Одил Аҳмедов — терма жамоамизда ўз ўрнига эга бўлган футболчи. Аммо, бугун у Ўзбекистон сафида майдонга туша олмайди. Сабаби оддий, қисқа вақт ичида бўлиб ўтадиган иккита ўртоқлик учрашуви ва улар ўтказиладиган жой оралиғидаги катта фарқ бундай қилишга йўл қўймайди. Мураббийлар штаби келишган ҳолда, Украина ва Хитойга чақириладиган легионерларни иккига бўлишга қарор қилдилар. Ким қаерга яқин жойда ўйнаса — ўша ерга боради.
Ким билади дейсиз, балки бу тўғри қарордир. Нима бўлган тақдирда ҳам, Одил бугун майдонга туша олмайди. Унинг ўрни билиниши аниқ — Украинага қарши кечган баҳсда Одил жамоамиз ўйинини бошқариб турди. Бежизга рақиб футболчилари ҳам ўйиндан сўнг берган интервьюлари вақтида Одилни алоҳида таъкидлаб ўтмадилар.
Бироқ, етакчи футболчимизнинг бугун ўйнамаслиги, Ўзбекистон терма жамоаси салоҳиятига у қадар катта таъсир ўтказмас экан. Иқтидорли футболчимизнинг отаси Олимжон Аҳмедов билан суҳбатлашганимизда, Хитойга қарши кечадиган ўйинда янгидан қўшиладиган легионерларимиз кучига ишонишини айтиб ўтди.
— Олим ака, Одилнинг Украинага қарши кечган учрашувдаги ҳаракатларидан кўнглингиз тўлдими? — Афсуски, ўша учрашувни кўра олмадим, аммо ёру-биродарлардан ўғлимнинг ўйини ҳақида эшитиб турибман. Ҳамма биринчи бўлимни мақтади, аммо иккинчи бўлимда Украина кучлилик қилибди.
— Одилнинг Россия биринчилигидаги ўйинлари ҳақида нима дея оласиз? — Аввалига барчаси яхши кетаётган эди. Аммо, охирги турларга келиб, Одилни заҳирага олиб қолганларидан ҳайрон қолдим. Аслида ўғлимнинг энг асосий танқидчиси мен бўламан. Шунга қарамасдан, узоққа кетгандан сўнг, баъзи гапларни айтишга ўйланиб қоларкансан. Нимага ундай бўляпти, қандай муаммолар бор, деб бир-икки сўрадим, аммо бафуржа гаплашишга, уни ҳадеб тергайверишга кўнгил бўлмаяпти. Бунинг устига онаси ҳам ўғлимнинг кўнглига қарашимни сўрамоқда. Ахир унга биз далда бўлмасак, руҳини кўтармасак бўлмайди-да. Кейинги учрашувлар учун руҳан тетик бўлиши, яқинларининг ишончини ҳис қилиши керак. Шунга қарамасдан, "астойдил ишламасанг, ўсишдан тўхтаб қолишинг, кучлироқ клубга ўтишда қийналишинг мумкин”, - деб айтиб тураман.
— Бугунги ўйинда Одил ўйнамайди. Мухлис сифатида айтингчи, Ўзбекистон терма жамоаси усиз қандай ўйин кўрсатаркин? — Одил ва бошқа легионерларнинг Хитойга бора олмасликлари билан терма жамоамиз кучсизланиб қолади, деб ўйламайман. Ахир уларнинг ўрнига савия ва салоҳият томонлама кам бўлмаган бошқа футболчилар — Жепаров, Кападзе ва Гейнрихлар келадилар. Бу футболчилар ҳар доим бир-бирларини яхши тушуниб келганлар. Бунинг устига миллий биринчилигимизда тўп сурадиган йигитлар ҳам анойи эмас — улар Жанубий Кореядан келадиган легионерлар билан биргаликда асли кучимизни кўрсата олишларига умид қиламан. Ўғлим ўйнаши ёки ўйнамаслигидан қатъий назар — ҳар доим Ўзбекистон терма жамоасига омад тилайман. Ҳар бир ўзбекистонлик сингари мен ҳам терма жамоамиз ғалаба қозонишини истайман.
Манба: www.uff.uz
|