Главная » 2011 » Iyun » 8 » "Барса" психологияси
19:47:33
"Барса" психологияси

Севимли шарҳловчиларимдан бири Юрий Розанов "Барселона” ҳақидаги қўйидагиларни айтганди:





"Ҳозирги ”Барселона” бу бир оиладир, у ерда "ўзиники” бўлиб олиш осон иш эмас. Ибрагимович ёмон ўйнаганмиди? Йўқ! Нега сотишди? Чунки "ўзиники” бўла олмади. Вильянинг ҳозирги ўйинларини кўряпсизми? "Валенсия”да бошқача ўйнарди. Ҳозир ҳам Вилья икки баробар кўпроқ голлар киритиши мумкин. Аммо унга бу керак эмас. У "Барселона”да "ўзиники” бўлиб олишга ҳаракат қиляпти”


Бу фикрларга тўлиқ қўшиламан. Вилья "Валенсия”да ўйнаганда, бутун жамоа унга ўйнарди. Ҳужумчи тўпни олган заҳоти гол уришни, жамоасига фойда келтиришни ўйлар ва бунинг устидан чиқарди. Ҳозирги Вилья бироз бошқача, ишонинг. У ҳозир бутунлай жамоа учун ҳаракат қиляпти. Бошқа каталониялик футболчилар сингари. У ҳозир гол уриб, жамоадошлари ва мухлисларнинг олқишларини қабул қилишдан кўра кўпроқ, чиройли чиққан, қандайдир 4-5 футболчи ажойиб шаклда голга айлантирган комбинациянинг иштирокчиларидан бири бўлиб, бир-бирини қутлаш ҳолатидан кайф қиляпти. Буюк ўйинчи бўлишдан эмас, буюк ва афсонавий жамоанинг бир бўлаги сифатида меҳнат қилишдан завқ оляпти. "Барселона” ўйинларини бииииир кузатинг ва айниқса, голдан кейинги футболчилар ҳолатига эътибор беринг. Сиз ҳам буни пайқайсиз, бу муқаррар. Бир пайтлар худди шундай жамоа Мадридда бор эди, ишонаман, агар ўша "Реал” кетма кет жуфт йилларда ЕЧЛ ни ютмаган тақдирда ҳам узоқ вақт эслаб қолган бўлардик. Худди ҳозирги "Барселона” ўйинига баҳо бериш кубоклар билан ўлчанмагандек. 


Футбол ўйиининг нақадар жамоавий эканлиги фалсафаси каталонияликлар мисолида бутун дунёга дарс бўлмоқда. Юлдуз футболчи психологиясини худди шу шаклда жамоа манфаати учун сингдириш тажрибаси амалий жиҳатдан мумкин эканлиги ўз исботини топмоқда, назаримда. Нима демоқчиман? Айтмоқчиманки, биз юлдуз футболчиларни эмас, жамоавий натижа учун бир мотор, ячейка, қисм бўла оладиганларни топишимиз, тарбиялашимиз шарт. Индивидуал маҳорат ёки ижро борасида эмас, асло, ўйинга, футболга бўлган психологик қараш ва фундамент нуқтаи назаридан ёндошмоқдаман. Шунақалар борми, футболимизда?


Футболимиз ҳозирда шундай тизимдаги, савия жиҳатидан энг асосий мақсад, нима қилиб бўлса ҳам ярқираб отилиб чиқиш ва керакли жамоанинг (чет элники, масалан) назарига тушиш ғояси устига қурилган. Буни тан оламиз ва бусиз иложи йўқ ҳозир. Майли. Аммо футболчиларимизга бўлган муносабатимиз ҳам мана шу йўналишда шаклланиб қолмаслиги керак, демоқчиман. 


Масалан, энг зўр ўйинчимиз Одил Аҳмедовни олайлик. У зўр ўйинчи, тан бераман. Бўлажак юлдузимиз. Лекин синчковлик билан ўйинини кузатганмисиз? Жамоанинг асосий ўйинини қилиш билан биргаликда, туб-тубида, унинг ўз "мен”и ярқ этиб қаршингизга чиқиб туради, тўғрими? Ҳатто ўша, Қатардаги ўйинларда ҳам, ҳимояга қўйилган пайтларда ҳам, ўз "мен”ига эга бўлган футболчилигини пайқаш қийин эмасди. Балки бу Қатар ёки Хитой билан ўйинда фойда бергандир, аммо Австралияга қарши ўйинда зарар етказди, қўшиласизми? Мени тўғри тушунинг, у фойдали, бу зарарли демоқчи эмасман, футболчимизнинг психологиясининг асосини қидиряпман. У қаерда? Индивидулликдами ёки жамоавий?


Бу ҳолатга баъзан ўзимиз ҳам сабабчи бўлиб қоламиз. Айтайлик, у "Анжи”га ўтди. Ҳали расмий ўйинларда фақат бир маротаба майдонга тушди. Аммо қанчалик реклама қилинаётганини сезяпсизми? Айниқса, футбол сайтларини кезадиганлар яхши билишади. Одил машғулотга киришди, Одил Туркияга учиб кетди, (эътибор беринг, "Анжи эмас, Одил) Роберто Карлос Аҳмедов жамоасига келиб қўшилди, хоказо ва яна хоказо. Эксклюзивлик яхши, аммо бу даражада тўғридан тўғри реклама билан футболчига зарар етказиб қўймаймизми? Унга босим юкламаяпмизми? Эртага ҳар бир хатоси оғриқли қабул қилинадиган бўлиб қоладими ўзи учун? Футболчида аввалдан бўлган, ўз "мен”ига бўлган мойилликни кучайтириб юбормаймизми? Танқиддан қўрқадиган, ўз шахсиятини кўпроқ ўйлайдиган бўлиб қолмайдими? "Анжи”нинг "Зенит”га қарши ўйинини кўрдим. Аҳмедов яхши ўйин кўрсатди. Кўп бора ўз дриблингини намойиш қила олди, ҳаммада яхши таассурот қолдирди, менда ҳам. Аммо у доим тўп билан муомала қилганда ўзини намойиш қилишга бўлган қандайдир истак борлигини сезгандек бўлдим. Балки жамоага янги қўшилган футболчиларда бу нарса табиийдир, балки бу рақобатга тўла футбол оламида мана шундай қилинмаса захира ўриндиқларида қолиб кетар. Балки... Лекин нима бўлгандаям, мана шу нуқта ўзбек футболчиларида устивор эканин тан олинг, илтимос. 


Бир терма жамоамиз ўйинларини эсланг. Жамоа мақсади йўлидаги ўн битта аскарни эмас, ўн битта алоҳида шахсиятни кўўрамиз кўпинча. Уларнинг ҳар бири ғалабанинг асосий сабабчиси бўлиш орзусида ёнади, ҳар бири хато қилиб қўйишдан шунчалик қўрқадики. Демак, аслида жамоавийликдан қочиш, индивидуаллликни ҳам чеклар экан, қайсидир маънода. Аҳмедовга ўхшаб, дриблингни амалга оширишга ишонса ва буни уддаласа-ку хўп, агар буни уддалашга кўзи етмасачи? У ҳолда дриблинг қилишдан қўрқиб қолишадики, хато қилиб, гап эшитмай деб. Узоқдан зарба беришни исташмайди, масъулиятни ўз бўйнига олишдан ҳайиқиб. "Барселона” каби бир неча футболчи қатнашадиган комбинацияларни эса умуман амалга ошира олишмайди. Қила олишмайди буни. Исташса ҳам, Чунки у бошқа психология... Ҳозирги "Барса” руҳияти, футболни футбол қилган фалсафа...


Саломат бўлинг!  
Прикрепления: Rasm 1
Просмотров: 1190 | Добавил: IBRAT_KING | Теги: Барса психологияси | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]