Payshanba, 05 Декабря 2024, 00:03:33
Xush kelibsiz Гость | RSS Xabar | Registratsiya | Kirish
19:08:58 Тўртинчи ҳокимият | |
Испан матбуоти жуда кучли. Футбол матбуотини назарда тутяпман. AS, Marca, El Mundo, Deportivo, Sport ... Ҳар куни юз минглаб нусхада сотилади. Талаб жуда катта. Баъзида меёридан ҳам ортиқ туюлади. Аммо... Талаб бўлгандан сўнг, таклифни ҳам ўринлатиб бериш керак. Талаб шунақа ... Шундай бўлса-да, испан матбуотининг иш услубини асло оқлаб бўлмайди. Номлари юқорида келтирилган нашрлар барча нарсага бирёқлама қарайдилар. Улар учун майдондаги вазиятдан кўра, футболкаларнинг ранги муҳимроқ. Бирлари барча нарсада оқ рангни кўрсалар, бошқалари учун бутун дунё кўк-анорранг тусда товланади. Ҳозир эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақола Сид Лоу аталмиш испан журналистига тегишли. Шу ўринда, ушбу мақолани кўриб чиқишни Uff.uz сайти орқали барчага тавсия қилган Рустам Қўчқоровга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шахсан ўзим дарҳол ўқиб чиқдим ва керакли хулосани олдим. Сиз ҳам ўқинг, хато қилмайсиз. «Яқинда «Барселона» ва «Атлетик» клублари ўртасида кечган баҳсда Давид Вилья ҳисобни очди. Хави Эрнандес тўпни рақиб ҳимоячилари орасидан кесма услубда узатиб берди, Дани Алвес ўз навбатида Давид Вильяни қулай имкониятга чиқариб юборди ва ҳужумчи гол уришга муваффақ бўлди. Ҳакам голни ҳисоблади, учрашувда каталонияликлар ғалаба қозондилар. Бироқ учрашув тугагач, катта машмаша бошланди. «Маълум бўлишича», ҳужум уюштирилаётганда, Алвес нақд «бир километрлик» масофага ўйиндан ташқари ҳолатда турган экан. «Рад этиб бўлмас далил» эртаси куни AS нашрида чоп этилди. Газетанинг биринчи саҳифасида берилган суратда Алвеснинг ўйиндан ташқари ҳолатда тургани аниқ келтирилган эди. «Мадрид» мухлислари дарҳол бу «далил»га ишондилар. Бироқ... Битта муаммо чиқиб қолди. Маълум бўлишича, AS томонидан келтирилган суратда бир ҳимоячи тушириб қолдирилган экан. Камера ҳеч қачон алдамайди, дейдилар. Қўшилмайман. Камера ҳам, фотосуратчи ҳам алдаши мумкин. Photoshopнинг ёлғон экани қай даражада ҳақиқат бўлса, уларнинг алдаши ҳам шу даражада ростдир. ASнинг суратида ҳам нимадир етишмасди. Ёки кимдир... Биламизки, одатда ҳимояда тўрт нафар футболчи ўйнайди. AS томонидан келтирилган суратда эса уч ҳимоячи турарди. Биттаси қани? Қидирамиз. Мана, қўлимизда ўша учрашувдан олинган видеоёзув бор. Бир телеэкранга қараймиз, бир суратга. Экранда тўрт ҳимоячи, суратда эса... уч. AS алдабди. Суратдан бир ҳимоячи олиб ташланган. «Атлетик» футболчиси Койкили мажбуран таркибдан «чиқариб юборилган» ва Алвес сунъий равишда ўйиндан ташқари ҳолатга «туширилган». Шунда ҳам AS томонидан келтирилган «далил» ҳаминқадар бўлиб турибди. Койкили бўлмаган тақдирда ҳам, Алвес ҳимоячилар билан бир қаторда турганди. Одатда, бундай вазиятда барчаси ҳакамнинг қарорига ҳавола қилинади ва кўпинча айнан у балога қолиб кетади. Лекин «Атлетик» ва «Барселона» ўртасидаги ўйин тугагач, балога ҳакам эмас, газета қолиб кетди. Алдов фош бўлгани ҳамоно, AS кечирим сўраб чиқди. Газета бош муҳаррири Альфредо Реланьо бир қатор радиостанцияларда бўлиб, ўша воқеага изоҳ беришга мажбур бўлди. Газетанинг эртаси куни чоп этилган сонида қандай қилиб «хато»га йўл қўйилгани ҳақида батафсил тушунтирилди. Бунинг учун алоҳида саҳифа ажратилди. «Маълум бўлишича», AS журналистлари вазиятга яхшироқ баҳо бериш учун алоҳида суратларни бир-бирига мослаб кўриб чиққан ва шу ўринда «халақит» бераётган Койкилини олиб туришга қарор қилган. Қарор қилишгану, кейин жойига қўйишни «унутиб» қўйганлар. Суратлардан бирида ўйиндан ташқари ҳолатни «фош қилган» журналистлар шошиб қолганлар ва суратни шундоғлигича нашрга бериб юборганлар. Энди бўлса, «график жиҳатдан хатога йўл қўйилгани учун узр сўрайдилар»... AS нашри айбдор бўлиб қолди. Бироқ бу ҳолатда бошқа нашрларни «оппоқ» қилиб кўрсатиш ҳам ноўрин. Бундай муаммо нафақат ASга, балки бошқа нашрларга ҳам тегишлидир. Тўғри, газета томонидан туширилган «қовун» жуда жиддий. Аммо қачондир шундай воқеа рўй бериши керак эди. ASда бўлмаса, бошқасида... Чунки, охирги вақтларда нафақат «Реал» ва «Барселона»да, балки бутун испан матбуотида ҳам ўзаро жиддий кураш бошланган. Боя Испанияда тўртта йирик футбол нашри борлигини таъкидлаб ўтдик. Номларини ҳам санадик. Қизиқ томони, уларнинг ҳар бири холисликни даъво қилади, лекин амалда ўша холисликдан йироқдир. El Mundo Deportivo ва Sport нашрлари мунтазам равишда «Барселона»нинг тарафини оладилар. Marca ва AS пойтахтда чоп этилганлари боис, бутун мамлакат манфаатини изоҳлаши лозим бўлса-да, «Мадрид»га ён босади. Бу нашрларнинг ҳар бири ўзини ашаддий мухлис каби тутади ва омма фикрига таъсир ўтказишда ўз ғоясидан иккиланмай фойдаланади. Улар «Реал» ва «Барселона» ноғорасига ўйнайдилар ва фақат шундай бўлгандагина ўзларини эркин ҳис қиладилар. Ҳаммага шуниси қулай, клубларга ҳам, газеталарга ҳам ва энг муҳими, мухлисларга ҳам... Афсуски, бу борада улар ҳақ. Мадрид газеталаридан бирининг бош муҳаррири томонидан айтилишича, «Реал» ғалаба қозонган куни газеталарнинг адади роппа-роса 10 000тага ошар экан. Каталонияда эфирга узатиладиган радиостанциялардан бири тингловчиларнинг сонини ошириш учун, «Реал»га қарши курашадиган клубларни қўллаб-қувватлаши ҳақида оммавий чиқиш қилди. Улар шу тариқа мухлисларга яқин бўлишларини биладилар. Шундай бўлгач, асл ҳақиқат кимга керак? Испан матбуоти ўзига хос «футбол фундаментализми»ни яратган. Жуда кўп мухлислар мана шу йўналишга тушиб қолган ва ҳақиқатни кўришни истамайдилар. Улар нима бўлган тақдирда ҳам, ўз жамоаларини ҳимоя қилиб, рақибни яксон қилишга ҳаракат қиладилар. Бу ўринда ким ҳаққоний курашгани ва ким қинғир йўлдан фойдаланганининг фарқи йўқ. Агарда бирор кимса «Мадрид» ёки «Барселона»ни бирозгина танқид қилса, дарҳол ашаддий душманга айланади. Аксинча, уларга ҳамд-сано ўқиганларга дарҳол «мадридчи» ёки «куле» деган ёрлиқни ёпиштирадилар. Бу ўринда холислик ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Вазиятга ҳаққоний баҳо беришнинг мутлақо имкони йўқ. Испан футболида тез-тез турлича можароларнинг пайдо бўлиши одатий ҳол. Аммо уларнинг орасида ҳакамлар билан боғлиқ машмашаларга етадигани йўқ. Ла лигадаги ҳар бир тўқнашув ҳуштак билан якунланади, Европанинг бошқа ҳеч қайси чемпионатида бу қадар кўп сариқ карточка берилмайди, бироқ мана шундай ўлкада ҳам ҳакам бўлиб ишлаш — даҳшатнинг ўзгинаси. Ҳакамларнинг барчасида ўз иш услуби бор. Қайси бири ҳар бир тўқнашувда қоида бузилишини кўрса, бошқалари очиқ кўриниб турганига ҳам аҳамият бермайди. Баъзан, ҳакамларнинг бирортаси ҳам футбол қоидаларини ўқимагандек тасаввур уйғотади. Намойишкорона, чиройли услубда йиқилиш — футболчиларга машғулотлар давомида ўргатиладиган асосий услублардан бири ҳисобланади. Учрашувларда юзага келадиган оддийгина қоида бузилишлари ҳам ўйин тақдирини ҳал қилган ҳолат деб баҳоланади ва «мутахассислар» томонидан қайта-қайта муҳокама қилинади. Агарда томонлардан бири 10:0 ҳисобида ғалаба қозонган тақдирда ҳам, шубҳали пенальти эртаси куни ҳар бир янгиликда энг кўп қайтариладиган хабарга айланади. Ҳар икки томон рақиб ҳақида ўз нуқтаи назарини омма ҳукмига ҳавола қилишга ҳаракат қилади. Албатта, далиллар ҳам етарли бўлади. Бежизга, ўз вақтида Жозе Моуриньо матбуот анжуманига ҳакамнинг 13та «жиддий» хатоси ёзилган қоғоз билан кириб келмаганди. Гарчанд ушбу «жиддий» хатолардан ҳеч бири учрашув тақдирига ўзгартириш киритмаган бўлса-да, (шундай бўлганини ҳатто Моуриньонинг ўзи ҳам исботлаб бера олмайди) матбуотнинг бу билан иши йўқ. Ўша «жиддий» хатоларнинг иккитаси аутни беришдаги адашиш эканини ҳам яширадилар. Бу ерда гап Моуриньода ҳам эмас, барчасига ОАВ айбдор. Испан матбуоти фақат «Барселона» ва «Реал» ҳақида қайғуриши мумкин. Баъзан бу меҳрибончилик ҳаддан ошиб кетади. Улар учун дунёда фақатгина иккита ранг мавжуд — оқ ва кўк-анорранг. Бирлари учун пенальти бор бўлса, бошқалари ўша вазиятда ҳеч қандай қоида бузилишини кўрмайдилар ва буни исботлаб ҳам берадилар. Майдондаги ҳолатдан кўра, футболкаларнинг ранги журналистлар учун кўпроқ аҳамиятга эга. «Ўз» жамоасидаги футболчига қўполлик қилган ҳар қандай рақиб футболчиси — ёвуз маҳлуқ. Рақибга қарши қўпол ўйнамаган «ўз» футболчиси эса — қўрқоқ. Агарда ғалаба қозонилса — жамоа зўр ўйнаган бўлади. Рақиб муваффақият қозонса, омади келган ҳисобланади. Ёки ҳакам ёрдам берганга чиқади. Бу машмашаларнинг барчасининг асоси битта — ҳакамларнинг хатоси. Ҳакамларнинг хатоси ҳеч қачон шунчаки хато бўлиб қолмайди. Баъзи офсайдларни ҳатто видеоёзувлар орқали аниқлаб бўлмаслиги ҳам узрли ҳолат эмас. Баъзан кучли мутахассислар такрорий вазиятларни кўра туриб ҳам бир қарорга кела олмайдилар. Лекин бундай далилларнинг томонлар учун қизиғи йўқ, барибир бефойда. Ҳакам хато қилдими, демак, рақибга ён босган... AS нашри Villarato теориясини ишлаб чиқди. Унга кўра, ҳакамлар «Барселона»ни нима сабабдан қўллашлари ўрганиб чиқилган. Гўёки, Испания футбол федерациясининг айни вақтдаги президенти Анхел Мария Вильярни сайлаш вақтида Жоан Лапорта унга овоз берган, Флорентино Перес эса бермаган. Шу сабабли ҳам, Мадридга қарши кураш бошланиб кетган. Бу борада газетанинг «далиллари» ҳам бор. Бир неча ҳафта мобайнида «Мадрид»га нисбатан қилинган нохолисликлар йиғиб чиқилган. Бундай далилларнинг бирорта судда инобатга олинишига ишониш қийин, лекин газеталарнинг сотилишида ўрни катта экани шубҳасиз. Marcaнинг ҳасаддан ичи куйиб кетди... Қарши томондагилар ҳам жим турганлари йўқ. Sport ва El Mundo Deportivo «Барселона»га қарши кечган ўйинларда рақиб футболчилари Лионель Мессига нисбатан жуда қўпол ўйнашларидан шикоят қилиб чиқди. Улар бу ишни Marcaга қарши ўлароқ бошлагандилар. Сабаби, Marca Криштиану Роналдуга нисбатан рақиблар «ҳақиқий ов» бошлаганларини айтган эди. Аслида, Хосе Мария Кальехон, Хосе Антонио Рейес, Пабло Пьятти, Педро Мунитес, Элисеу, Давид Сурутуса, Санти Касорла ва Диего Капелга нисбатан кўпроқ қоида бузилиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу борада Месси ҳатто кучли йигирматаликка ҳам кира олмайди. Аммо газеталар учун керак бўлмаган фактлар дарҳол инкор қилинади. Бефойда. Улардан газеталарга фойда йўқ. Тираж кўтарилмайди. «Эътибор бердингизми, «Реал»га кўпроқ пенальти бермоқдалар», — дея киноя қилади каталониялик журналист. Балки, «Мадрид»га нисбатан кўпроқ қоида бузилар, деган ўй унинг хаёлига ҳам келмайди. «Қаранглар, «Барселона»га жуда кам сариқ карточка берадилар», — дея шикоят қилади Мадрид газеталари. Бу ўринда «Барселона»да интизом масаласида кўпроқ иш қилингани билан мутлақо ишлари йўқ. Кўпинча ўйин бошланмасдан аввал ҳакамларни муҳокама қила бошлайдилар. Бу борада испанларнинг ўзига хос мақоли ҳам бор: яраланадиган жойни аввалдан боғлаб қўйиш. Бу йилги Классико баҳсини Итурральдо Гонсалес бошқарди. «Албатта, «Барселона» учун Итурральдонинг бўлгани яхши-да, «Реал» учун эса ёмон», дея шикоят қилди AS. Бунга Гонсалеснинг шу вақтга қадар икки марта Классикода ҳакамлик қилган ва ҳар иккисида «Барселона» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгани сабаб бўлди. Гарчанд ўша ўйинларда «Барселона» яхши ўйнаган бўлса-да, ҳакам танқиддан қутула олмади. Ҳатто бу йилги ғалабада ҳам каталонияликларнинг маҳорати, тактикаси ва кучи эмас, Гонсалеснинг ҳакамлиги бош ролни ўйнагани неча бор айтиб ўтилди. Ўша ўйинда ҳисоб 5:0 бўлганди, ёдингиздами? Қанчалик ачинарли, аламли ва файзсиз бўлмасин, футбол ҳакам ва унинг бирорта жамоага берадиган ёрдами билан боғлаб қўйилган. Далиллар ҳар доим топилади. Тўп тепиб бўлингандан сўнг олинган фотосурат ўйиндан ташқари ҳолатни кўрсатади, бошқа бирида эса офсайд чизиғи нотўғри қўйилган бўлади. Охир-оқибат иш тирик футболчини суратдан олиб ташлашга қадар борганига ҳайрон бўлмаслик керакдир, балки. Кўпчилик буни ҳам олдинга қўйилган яна бир қадам, деб баҳоламоқда. Қачондир шундай бўлиши керак эди. AS хатога атайлаб йўл қўйганини инкор этиб чиқди. Газетада ишлайдиган журналистлардан бири, ASни «Реал» фойдасига ишлашда айбламаслик кераклигини даъво қилди. Балким, у ҳақдир. Бироқ бундай ҳолат борган сари кўпроқ кўзга ташланмоқда. Суратни фотошопда қайта ишлаш — ярадаги йиринг чуқурлашиб бораётганини кўрсатади. Лекин у навбатдаги қадамлардан бири холос. Албатта, катта қадам, аммо биринчиси эмас. Борган сари испан матбуотида залолат сари қўйилаётган қадамлар залворлашиб бормоқда. Яқинда «Севилья»га қарши ўтказилган учрашувда Рауль Альбиол тўпни дарвоза чизиғи устида қайтариб қолди. Бир томондан қараганда, гол бўлганга ўхшайди, бошқа томонлама эса ўхшамайди. «Шубҳасиз гол бўлганди», — деди бир томон. «Бўлмаган гап», — деди иккинчиси. Бу ўринда ким нима деганини айтиш шарт эмасдир. Ўзингиз топиб кўринг... Улар бир-бирларига қарши далилларни улоқтирдилар, ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашга ҳаракат қилдилар. Бари бефойда. Бунда фақатгина бир нарса — яъни барчаси ноаниқ экани аниқ. Бу кураш ҳали давом этади. Уни тўхтатишнинг иложи ҳам бўлмаса керак. Нима бўлган тақдирда ҳам, улардан фақат биттаси ҳақ. Ёки ҳар иккиси ҳам ноҳақ...» Ибрат Ибрагимов Манба: «Чемпион» газетаси | |
|
Всего комментариев: 0 | |