Seshanba, 08 Июля 2025, 04:41:25
Xush kelibsiz Гость | RSS Xabar | Registratsiya | Kirish
16:11:31 Учтаси биттада ёхуд янги либоснинг йиртилиши | |
Ўтган ҳафтани Ўзбекистон миллий терма жамоасига аталди деб бемалол айта оламиз. Чоршанба куни Украина билан якшанба куни Хитой термалари билан ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Иккаласида ҳам ютқаздик. Кечаги мағлубият терма жамоамиз учрашувларидаги қаторасига бешинчи мағлубиятдир. Наҳотки, Осиё Кубогидаги ярим финалгача бўлган натижа тасодиф бўлса? Ундай эмасдир ... Бугун душанба, футболсевар дўстлар! Ёз фаслининг биринчи душанбаси. Келаси ҳафтадан бошлаб Мексика-2011 баҳслари бошланади. Унда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси қатнашишидан хабарингиз бор. Бугун у ҳақида маълумот бермаймиз. Унга улгурамиз, ҳали. Бугун гапирадиган гапларимиз бошқа. Бугун эртага чиқадиган "Чемпион" газетасидан анонслар берамиз. Сабаби, сешанба кунги газетада ўз тарихидаги энг кучли сонлардан бири бўлишга давогарлик қилади. Қаҳрамон Аслановнинг иккинчи "дихание"си очилиб кетса денг. Бири-биридан қизиқ саҳифалари билан эртага хонадонингизга кириб келади. Зоҳиджон Олов бўлса, киришни "ёқиб" юборган. Олимхўжа Бўронов ўзининг расмий хабарлари ва эксклюзив материаллари билан сизни шошириб қўяди. Қайси бирини ўқишни билмай қоласиз. Зафар Қосимов ҳар доимгидек кичкина-кичкина "санъат асарча"ларини ёзиб ташлаган. Зафар оддий ёза олмайди. У қалбининг бир бўлагини қўшиб ёзади. Азамат Муродов шарҳларни худди Ўзбекистон терма жамоасининг мураббийидек чил-парчин қиворган. Аҳмад Юсуповдан галдаги "сюрприз" бор. Хушнуд Худойбердиевнинг қаҳрамони "Қоравой - 2"да Қаршидан қайтиб келади. Келинг, бир четдан бошладик бўлмаса ... ***** ФУТБОЛ ФОНОГРАММАСИ ... Қўшиқ билан футболни бир-бирига солиштириш бир қарашда кулгили туюлади. Бироқ айрим хонандаларимиз концерт манзили сифатида стадионларни танлашгач, бу икки санъат ўртасида қандайдир алоқадорлик пайдо бўлгандек... Биргина машҳур хонанданинг ўзи стадионни тўлдириб, қийқириқлар гирдобида қолдираётган вақтда йигирма икки нафар футболчининг майдондаги «каромат»ларини кузатиш учун қарийб ҳеч ким келмаслигига кўникиб бораяпмиз. Бинобарин, футбол ўйингоҳлари хонандаларнинг концерт ўтказишлари учун эмас, «миллионлар ўйинлари» ўйналиши учун қурилади. ... Ҳеч эътибор берганмисиз, футбол майдонида концерт қўяётган бугунги хонандаларимиз масофали микрофонларни кўтарганча янги туғилган бузоқлар каби стадионни икки соат мобайнида гир айланиб чопқиллаб юришади-ю, бироқ негадир бир сония ҳам ҳансирагани эшитилмайди. Югуриб суяги қотган бизнинг футболчиларимиз эса қирқ беш дақиқа чопса, сув терига тушиб, тили осилиб қолади. Бу тескари ҳолатнинг сабаби нима? ҚИЗ ТОМОН Терма жамоамиз йиғинларига легионерларни жалб қилиш ҳеч қачон кўнгилдагидек бўлмаган, барибир нимадандир норози қолганмиз. Осиё мусобақалари Европа тақвимига мослашиб олгани ҳам муаммоимизни тўлиқ ечмади, барибир ҳар доим кимдир четда қолаверади. Агар ФИФА терма жамоалар учун ажратиб берган кунлардан максимал фойдаланишга шароит яратиб берганлигини, ҳар қандай шароитда клуб футболчини терма жамоаси ихтиёрига қўйиб юборишга мажбурлаётганини эътиборга олсак, бу муаммо қаердан келиб чиқаётганини тушунишимиз янада оғирлашади. ... Нега айнан биз билан бундай муаммолар чиқаверади? Вазият фақат мана шу йиғин борасида эмас. Бир нарсани аниқ ишонаман, эртага Қирғизистон билан ўйнашимиз керак бўлганда ҳам, Абрамов оптимал таркибни йиғмайди ва Қирғизистон терма жамоаси аслида у қадар кучли эмаслигини-ю, ўртачароқ таркиб билан натижага эришиб, бахонада баъзи синовлар ўтказиб олинганлигини важ қилади. Хўжайин у! Розимиз. Аммо ... ЭСКИ ЧОРИҒИНИ КИМ УНУТДИ? Қаричилик. Олтмиш бешга чиқиб кўздан қола бошладим. Аввал яқинни кўролмай қолдим. Энди узоқни ҳам кўролмай қоляпман. Ён чўнтагимда икки хил кўзойнак йўлларимда менга ҳамроҳ бўляпти. Шуларни тақиб футбол ўтмишимизга, яъни яқин ва узоқ ўтмишимизга тикилиб қарай, бир нима кўринармикан? ЯМОҚЧИЛАР Халқимиз атоқли, ардоқли ўғлонларини бой деб чақиришга ўрганган. Масалан Азимбой, Оқилбой, Қодирбой. Жайдари одамларни «вой» қўшимчаси билан чақиришган: Жўравой, Эшматвой, Тошматвой. Баёнимда шу анъанага амал қиламан. Вадимбой ўғлимиз термага келгунига қадар, Бош жамоамиз йиллар оша бир хил таркиб тасвирига эга эди. Вадимбой келгач, бошқа бир тасвирга ўтиб олди. Унгача ҳамма ямоқчилик билан шуғулланди. Ўзидан олдин мавжуд бўлган Ўзбек футбол либосини олиб уни ўзгартмай-нетмай йиртилган, сўкилган жойларига ямоқ солиш билан овора бўлишди... ЯНГИ ЛИБОСНИНГ ЙИРТИЛИШИ Вадимбой танқид ёмғири остида термада ишлай бошлади... ЭШШАК МИНГАН ЧАВАНДОЗ Мана беш ой ўтди. Терма жамоамиз неча марта, қандай мақсадда йиғинлар ўтказди? Черногория билан ўртоқлик учрашуви учун 23 мартдан бошлаб тўрт кун муддатга йиғилди. Сўнгра 30 март ФИФА берган имконият кунидан воз кечиб, тарқаб кетишди. Шундан сўнг уч ой давомида ҳеч ким билан йиғин ўтказмадик. Яхшиям ... ЯШИЛ МАЙСА МУРАББИЙЛАРИ Терма тайёргарлиги қандай шаклда кетяпти? Шу каби камчиликларни қандай тузатишяпти. Ўйинчиларни уч ойга тарқатиб юбориб, майдонда майсага мураббийлик қилдикми? Киевга кетишдан ... ЎЗБЕК ФУТБОЛИ ИЧИДАГИ ЭНГ ТАЪСИРИ КУЧЛИ ШАХСЛАР. ТОР-30 Бугунги мавзуимиз бир мунча бошқачароқ. Ўзбек футболи атрофига разм соламиз. Аниқроғи, футболимиз ичидаги шахлар хусусида гаплашамиз. Ҳар бир мамлакатнинг футболига алоқадор шахслари бўлади. Айнан ўшалар давлат футболининг ривожига бевосита ва билвосита ҳисса қўшадилар ёки умуман қўшмайдилар. Шундай шахслар ўзбек футболида ҳам бор. Эътиборингизга мамлакатимиз футболининг ривожига таъсир қила оладиган 30 та шахс ҳақида маълумотни келтирамиз... МАКСИМ ШАЦКИХ: ЁШЛАРГА ЙЎЛ БЕРИШ ВАҚТИ КЕЛДИ Украинага қарши кечган учрашув тугагач, Максим Шацких борасида кутилмаган хабар тарқалди. Шацких терма жамоадаги фаолиятини тугатган эмиш... Кейинроқ бу хабар Максимнинг ўзидан эмас, унинг рафиқаси Олеся Шацкихдан чиққани маълум бўлди ва ҳужумчининг ўзи ҳам унга изоҳ бериб ўтди. Унинг айтишича, дарҳақиқат терма жамоадаги фаолиятини тугатишга чоғланиб турган, аммо Украинадаги ўйин хорижлик ҳамкасбларимиз (шунингдек турмуш ўртоғи ҳам) айтгани сингари охирги учрашув бўлмас экан. Максим Тошкентда ўтадиган учрашувлардан бирида миллий терма жамоа билан хайрлашиш эҳтимоли мавжудлигини таъкидлаб ўтди. ЎЗБЕКИСТОН ВА "БАРСЕЛОНА" ЎРТАСИДА ҚАНДАЙ ФАРҚ БОР? Украина терма жамоаси ҳужумчиси Андрей Шевченко Ўзбекистонга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидаги 2:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг, ўз фикрларини билдириб ўтди. Учрашув тугагач, украиналик ҳамкасбларимиз Шевченкони кийиниш хонаси яқинида кутиб турдилар. У энг биринчилардан бўлиб кийиниш хонасидан чиқди. Яқиндагина Ислом Тўхтахўжаевдан зарба еган оёқлари азоб берарди шекилли, оқсоқланганча борарди. Аммо ... ҚОҒОЗ УЯТДАН ҚИЗАРМАЙДИ Яқинда «Чемпион» газетасида футбол агенти Санъат Шарипов билан уюштирилган суҳбат чоп этилди. Интервью жанридаги ушбу мақола жуда кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Энг аввало, мамлакатимизда замонавий футболда тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган агентлик фаолияти билан шуғулланувчи мутахассисларнинг етишиб чиқаётгани кишини қувонтиради. Бу каби материалларнинг газета саҳифаларида эълон қилиниши юртимизда мазкур соҳага қизиқувчи ёшлар сафини янада кенгайтиради. Бу эса ўз-ўзидан ўзбекистонлик чарм тўп усталарининг хориж клубларида тўп суриш имкониятини оширади. НОМУС ҚАБРИСТОНИ ФИФАнинг заррача обрўси қолган деб тасаввур қиладиган бўлсак, сўнгги кунлардаги жанжалли воқеалар унга нисбатан қаттиқ зарба бўлди, деб бемалол ҳисоблашимиз мумкин. Бу тақлид жанжал ташкилот тарихида илк маротаба бўлаётган бўлганида ҳам, иштирокчиларнинг эътиборли номлари ва амалларининг салмоғи нуқтаи назаридан ҳам ташкилотга нисбатан ҳурматни сақлаб қолиши мумкинлигига ишониш қийин. Аслини олганда ФИФА ўз эътиборини аллақачон ... «ҚИЗИЛЛАР»ГА БЕРИЛГАН МУКОФОТЛАР «Ливерпуль» — ажойиб жамоа. Унинг мухлислари нафақат бутун дунёда, балки юртимизда ҳам талайгина топилади. Афсуски, мерсисайдликлар келаси йил ҳам ЕЧЛда иштирок этмайдилар. Шундай бўлса-да, бу клубнинг фанатлари камайиб қолмайди. Тўғри, «қизиллар» мавсум бошида мазмунли ўйин ўтказа олмадилар. БАРҚАРОРЛИК ТИМСОЛИ Эдвин ван дер Сарни Луи ван Галдан яхшироқ биладиган мутахассис бўлмаса керак — дарвозабон айнан унинг бошқаруви остида «Аякс»нинг асосий таркибига кириб келди, илк марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди ва... 2002 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасини бой берди. Шундай экан, афсонавий дарвозабонга Луи ван Галдан ўтказиб таъиф берадигани йўқ: Ван Гал эса уни... «сунъий» дарвозабон деб атаганди. Сунъий дарвозабон... "ҚОРАВОЙНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ - 2" Қаршидан қувилган Қоравой бир замонлар олисда, Тошконддан уч юз чақирим берида Қозоқ бийларига қарашли овулларда «легионер»лар мўл-кўлчиликда яшашлари, еганлари олдида, емаганлари кетида бўлишларини зўр мароқ билан эшитган эди. Айниқса, дўсти Омоннинг ўша ўлкада бир неча маротаба мамлакат чемпиони, кубок ва Суперкубок соҳиби бўлганлиги ва Тошконга кўп пул билан қайтиб келганини эслади. – Нима қилиб бўлса ҳам, «Тобол»ми, «Жетису»ми, биронтаси билан тезроқ шартнома имзолашим керак, деб ўйлади хаёллари оғушида орзиқиб кетган Қоравой. У КИМ ЭДИ? Бўм бўш зал. Ярим бели ер остида. Деразалар шифтга тақалган. Ердан ўсиб чиққан тўрт қирра устунлар шифтни тешиб ўтиб кетаётгандек. Қўққайган устунларни кимдир зал сатҳига билар билмас экиб қўйгандек туюлади. Чап томонда супа бор. Қаршисида курсилар қаторлашган. Залда ҳечким йўқ эди. Кутмоқдаман. Беш кун умрим ҳаёжон билан ўтди. ЎФФ мени ... МАСЪУЛИЯТ Халқимиз орасида «Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан», деган ибора мавжуд. Ушбу иборанинг нечоғлик ҳақиқат эканини она юртидан узоқда бўлиб кўрган инсонгина ҳис қила олади. Бу гапларнинг футболга алоқаси борми, йўқми, аммо ожиз фикрим қайсидир маънода борлигини исбот қилишга уринмоқда. 2007 йили Хаж сафарини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонининг икки муборак шаҳрида бўлиш шарафига мушарраф бўлдим. Ўша сафарим давомида кўрган кечирганларимни қаламга олишга қарор қилдим. Азалдан футболга мухлисман. Зиёрат асносида ҳам табиийки, футболга алоқадор ҳолатлар бефарқ қолдирмади. Кўча кўйда маҳаллий аҳолини турли клублар — «Реал», «Барса», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» каби жамоалар либосларини кийиб юрганларини кўрдим. Бундан ажабланишнинг кераги йўқ, ўзимизда ҳам бундайлар етарлича топилади. Аммо, бошқа бир ҳолат эътиборимни тортди. Биздагидан фарқли ўлароқ, араблар ўз маҳаллий футболчилари — Ёсир Ал Қаҳтони ва Сауд Харирий каби юлдузларнинг либосларини ҳам ифтихор ила кийиб юрар эканлар. Ана шундай мухлислардан бири билан суҳбатлашиб қолдим. ***** Мана шунақа гаплар. Уч нуқталар ўрнини сешанба тонгида билиб оласиз. Газетанинг қолган саҳифалари ҳам бемалол тош босади. ТЕШАВОЙдан яна битта классик асар бор. Руний шеърлари, Ҳасанали отанинг Абрамов ҳақидаги куйиниш аралаш ёзганлари, мухлисларимизнинг энг сара фикрлари битта сонга жой бўлган. Юртимизда футболга оид газеталар кўп. Ҳар бирининг ўзига хос олами бор деб кўп айтганмиз. Уларнинг солиштириб кўриб, маъқулини танлаш сизнинг ҳукмингизда. Эртага газетага сарфлаган вақтингиз ва маблағингизга ачинмайсиз. Келаси ҳафтадан бошлаб, Мексика-2011 бошланади. Ажойиб бир нарсани ҳозирлаб қўйганмиз. Бу ҳақида эртага "Чемпион"дан билиб оласиз. Душанба кунида ишларингиз бароридан келсин! Прикрепления: Rasm 1 | |
|
Всего комментариев: 0 | |