жамоа ҳақида
21:44:04
Терма жамоа ҳақида


Сўнги пайтларда терма жамоамиз атрофида жуда кўп янги фикрлар янграмоқда. Миллий жамоамиз ҳам анча фаоллашиб қолди. Тўғрироқ қилиб айтганда нормал ҳаёт кечира бошлади. Илгари шунчаки жуда пассив эдик. Бугун "Чемпион” да чоп этилган бўлса керак, мен сайтда Қаҳрамон ва Олимхўжаларнинг терма жамоамизнинг услуби тўғрисидаги фикрларини ўқидим. Жуда қизиқ ва долзарб мавзу. Вадим Абрамов терма жамоага бош мураббий бўлганида ушбу ғоя биринчи марта янграган эди,ёдимда. Нима бўлганда ҳам, яхши. Ғоя бўлмаганидан бўлгани яхши. Бунинг нимага олиб келиши унчалик муҳим эмас. Чунки ярим йўлда коррекция қилиш имконияти ҳар доим бўлади. Йўқотадиган нарсамиз йўғу бари бир.

Қаҳрамон ва Олимхўжа атрофлича ўз фикрларини изҳор қилишган. Уларнинг анчасида жон бор. Терма жамоамизнинг Қатардаги иштироки кўпчилик учун кутилмаган бўлгани шубҳасиз. Аммо, мен учун эмас.Ушбу жамоа билан узоқ вақт бирга бўлганман ва унинг салоҳиятидан яхши хабарим бор эди. Шундай бўлса-да, мен Осиё Кубогидаги натижаларимизни эҳтиёткорлик билан қабул қилган бўлар эдим. Жуда кўпчилик бунга ортиқча баҳо бериб юборяпти. Аслида эса ҳеч қандай мўжиза содир бўлгани йўқ. Биз шунчаки бир-биримизга тузук тўп оширишни ўрганиб олдик. Бор йўғи шу. Осиё футболининг 4-5 жамоасидан ташқари савияси шунчалик пастки, элементар футбол ўйнай олсанг бу ерда яхши натижага эришишинг мумкин. Биз элементар тўпни назорат қилишга асосланган футбол ўйнашни эпладик. Аммо, бу ҳам етарли эмас экан,қарасак. Биз Кореядан кучсиз эдик. Бу яққол кўринди. Австралия бизга яна 4 гол уриши мумкин эди. Австралия билан бўлган баҳсдаги менга энг ёқмаган ҳолат-биз учрашув давомида ўз ўйинимизга ўзгартириш кирита олмадик. Биринчи голни қандай ўтказиб юборган бўлсак, қолган бештасини ҳам худди шундай усулда ўтказдик. Бу юқори савияли жамоа мақтана оладиган нарса эмас,албатта. Аммо, нима бўлган тақдирда бир нарса аён: Вадим Абрамов ҳеч бўлмаса футболчиларга тартибли, тўп оширишга асосланган, қаердадир ақлли футбол ўйнашни ўргата олди. Ярим йиллик меҳнат учун бу яхши натижа. Жуда яхши.

Жуда кўп мақолаларда эътибор қиляпман бир фикр қайта-қайта такрорланаяпти. Қаҳрамон ҳам бир неча бор шу фикрни билдирганлар: Ўзбекистон терма жамоаси "Барса футболи” услубида тўп суряпти. Менимча бу асосга эга бўлмаган фикр. Ўзбекистон терма жамоаси ҳеч қачон Барса услубида тўп сурмаган ва ҳали бери тўп сурмаса керак. Биз шунчаки тўпни назорат қилишни ўргандик. Аммо бу Барса футболи дегани эмас. Жаҳонда юзлаб терма жамоалар ва клублар бундай услубда тўп суришади. Бутун Лотин Америкаси ушбу услубда тўп суради. Улар Барсадан олдин бу ишни бошлашган. Аякс ушбу услубда тўп суради.

Ўзи "Барса футболи” деганда биз нимани тушунамиз? Ўзизга шу саволни бериб кўринг. Нима у? Тўпни назорат қилишми? Тинимсиз тўп оширишми? Барса футболининг мағзи-тотал футболда. Ўша голландлар кашф қилган тотал футбол. Бутун Голландия клублари ушбу услубда тўп суради. Ҳозирда УЕФА Кубогида иштирок этаётган Твенте тотал футболнинг ёрқин мисоларидан бири. Аммо ҳеч ким буни эътиборига олмайди ҳам. Барса қаерда-ю, Твенте қаерда? Барсанинг сўнги учрашувдаги Алвешнинг голи ёдингиздами? Қаердан урди у? Таянч ярим ҳимоячи зонасидан. Мана шу тотал футболининг мағзи. Ярим ҳимоячи ҳужум давомида марказий ҳимоячи жойида, қанот ҳимоячилари қанот ҳужумчилари ролида. Ҳужумчилар ярим ҳимоячи ролида. Тўпни доимо назоратда ушлаш. Тўпни йўқотганда дарҳол прессинг. Рақиб майдонидаёқ прессинг. Энди манга айтинг: Шуларнинг қайси бирини Ўзбекистон терма жамоасига нисбатан ишлатишимиз мумкин? Тўпни ҳимоя зонасида бир-биримизга тинимсиз оширган билан Барса бўлолмаймиз. Барсанинг ўйинларини ДВД да кўрган билан Барса бўлишнинг иложи йўқ. Чунки Барса бу тизим эмас. Яъни нафақат тизим. Ушбу тизимда тўп сурадиган жамоалар кўп. Бу уни Барса қиладиган бетакрор футболчиларнинг бир даврда туғилиб қолганида. Бу футбол тарихида бир мартагина чиққан жамоа. Илгари бошқа бунақа "жамоа” бўлмаган. Бундан сўнг ҳам бўлмайди. Ушбу жамоанинг УНИКАЛЛИГИНИ (бетакрорлигини) тасаввур қиляпсизми? Шунинг учун Ўзбекистонни Барса услубида тўп сурди дейишса мен очиғи тушунмайман буни. Чунки Ўзбекистон ҳеч қачон бундай футбол намоиш эта олмайди. Ҳеч ким буни қила олмайди ўртоқлар. Биргина тўп оширишни эплаётганимиз учун "Барса услубида” футбол ўйнаяпмиз демаганимиз маъқул. Барса қиладиган ҳеч нарсани ҳали қойиллатганимиз йўқ. Бизнинг футбол индивидуализмга асосланган. Осиё Кубогида урган деярли барча голларимиз индивидуал ҳаракатлар натижасида юзага келган. Бизда Одил бор.Сервер бор, Саша бор. Аммо Япониядаги тартиб йўқ. Вадим Абрамов шунчаки терма жамоага бироз тартибли футболни олиб кирди ва индивидуал кучли футболчилар ўзларини бунда янада яхшироқ кўрсата олишди. Бироз тартибли футбол ва натижа келиб турибди. Геденинг қилган ишлари ёдингидами? У ҳам бироз тартиб олиб кирган эди терма жамоага. Гёде жамоаси ҳам тўпни назорат қилишда Абрамов жамоасидан қолишгани йўқ,аслида. Фақат урғуни ҳимояга берган ҳолда. Шунинг учун бизга бразилиялик мураббийларга қараганда немислар(европаликлар) кўпроқ тўғри келади. Бизнинг терма жамоага шунчаки тартиб керак.

Барча терма жамоаларда бир услубни қўллаш тизими ҳақида гапирадиган бўлсак, бунга турлича қараш мумкин. Албатта бу қандай тарзда амалга оширилишига боғлиқ. Мен билган давлатлардан Австралияда ва Иорданияда ушбу тизим қўлланилади. Аммо иккала давлатнинг ҳам футболдаги натижалари турли хил.Демак ягона ўлчов бирлиги йўқ бу ерда. Австралияликлар шунчаки ўз футболлларини голландлар қўлига топшириб қўйишган. Уларга шу йўл қулай. Бош оғриқ кам. Биз ўзимизнинг кадрлар орқали бунга эришмоқчимиз.Тушунишим бўйича бу ерда ТИЗИМ ҳақида гап боряпти. Терма жамоа бош мураббийийнинг: "4-3-3 ёки 3-5-2 тизимида ўйнанг” дейиши ҳақида эмас. Бу кенгроқ жараён. Терма жамоа номзодлари устида тўла назорат жараёни. Биз бир нарсани унутмаслигимиз лозим: Ҳар қандай футболчи ўз жамоасида тарбия топади. терма жамоада эмас. Терма жамоага йиғгандан сўнг қандай тактика ва тизим ёрдамида тўп суришни бош мураббий қўлидаги футболчиларнинг қобилиятларидан келиб чиқиб ҳал этади. "Алексей, сенинг жамоанг ҳужумкор футбол ўйнасин, чунки терма жамоа шундай футбол ўйнайди” деган фикр юмшоқ қилиб айтганда тўғри эмас. Ҳамма нарса табиий бўлиши керак. Ҳар бир футболчи индивидуал бўлгани яхши. Бу худди терма жамоа базаси бўлган клуб ташкил этиш ғоясига ўхшайди. Бундай тажрибалар жуда кўп марта қўлланилган. Натижаси қониқарли бўлгани йўқ. Умуман терма жамоага нисбатан қўлланилган ҳар қандай сунъий ҳаракат вақтинчалик характерга эга. Бари бир бора-бора ҳаммаси классик тизимга қайтади. Бу ерда Америка очишнинг зарурияти йўқ.

"Терма жамоалар бундан сўнг бир услубда тўп суради” деган фикрни яна бир бор аниқлаштириб олиш керак,хуллас. Тартиб бўлса яхши. Агар ушбу режа амалга ошса мен шахсан "Рахмат” дейман шу ғоя ижодкорларига. Аммо биз жуда катта ҳажмдаги иш ҳақида гапиряпмиз. Шунчаки футболчиларнинг майдондаги қайси схема бўйича жойлашуви эмас.Ушбу фикр ҳозирги кўринишида жуда вайронкор ва асоссиз туюлаяпти. Бу фикрнинг остида юзлаб вароқдан ташкил топган тизим дастури бўлиши лозим. "Биз Барсага ўхшаб футбол ўйнаймиз” жумласини дастур сифатида қабул қила олмайман. Олимхўжанинг бир фикрида жуда катта жон бор. Ўзимиздан бошқа ҳеч ким терма жамоамизнинг Қатарда "Барса услубида” тўп сурганини сезгани йўқ. Нимага?
Илтимос, мураббийлар ўқилмасин. Уларга ҳақиқатан ҳам кулгили кўриниши мумкин, бу мунозаралар. Ростан :))

Олимхўжа билан ташкил қилган ҲА-ЙЎҚ ўйинимизга Рустам ҳам қўшилди. Бу яхши. Хурсанд бўлдим. Ҳар холда футбол ҳақида гаплашамиз. Мухлисларни фикрлашга чорлаймиз. Мақсадим оддий, олдинги мақолаларда термин сифатида ишлатиб кетилган мулоҳазаларга изоҳ бериш. Йўқ, изоҳмас-у, аслида бу масалага шахсий фикрим қандай эканини ўқувчига етказиш.

Хуллас Р.Қўчқоровнинг "Терма жамоа ҳақида" сарлавҳасидаги мақоласини давомини ёзмоқчиман. Мақолада кўпчилик журналистлар, жумладан мен ҳам терма жамоамиз ўйии услубига нисбатан қўллаётган "Барса услуби" иборасидир. Рустам буни инкор қилди ва терма жамоамиз асосан индивидуал маҳоратга асосланган ҳолда муваффақият қозонганини, термамиз нари борса бир-бирига аниқ пас беришни сал кўпайтириб олганигина бизда шунақа нотўғри тасаввур пайдо қилганини таъкидлади.

Мен бунга қўшилмайман. Бир нарсага келишиб олайлик, "Барса услубида" ўйнайди дегани бу "Барселона каби кучли ўйнайди" деган маънони умуман англатмайди. Масалан, бизнинг маҳаллада ҳам ёши каттароқ кишилардан тузилган жамоа бошқаларга нисбатан кўпроқ тўпни назорат қилади, аммо "Барселона" уларни 100-0 ютса ажабланмасдим ва фикримни ўзгартирмасдим. Ўртада савия деган фарқ ҳам бор, буни биламиз.

Хўш, "Барселона" қандай ўйнайди?

1. Тўпни назорат қилади, асосан пастлатиб тўп оширади.
2. Майдон марказидаёқ прессинг.
3. Айнан тўп жойлашган зонада иложи борича сон жиҳатдан устунликка эришиш.
4. Тўпга эгалик қилган футболчи яқинида камида 2 та "страховка".
5. Шу орқали тўп жойлашган зонада иложи борича кўпроқ футболчини тўплаш орқали қанотларда очиқ зоналар вужудга келтириш.
6. Доимий жамоавий активлик.
7. Асосан ҳужум марказига босим ўтказиш. Ҳатто тўп қанотда ташкил қилинганда ҳам паралел равишда марказдан тўп сўраб турилади.
8. Марказий ҳимоячиларнинг ҳужум жараёнидаги активлиги, тўпни эгаллашдаёқ янги ҳужумни бошлаш ҳаракати.

Ва ҳоказо.

Энди терма жамоамиз ўйнаган футболни эсланг. Қандай ҳужум қилдик? Гап муваффақиятли амалга оширишда эмас, амалга оширишга бўлган уринишнинг фоизида? Рустам киритилган голларни мисол келтирибди. Биласизми, киритилган голлар услубни намойиш қилмайди. Масалан, 10 та голдан 7 таси стандарт вазият ёки индивидуал маҳорат эвазига киритилгандир. Аммо гап унда эмас. Сиз уюштирилган ҳужумларни эътиборга олинг. Фоиз ҳисобида ўнта ҳужумдан нечтасида биз индивидуал маҳоратни биринчи планга олиб чиқдик? Қайси футболчимиз тўп билан узоқ масофага рейд қилди?

Ўша Гейнрих ёки Одилнинг узоқдан киритган голларидан ташқари яна неча марта узоқдан зарба бердик? Ҳеч қанча. Демак киритилган голлар ўз йўлига, бизнинг ҳужум қилишга, гол уришга бўлган ҳаракатларимизнинг умумий фалсафаси тез-тез тўп ошириш, икки тепар, марказдан кириб боришга асосланган эди. Қайтараман, буни амалга ошириш ёки ошира олмаслик, қанчалик уринишларнинг самара бериши умуман бошқа масала. Аслида биз бу услубда зўрмиз, дейишдан ҳам йироқман. Лекин камида, Абрамов футболчиларга эталон сифатида "Барселона" ни намойиш қилган. "Интер"ни эмас.

Абрамов Қатарга кетиш олдидан футболчиларга 40 маротаба "Барселона" - "Реал" ўйинини қўйиб берган. Ўз вақтида баъзи сайтлар буни истеҳзо қилганди ва футболчиларимизнинг калла қисмини "Барселона" футболчилариг "қўйиб" хазилсифат сурат ҳам чиқарганди. гуёки биз ким у "Барса" ким дегандек. Аммо яна қайтараман, гап савия ёки техник ижро эмас, ўйинга бўлган ёндошувда.

Ўйинларни асосан "Евроспорт"дан кўрдим. Рус шарҳловчилари ҳам бу борада бизни ёлғиз қолдиришгани йўқ. Айниқса гуруҳ босқичларидаги ўйинларда терма жамоамизнинг "Барселона" услубига яқин тўп сурганини таъкидлашганди. У ерда масала бизнинг ғолиб бўлганимизда эмасди. Ҳар бир гуруҳда ғолиблар бўлди, аммо бу таъриф уларга нисбатан ишлатилгани йўқ.

Менинг фикрим шу. Бу билан мен Абрамов энг зўр услубни қўллаяпти, деган фикрни илгари сурмоқчи эмасман. Сабаби мураббий эталонни эмас, айнан шогирдлари мос услубни танлаши керак, жамоамиз учун энг мақбули бу ёки бу эмаслгини умуман билимимиз доираси ташқарисидаги масала. Мураббийлар билади буни.

Бир жиҳатдан Рустамга тўлиқ қўшиламан, буни ўша мақоламдаям айтгандим. Биз шунчаки, турли ва маълум мураббийларнинг футбол жамоаси услубига нисбатан қарашидаги фарқлар ҳақида гаплашяпмиз холос. Яна бир жиҳатдан қўшилмайман. Тотал футболни "Барсага" ёки қайсидир бошқа жамоага ёпиштириш хато. Гвардиола революция қилгани йўқ. Бор нарсани яхши бажаряпти холос. Ҳозир ҳамма, ёппасига тотал футбол ўйнайди. Ҳамма.

Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 897 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Терма жамоа ҳақида | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]