Payshanba, 21 Ноября 2024, 14:21:59
Xush kelibsiz Гость | RSS Xabar | Registratsiya | Kirish
22:33:20 Испан футболи афсонаси | |
Аслида, у ҳақида мақола ёзиш фикри менда бироз аввал туғилган эди. Сайтга (uff.uz) Рауль билан боғлиқ хабар қўйилгач, бир мухлис томонидан қолдирилган "коммент” эътиборимни тортди: "Агар Рауль бўлмаганда эди, эҳтимолки, мен футболга қизиқмаган бўлардим”! Ҳа, айнан шундай ёзилган! Болалик… Раулнинг отаси ҳам футбол ишқибози бўлган. У "Атлетико”га мухлислик қиларди. Шунинг учун ҳам ўғлини ана шу жамоага олиб келади. 1992-йилда молиявий муамммолар туфайли футбол мактаби ёпилса-да, Рауль кўчада қолиб кетмади. Кўп ўтмай у "Реал”нинг футбол мактабига қабул қилинди. У ўшанда ўн беш ёшда эди. Раулнинг "Қироллик клуб”идаги дебют учрашуви ўзини кўп куттирмади. Ўша йилнинг кузида аниқроғи, 19-сентябрда "Реал” ва "Алкала” клублари ёшлари ўртасида беллашув бўлиб ўтди. Учрашувда "Реал” тарбияланувчилари 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишди, голларнинг бири эса Рауль ҳисобига ёзилди. У аста-секинлик билан Мадрид жамоасининг ажралмас бўлагига айланиб борарди. "Қироллик клуб”ининг ёшлар мураббийи Антонио Куирога шундай деганди: "У биринчи кундан-оқ жамоада ўрнини топди ва етакчиликни ўзи қўлига олди. Ўн беш яшар болакай бошқалардан яққол ажралиб турарди, мен қаршимда бўлажак даҳо турганлигини ҳис этардим. Рауль ўз устида тинмсиз ишларди. У бошқа жамоадошларидан кўп жиҳатдан устун эди: ҳеч қачон ўзини баланд тутмас, бошқаларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўларди. Рауль футбол ўйнаш учун яралган, у менга ёқади ва ҳар доим шундай бўлиб қолади”. "Реал”даги юлдузли онлар "Қаймоқранглилар”нинг асосий таркибида майдонга тушиш унга ўн етти ёшида насиб қилди. Бу воқеа 1994 йилнинг 29-октябрида содир бўлган эдди. "Сарагоса”га қарши қийин кечган учрашувда "Реал” мағлубиятга учради. Аммо Рауль бу ўйиндан унутилмас ва ажойиб тассуротлар олди. Кейинчалик, тезкор ва иқтидорли форвард "Реал”нинг асосий ўйинчисига айланди. Жамоада Зидан, Фигу, Роналдо, Бекхэм сингари футбол афсунгарлари бўлишига қарамай, улар орасида йўқолиб қолмади. Аксинча, барибир, энг муҳим голларни у урарди. Энг қийин паллаларда айнан Рауль жамоанинг жонига оро кирарди. У тўпни дарвозабон устидан ошириб тўрга ташлаб қўйишга жуда уста эди. Унинг шундай кўринишдаги голлари шу қадар машҳур бўлиб кетган эдики, айнан шу услуб "Рауль услуби”дея эътироф этиларди. "Қироллик клуб”и таркибида Рауль олти бор Испания чемпионлигини қўлга киритди, уч марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Бир марта Европа Суперкубогини боши узра баланд кўтарди, минтақалараро Кубокда зафар қучди. Европанинг энг кучли ҳужумчиси бўлди. Унинг "Реал” таркибидаги расмий учрашувларда киритган голлари сони 361 тани ташкил этади. Айнан шу натижа "Реал” тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Рауль шунингдек, бир неча марта Испания чемпионати ҳамда UEFA Чемпионлар лигасининг энг яхши тўпурари бўлди. "Don Balon” журнали танловига кўра, қаторасига беш йил Испанияда йил футболчиси деб топилди. 1999 йилда эса IFFHS уни жаҳоннинг энг яхши тўпурари деб эълон қилди. Рауль узоқ вақт давомида "Реал”га сардорлик қилди. Жамоанинг энг содиқ, энг фидоий футболчиларидан бири эди у. Мухлислар баъзан ҳазиллашиб, жамоани "РеалМадрид” эмас, "РаулМадрид” деб аташарди. У клубнинг ҳақиқий рамзига, тирик афсонасига айланиб улгурган эди. Бутун жамоа танқид остига олинса ҳам Рауль бундан четда қоларди. Чунки ҳамма яхши билардики, у ўйинда борини берарди, бутун вужуди билан ғалаба қозонишга ҳаракат қиларди. У ўз фаолиятини "Реал”да тугатишни орзу қилганди, бироқ тақдир чархпалаги бутунлай бошқа томонга қараб айланди... Испания терма жамоаси таркибида.... Рауль Гонсалес терма жамоа таркибига 1996 йилда қўшилган. У Европа чемпионатига олиб кетилади, бироқ мураббийлар уни ҳали жуда ёш деб ҳисоблаб, майдонга туширишмайди. Орадан икки йил ўтиб, Францияда ўтган жаҳон чемпионатида эса у асосий ўйинчига айланганди бироқ жамоа ҳаттоки, гуруҳ босқичидан ҳам ўта олмайди. Дарвозабон Субисареттанинг жуда қўпол хатоси туфайли Нигерияга 2:3 ҳисобида ютқизиб қўйишади. Болгария устидан қозонилган 6:1 ҳисобидаги йирик ғалаба ҳам уларнинг кейинги босқичга чиқишига ёрдам бера олмайди. 2000 йилги Европа чемпионатида эса улар мусобақанинг чорак финалига қадар етиб келишади. Бу учрашув барча футбол мухлисларининг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Улар бу босқичда мусобақа мезбонларига рўбарў келишади. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида французлар дарвозаси томон пенальти белгиланади. Бу пайтда 2:1 ҳисобида Франция олдинда бораётган эди. Ўн бир метрлик нуқтага яқинлашган Рауль пенальтини голга айлантира олмайди. Унинг тепган тўпи дарвозанинг юқорисидан ўтиб кетади ва испанлар ортга қайтишга мажбур бўлишади. "Мен майдонда йиғладим. Кейин ечиниш хонасида ҳам, меҳмонхонада ҳам ўзимни ҳеч тинчлантиролмас эдим, - эслайди Рауль кейинчалик, - Худди бутун дунё менинг устимдан кулаётгандек эди. Ватанимга қайтгач, ҳеч кимни кўргим келмасди, ҳаттоки, ўз уйимдан ҳам қочиб кетгим келарди”. Рауль Гонсалес кейинчалик, Испания терма жамоаси таркибида ажойиб ўйинлар кўрсатди. У терма жамоа таркибида 102та учрашувда майдонга тушиб, 44 марта рақиб жамоа посбонларини ранжитишга муваффақ бўлди. Унинг бу ёрқин натижасини фақатгина "Барселона” ҳужумчиси Давид Вилья янгилай олди, холос. Аммо янги порлаб чиқаётган юлдузлар эвазига Рауль учун терма жамоа таркибидан жой топилиши қийин бўлиб қолди. У жамоада ўйнаш истагида эканлигини бот-бот такрорларди, испанлар Европа ва Жаҳон чемпиони бўлишди, аммо уни қизил либосда бошқа кўрмадик... Раулнинг иккинчи ёшлиги Ўтган йилнинг ёзида ниҳоят ўша трансфер амалга ошди. Жамоага Бензема ва Роналду келгач, у бутунлай заҳира ўйинчисига айланиб қолган эди. Жозе Моуриньо клуб бошқарувига келгач, у билан очиқчасига гаплашди ва кетишга қарор қилди. Раулни ўз жамоаси сафида кўришни ҳоҳлайдиганлар кўп эди, бироқ энг яхши таклиф "Шалке-04”дан тушди ва у буни қабул қилди. Чунки уни қизиқтирган энг муҳим жиҳат - "Шалке”нинг Чемпионлар лигасида иштирок этиши эди. Германияда Рауль ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказмоқда, деб бемалол айтиш мумкин. У гельзеркинхенликлар сафида қирқдан ортиқ учрашувда майдонга тушиб, 20 га яқин гол киритишга улгурди. Шунинг баробарида ўзининг еврокубоклардаги голлари салмоғини янада ошириб олишга эришди. Хулоса ўрнида... Рауль ким ўзи? Оддий футболчими? Дунёда кучли футболчилар бисёр. Бироқ худди Раулдек барчанинг бирдек меҳрини қозона олган, футболни ҳақиқий санъат даражасига кўтара олган футболчилар кўп эмас. У ўзининг беқиёс истеъдоди, бетакрор ўйини ва жозибадор ҳаракатлари билан миллионлаб инсонлар меҳрини қозонган, қанчадан-қанча болалар қалбида футболга меҳр ва иштиёқ уйғотмаган дейсиз... Футболдан завқ олишга, уни севишга сабабчи бўлгани ҳам рост. Шундоқ экан, уни уни оддий футболчи деб аташ мумкинмиди? Асло. У буюк ўйинчи! Бунга шубҳа йўқ! Аҳмад Юсупов Манба: www.uff.uz Прикрепления: Rasm 1 | |
|
Всего комментариев: 0 | |