Dushanba, 07 Июля 2025, 02:09:49
Xush kelibsiz Гость | RSS Xabar | Registratsiya | Kirish
22:59:08 Мозий юлдузи | |
Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли эканлиги ҳақидаги аждодларимизнинг эътирофлари Абдулла Қодирий орқали бизгача етиб келган. Биз ҳам шунга амал қилиб, мозийга қайтишга қарор қилдик. Ушбу рукнда эътиборингизга футбол дурдоналарига айланган учрашувлар, футболчилар ва мураббийлар тўғрисида сўз боради. Ёзганларимиз кимгадир эслатма, кимгадир маълумот, яна кимгадир ибрат бўлиб ҳизмат қилса мақсадимизга етдик, деб ҳисоблаймиз. У шунақа эди. Уни ҳамма яхши кўрарди. Лекин мураббийлар эмас. Чунки уни қолипга солиб бўлмасди. Пеле каби ҳар соҳада мукаммалликка интилмасди. Унинг ўз футболи бор эди. У фақат шу футболни ўйнарди. Зарба бериш керак бўлса, бермасди, югуриш керак жойда тўхтаб ҳимоячини кутарди. Лекин майдонда мўъжиза яратарди. Айнан унинг бетакрор ўйини мухлисларни ўзига жалб қиларди. Таниқли футбол мутахассисларидан бири, унинг фожеаси бетакрорлигидадир, деганди. Лотин Америкаси футболчилари у пайтларда Европага ҳозиргидек оқиб келмасди. "Сантос”, "Ботафого” каби грандлар Европа бўйлаб турнелар уюштиришарди. Келишув шундай бўлардики, агар майдонда Гарринча ҳаракат қилмаса, ташкилотчилар клубга бир неча баробар кам пул тўлашарди. Натижада Гарринча кетма-кет майдонга тушишга мажбур бўларди. Ҳатто оғир жароҳат олиб, врачлар томонидан даволаниш тавсия этилган пайтларда ҳам футбол ўйнашга мажбур бўларди. Клуб унга шарт қўйганди: "Ё ўйнайсан, ёки клубни тарк этасан”. Юлдуз ўзини шу даражага кўтарган клубни тарк этишни хоҳламасди. Шунинг учун у футболдаги фаолиятини эрта тугатишга мажбур бўлди. Ҳозирда мухлисларнинг олқишига сазовор бўладиган "FAIR PLAY» қоидасининг пайдо бўлиши ҳам унга боғлиқлигини кўпчилик билмаса керак. 1960 йилнинг 27 мартида "Маракана” стадионида "Флуминенсе” ва "Ботафого” ўзаро куч синашишган. Майдон эгалари ҳимоячиси Гарринча билан курашда қоқиниб, йиқилади. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиққан Гарринча эса, орқасига қараб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборади. Бундан тўлқинланган ҳимоячи ҳам аут ташлаётиб, тўпни яна Гарринчага қайтариб беради. Гарринча майдондаги каби ҳаётда ҳам беғубор бола эди. Ҳатто шартнома ҳам тузишда оқ қоғозга имзо чекар ва жамоадошларидан икки баробар кам ҳақ оларди. Жароҳатлар натижасида у узоқ вақт даволанди. Спорт формасини йўқотди. Мухлислар эса яна ундан мўъжизалар кутишарди. Кўп бор клуб алмаштирди. 3-дивизионда ҳам ўйнади, Колумбияга борди, Францияда ўйнади, мураббийлик фаолияти билан шуғулланди. Бари омадсиз чиқди. Яқин дўсти Пеле унга кўп бор ёрдам қўлини чўзди. Лекин ичкиликбозликка ружу қўйган дўсти доим уни уялтирарди. Натижада уларнинг оралари бузилди. 1983 йилда, 50 ёшида Гарринча хору-зорликда оламдан ўтди. Майдонда барчага қувонч улашган ва "ҳалқ қувончи” деб аталган Гарринчани сўнгги йўлга бутун мамлакат кузатди. Лекин "зарур иши чиқиб қолган” Пеле кела олмади. Пеленинг юқоридаги эътирофига балки шу сабаб бўлгандир. Балки шунинг учун ҳам у ҳали ҳамон Гарринчани қидирар. Дўстининг сўнгги йўлга кузата олмаган футбол қиролининг кўнгли балки ўшанда таскин топар. Футбол давом этмоқда. Марадона ҳар бир аргентиналик вундеркиндни ўзига ўхшатади, португалиядан ҳар сафар янги юлдуз чиққанда "янги Эйсабио” дейишади. Агар ҳужумчи гол уришни қойиллатса, Герд Мюллерни эслашади. Лекин Гарринчани эслатадиган футболчи чиқмаяпти. Балки шунинг учун у кўпчилик томонидан унутилгандир. Агар янги Гарринча чиқса бемалол байрам қилаверинг, билингки, яна футболга гўзаллик ва беғуборлик қайтган бўлади . Биз буни чин дилдан кутиб қоламиз. Ибрат Ибрагимов Манба: uff.uz Прикрепления: Rasm 1 | |
|
Всего комментариев: 0 | |