Shanba, 08 Февраля 2025, 01:01:12
Xush kelibsiz Гость | RSS Xabar | Registratsiya | Kirish
08:47:14 Мураббийлик юки | |
![]() Муаммоларни ҳал қилиш ёқарди — Ўшанда нима сабабдан «Ньюкасл» менга узоқ муддатли шартнома таклиф қилмаганига ҳамон тушунмайман, — дея эслайди Ширер. — Клуб хўжайини Майк Эшли ва бошқарувчи директор Дерек Ламбиас билан суҳбатлашганимда, мураббий сифатида қолишимни хоҳлашларини айтгандилар. Бироқ шундан сўнг улар билан клуб инвесторлари ўртасида суҳбат бўлиб ўтди ва якуний қарор чиқарилди. Клуб билан қисқа муддатга — саккизта учрашувга шартнома имзолагандим. У якунлангани ҳамоно, узоқ муддатли шартнома имзоланишига умид қилиб тургандим. Бу орада яна бир бор клуб мутасаддилари билан учрашиб, келгуси режаларимиз ҳақида суҳбатлашиб олдик. Мураббий сифатида ўз ўрнимда қолишимга ишонч ҳосил қилиб, келгуси мавсум борасида футболчилар ва уларнинг агентлари билан музокара ўтказишни бошлаб юборгандим. Бироқ охирги дақиқаларда менинг хизматимдан воз кечишларини маълум қилдилар. Жуда оғир бўлганди ўшанда. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ишга бориб келиб юрсангу, бирдан аллақачон истеъфога чиқарилганингни айтиб қолсалар... Ўшанда Алан Ширернинг ўрнини Крис Хьютон эгаллаганди. Тан олиш керак, ушбу мураббий қўлостида «Ньюкасл» клуби келгуси мавсумдаёқ премьер лигага қайтишнинг уддасидан чиқа олди. Ширер эса ўзи учун ардоқли бўлган клубга бош мураббийлик қилган ўша кунларни эслаб юришга маҳкум. — «Ньюкасл»га мураббийлик қилган ўша саккиз ҳафталик муддатдан ёрқин хотиралар қолган, — дея давом этади Ширер. — Кундалик муаммоларни ҳал қилиш менга жуда ёқарди. Балким ўшанда раҳбарият билан қатъийроқ гаплашиб, узоқ муддатли шартнома талаб қилишим керакмиди. Бироқ, бу нарса ҳам шамолга қарши тупуришдек гап эди ва буни тушуниб тургандим. Премьер лига даражасидаги мураббий бўлиш учун бундай услуб ярамайди. Мураббийлик курсларига қатнаб, ўз устимда ишлашда давом этишга тайёрман. Фақат фойда келтирса бўлгани. Алан Ширер футболчилик фаолияти давомида «Саутгемптон», «Блэкберн» ва «Ньюкасл» жамоалари сафида умумий ҳисобда 559та учрашувда майдонга тушди ва 283та гол киритишга муваффақ бўлди. Англия терма жамоаси сафида 63 марта ўйнаб, 30та гол киритган. Унинг бу натижаларига ҳавас қилса арзийди. Бироқ мураббийлик соҳасида... Капеллонинг ўрнига Реднапп Албатта, Англия терма жамоаси учун кўп хизматлари сингган инсонга терма жамоа ҳақида савол бермаса бўлмасди. Терма жамоа ҳақида гап кетганда эса, албатта, бош мураббий масаласи муҳокама қилинади. Бу сафар ҳам истисно бўлмади. Ширернинг фикрича, терма жамоа бош мураббийи Фабио Капелло эмас, балки Харри Реднапп бўлиши керак экан. — Терма жамоани бошқаришга фақатгина битта номзод бор — Харри Реднапп. Унинг бир қатор ижобий хусусиятлари бор. Биринчидан, у инглиз. Кейин жуда катта обрў-эътиборга эга ва уни футболчилар хурмат қиладилар. Харри — ажойиб мураббий ва бу иш айнан унинг учун аталган бўлиши керак. «Ньюкасл» ёки «Манчестер Юнайтед» Ширер «Блэкберн» клубида порлаб чиққанида, унга икки клуб — «Ньюкасл» ва «Манчестер Юнайтед»дан таклиф тушганди. Алан биринчисини қабул қилди ва бундан ҳеч қачон афсусланмайди. Агарда манкунианликлар таклифига кўниб, «Манчестер Юнайтед»да ўйнаганида, балким Чемпионлар лигасида ҳам, Англия чемпионатида ҳам ғолиб чиққан бўларди. Бироқ у қалб амрига қулоқ солди ва бундан ҳеч қачон надомат қилмайди. — Ўша вақтларда Кевин Киган бошчилик қилган «Ньюкасл» жамоаси жуда кўп нарсаларга қодир эди. Шу сабабли ҳам, «Манчестер Юнайтед»ни эмас, «Ньюкасл»ни танлаб тўғри қилганман, деб ўйлайман. Ўша таклифлар борасида бир сония ҳам иккиланмаганман — мен албатта, «Ньюкасл»да ўйнашим лозим эди! «Блэкберн» сафида Англия чемпиони бўлдим. Балким, клуб мухлисларидан бирортаси «Блэкберн»га содиқ қолмаганим учун мени танқид қилар, аммо ўз уйимга қайтишга ва болалагимдан мухлислик қилган клуб формасини кийишга жуда ҳам иштиёқманд эдим. Бунинг қандай ёмон томони бор? Тўғри, мен «Ньюкасл» билан бирорта ҳам соврин юта олмадим. Шунга қарамасдан, унинг шарафини ҳимоя қилганимдан заррача ҳам афсусланмайман. Бу ерда фаолиятимнинг энг ажойиб дамлари ўтганди. Ширер бу ерда мураббийлик фаолиятининг ҳам энг ажойиб дамлари ўтишини истаганди. Шу мақсад йўлида 2009 йилнинг 4 апрелида клубни қабул қилиб олади. Бироқ ўша куни «Стэмфорд Бриж»да «Челси»га қарши ўтказилган дебют у қадар муваффақиятли чиқмайди. Мавсумнинг қолган еттита учрашувида ҳам, Алан жамоа ўйинига кўрк бағишлашга, унга сайқал беришга уринди. Нимадир ўхшаган бўлса, нимадир ўхшамай қолди. Ўхшамаган жиҳатлари кўпроқ бўлди шекилли, Ширер жамоани премьер лигада олиб қола олмади. Ноанъанавий қарорлар Шунга қарамасдан, Аланда жамоа билан ишлаган вақтидан фақатгина яхши хотиралар қолган. — Ҳар куни турли муаммоларни ҳал қилишга тўғри келарди. Уларнинг орасида кутилмаганлари ҳам учраб турарди. Масалан, кимдир машғулотга кеч қолади, унга қандай чора кўриш мумкин? Шундай йўл тутиш керакки, айби борлигини ҳам ҳис қилсин, шу билан бирга ишчан кайфиятини ҳам йўқотмасин. Интизом масаласида кўп иш олиб боришга тўғри келганди. Кимнингдир зарур иши чиқиб қолади ва жавоб сўрайди. Бундай вақтда мураббий нима қилиши керак? Учрашув вақтида қандай кийинган маъқул? Сафарга чиққанда қайси меҳмонхонада тунаган афзал? Ҳар куни бундай саволлардан бир нечтасига жавоб топишга тўғри келарди. Бироқ шу билан бирга жуда ёқимли ҳам эди. Жамоа йиғинларини жуда яхши кўрардим. Фақат бир ноқулай томони бор эди. Мен ўша вақтда таркибда бўлган футболчиларнинг ярми билан бирга тўп сурганман. Бу ҳолат ёрдам бериш билан биргаликда, муаммоларни ҳам келтириб чиқарарди. Футболчилар мени ўз жамоадошлари сифатида кўришга кўникиб қолгандилар, бироқ энди жамоадаги ўрним ўзгарганди. Шу сабабли, ноанъанавий қарорлар қабул қилишга тўғри келарди. Масалан, Майкл Оуэнни «Энфилд»да «Ливерпул»га қарши ўтказилган учрашувда захирада қолдиришимга тўғри келди. Оқибатда биз 0:3 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Бироқ шу билан бирга Оуэннинг қадрдон клубига қарши ўйнашга тайёр эмаслигини ҳам тушуниб тургандим. Учрашувдан икки кун аввал офисда у билан учрашиб, суҳбатлашиб олгандик. У мени тинглади ва қароримни ҳақиқий профессионалларга хос тарзда қабул қилди. Ўша вақтларда Майклнинг нималарни ҳис қилаётганини яхши тушуниб тургандим. Ўзим ҳам 1999 йилда «Сандерленд»га қарши кечган учрашувда Рууд Гуллит мени захирада қолдирганида, мана шундай ҳиссиётлар оғушида қолгандим. Ўшанда журналистлар Гуллит томонидан учрашувга тақдим этилган рўйхатни «ўлимолди хати» деб атагандилар. Ширер ҳамон «Ньюкасл»га садоқатини сақлаб қолган. У ҳеч қачон клубнинг ички ҳаётида юзага келган муаммолар ҳақида гапирмайди. Ўша муаммолар сабабли, ўйинчиларнинг ҳаммаси ҳам бор кучи билан ҳаракат қилмагани ҳақида бир-икки илмоқли гап билан чекланади. — Клуб учун бор кучини бериб ўйнашни истамаган футболчилар у қадар кўп эмасди — улар бир ёки иккитани ташкил қилардилар, холос. Агарда менга узоқ муддат жамоада қолиш имкониятини берганларида, ишончим комил бундай футболчиларда иштиёқ уйғота олардим. Уларга нима дейиш кераклигини фаҳмлаб тургандим. Мураббий сифатида ишлаган вақтимда бир нарсани тушуниб етдим. Мураббийнинг ишига четдан туриб баҳо бериш билан — унинг ўрнида бўлиб кўришнинг жуда катта фарқи бор экан. 20-25 нафар футболчини бошқариб бориш, уларга отадек бўлиб қолиш осон иш эмас. Бироқ фақатгина шундай ишлай олсанггина, жамоавий яхлитликни юзага келтира олар экансан. Месси ва «масхарабозлар» Алан Ширер дунё футболида ўз ўрнига эга. Аммо, «Ньюкасл» учун буюк футболчи бўлиб қолаверади. Унинг ўрнини боса оладиган ким бор? Ширернинг ўзига қолса, Энди Кэрролнинг номини айтади. «Ньюкасл»дан «Ливерпул»га ўтиб кетган бўлса нима бўпти? Барибир буюк бўлиб қолаверади. — У барчага даҳшат соладиган футболчи, ҳимоячилар учун эса ҳақиқий офатнинг ўзгинаси. У худди Дункан Фергюсон каби улкан қоматга эга ва ҳар қандай ҳимоя чизиғини ҳам сочиб ташлаши мумкин. Бунинг устига, Кэррол анча ёш ва ҳали бор иқтидорини намойиш этиб улгурганича йўқ. Гарчанд жуда гавдали бўлишига қарамасдан, техник жиҳатдан ҳам Эндининг барча ишлари жойида. У ҳар икки оёғидан ҳам, айниқса, чап оёғида жуда кучли зарба бера олади. У билан саккиз ҳафта давомида бирга ишлаганман ва ўша вақтлардаёқ ёрқин келажак кутиб турганини фаҳмлаб олгандим. Ҳали бола бўлишига қарамасдан, профессионал клубга келгани заҳоти машғулотлар вақтида шундай шиддат ва иштиёқ билан ишлардики, ҳатто баъзи вақтларда уни мажбуран уйига қувиб юборишимга тўғри келарди. Ҳозир «Ливерпул»да машғулотлар жараёни қандай йўлга қўйилганидан бехабарман, аммо ишончим комилки, Энди Кэррол Кенни Далглишнинг тажрибали мураббийлиги остида кучли футболчи бўлиб етишади. Ширеннинг Англиядаги севимли футболчисининг номи маълум — Энди Кэррол. Хўш, дунё футболида-чи? Бироқ бу саволнинг ҳам жавобини осонгина топиш мумкин. Ким ҳам бўларди, бугун учта одамнинг иккитаси бундай вақтларда иккиланмасдан Лионель Мессининг номини айтадилар. Криштиану Роналду эса... — Тўғри, Криштиану Роналдунинг трансфер қиймати 80 миллион фунт-стерлинг туради, бироқ шахсан ўзим Мессини бундан ҳам қимматроққа баҳолаган бўлардим. Лионель Мессининг иқтидори шу қадар юқорики, ўз устида ишлашда давом этса, барча вақтлар ва халқларнинг энг кучли футболчисига айланиши ҳеч гап эмас. У ўтган йили нечта гол урганди? Қирқ тўққизтами ёки элликта? Бу йил ҳали мавсум якунлангани йўқ, лекин 52та гол уришга муваффақ бўлди. Унга қарши ўйнайдиган ҳимоячилар жуда тез-тез масхарабоз ролида қолиб кетадилар. У ҳар қандай ҳимоячини ҳам аҳмоқ қилиб кетишга қодир. Шу билан бирга эндигина 23 ёшни қаршилади. Фантастика. У Чемпионлар лигасидаги ҳар қандай кучли рақибга қарши ҳам истаган ишини қилиши мумкин. Кичкина даҳо. У ҳар бир учрашувда ҳам, бир текис юқори савияда ўйнай олади ва бундан ҳайратга тушмай иложингиз йўқ. Балким, мураббийлар унга дам олиш имкониятини беришдан хурсанд ҳам бўларлар, аммо Леонинг ўзи чарчоқни ҳис қилмагандан сўнг, улар нима ҳам қилсинлар? У ҳар бир учрашувда худди мактабдаги дўстлари билан футбол ўйнагани чиққандек ҳаракат қила олади. Айнан шу нарса менга жуда ёқади. Кичкина даҳо. Бошқа таърифга ҳожат йўқ. Зафар Қосимов Манба: «Чемпион» газетаси Прикрепления: Rasm 1 | |
|
Всего комментариев: 0 | |